Амударё ва Сирдарё ҳавзасида жойлашган мамлакатимизда сувчиларнинг машаққатли хизмати эвазига далаларга обиҳаёт етказиб берилиб, экинлардан мўл ҳосил олинмоқда. Бозорларимиз йилнинг тўрт фаслида ҳам тўкин, дастурхонларимиз ноз-неъматларга тўла, турмушимиз йилдан йилга фаровонлашиб бормоқда.

Президентимиз ташаббуси билан сув хўжалиги соҳасини комплекс ривожлантириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, жумладан, рақамли ва сув тежовчи суғориш технологияларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада улкан натижаларга эришилмоқда. 

Сув хўжалиги соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан белгиланган прогноз кўрсаткичлар ҳамда индикаторлар ижросини таъминлаш, кўзланган мақсадлар юзасидан натижадорлик ва самарадорликка эришиш негизида ўз ишига муҳаббат, ватанпарварлик, фидойилик, садоқат, қатъий интизом, юксак масъулият каби сифатлар турибди.

Соҳада меҳнат қилаётган ишчи-хизматчилар, мироблар, машинист, экскаваторчи ва бульдозерчилар, барча ходимларнинг ҳаёти даражаси ва сифатини ошириш борасидаги ислоҳотлар натижадорлиги бевосита уларни амалга оширишга қаратилган ҳужжатлар ва қарорларни ижро этиш бўйича интизомнинг қатъийлигига боғлиқ.

Давлатимиз раҳбари ижро интизоми йўналишида мустаҳкам тизим яратиш, тартиб ўрнатиш, темир интизомни жойига қўйиш, раҳбарлар ва ходимларнинг дунёқарашини ўзгартиришни асосий вазифа сифатида белгилаб берган. Шу мақсадда вазирлик марказий аппаратида ҳамда унинг тасарруфидаги республика ва тизим ташкилотларида ижро интизомига риоя этилиши, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Президент Администрацияси раҳбари ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан вазирликка юклатилган топшириқлар ижроси давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 25 июлдаги “Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, жума кунлари вазирнинг ижро интизомига масъул ўринбосари, душанба кунлари вазир ҳузурида ҳамда ҳар ой якуни билан вазирликнинг ҳайъат йиғилишларида, шунингдек, ҳар душанба ва пайшанба кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош ­вазирининг маслаҳатчиси ҳузурида мунтазам равишда танқидий руҳда муҳокама қилиниб, унинг ижросини белгиланган муддатларда, тўлиқ ва сифатли таъминлаш бўйича зарур чоралар кўриб борилмоқда.

Вазирликка юклатилган топшириқлар ижроси юзасидан ҳар ойда календарь-режа ҳамда “йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, ижро учун барча даражадаги раҳбар ва масъул ходимларга етказилмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Президент Администрацияси раҳбари ва Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари ижросини белгиланган муддатларда, тўлақонли ва сифатли таъминлаш, қатъий тартиб, интизом ва тизимли назорат ўрнатиш мақсадида вазирликда республика штаби ташкил этилган.

Республика штабининг йиғилиши ҳафтасига камида икки маротаба ZOOM платформаси орқали видеоконференцалоқа шаклида ўтказилиб, унда вазирнинг барча ўринбосарлари, вазирлик марказий аппаратининг бошқарма ва мустақил бўлим бошлиқлари, вазирлик тасарруфидаги республика ва тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирок этмоқда.

Бундан ташқари, ижро интизомини янада мустаҳкамлаш мақсадида ҳар ойда бир маротаба ZOOM платформаси орқали ­видеоконференцалоқа шаклидаги ўқув-амалий семинарлар ташкил этилиб, вазирликнинг тизим ташкилотларида ижро интизомига масъул таркибий бўлинма раҳбарлари ҳамда мутахассисларининг билими ва кўникмаcи оширилмоқда.

Топшириқлар ижросини назорат қилишнинг энг муҳим воситаси жамоатчилик иштироки ва тартиб-интизомдир. Шу боис, вазирлик ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши томонидан “жамоатчилик эшитуви”, “жамоатчилик мониторинги” тизими жорий қилиниб, бу жараёнга фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролар фаол жалб этилмоқда.

2025 йилда вазирлик томонидан жами 2658 та (Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг 2058 та, Президент Администрацияси раҳбарининг 88 та, Вазирлар Маҳкамасининг 512 та) топшириқ ижроси тўлиқ таъминланган.

Ижро интизоми соҳасида фаолиятимиз давомида чиқарган асосий хулосамиз шуки, ижро интизоми янги Ўзбекистондаги кенг қамровли ислоҳотларнинг талаби, бугунги ўзгаришларнинг асосидир. Шу боис, сув хўжалиги соҳасига оид топшириқлар ижросини таъминлашда барча даражадаги раҳбар ва мутахассисларнинг билими ва кўникмасини, тартиб-интизомга қатъий риоя этган ҳолда шахсий масъулиятини доимий ошириб бориш устувор вазифа.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 апрелдаги тегишли қарори билан тасдиқланган сув хўжалиги вазири ва ўринбосарларининг 2025 йилга белгиланган фаолияти самарадорлиги ҳамда мақсадли кўрсаткичларга эришилишини таъминлаш борасида муайян ишлар қилинди. Хусусан, сув хўжалиги вазири ва ўринбосарларининг 2025 йил учун белгиланган мақсадли кўрсаткичлари қуйи, ўрта ва юқори бўғинлар кесимида таҳлил қилиниб, ҳар чорак якуни бўйича вазирликнинг ҳайъат йиғилишларида муҳокама қилинди. Натижада сув ресурсларини бошқариш соҳасида қатор самарадорликка эришилди. Жумладан:

— қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун республика бўйича 40,2 миллиард куб метр сув етказиб берилди;

— ирригация тармоқлари ҳамда насос станциялари ва суғориш қудуқларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида тадбиркорлик субъектларига фойдаланишга бериш бўйича 1397 та лойиҳа амалга оширилди;

— инвестиция дастури доирасида 121,5 миллион долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилди;

— давлат бюджетидан ажратилган 1227 миллиард сўм ҳисобидан 500 километр ирригация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилди;

— 148,4 километр узунликдаги суғориш тармоқлари тозаланди ҳамда 294 та гидротехника иншооти, 651 та гидропост ва 25,4 километр канал дамбаси таъмирланди;

— тизимдаги ташкилотлар ҳисобидаги 6094 та гидропост паспорти расмийлаштирилди, 704 та сув ўлчаш воситаси (вертушка) тарировка ва қиёслаш кўригидан ҳамда 1345 та гидропост аттестациядан ўтказилди.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг 679 минг гектарида сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинди. Пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини қўллаган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга 290 миллиард сўм субсидия ажратилди.

Сув хўжалиги объектлари фойдаланувидаги 90 минг гектар ер давлат рўйхатидан ўтказилди. Вазирлик тизимидаги насос станцияларида 150 та эскирган насос агрегати янгисига алмаштирилди. Шунингдек, сув хўжалиги иншоотларида реал вақт режимида сувни назорат қилиш ва ҳисобини юритиш имконини берувчи 2602 та “ақлли” сув қурилмаси ўрнатилди.

Бундан ташқари, 12 та сув хўжалиги объекти автоматлаштирилган бошқарувга ўтказилиб, умумий рақамлаштирилганлик даражаси 73 фоизга етказилди. Сув омборлари ва бошқа йирик сув хўжалиги иншоотларида 7 та назорат-ўлчаш ускунаси ҳамда хабар бериш тизимларини модернизация қилиш, тиклаш ва янгилаш ишлари бажарилди.

Соҳага оид 36 та илмий тадқиқот, тажриба-конструкторлик иши амалга оширилди, илмий асосланган услубий қўлланма ва тавсиялар ишлаб чиқилди ҳамда дала шароитида сувни ўлчаш бўйича 350 та ўқув-семинар ташкил этилди.

Сув ресурсларини бошқариш, ҳисобини юритиш, гидротехника иншоотлари ва насос станцияларидан фойдаланиш бўйича сув хўжалигининг 2000 нафар ходими малакаси оширилди. Сув ресурсларини самарали бошқариш, сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, ирригация тадбирларини амалга ошириш, ерни лазерли текислаш, агротехника тадбирларини ўтказиш ҳисобидан йиллик 10 миллиард куб метр сув тежалишига эришилди.

“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 886 та объект бўйича умумий қиймати 1,2 триллион сўм бўлган 1850 километр суғориш тармоғи бетонлаштирилди, 202,1 километр лоток тармоғи, 385,2 километр қувур, 840 та суғориш қудуғи қурилди ҳамда 436 та насос агрегати ўрнатилди. Натижада 494,3 мингта хонадонда истиқомат қиладиган аҳолининг 321 минг гектар томорқа майдонида сув таъминоти яхшиланди.

Давлатимиз раҳбари 2025 йил 23 сентябрь куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида сув ресурслари тақчиллиги муаммосига тўхталар экан, Ўзбекистонда Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказиш режалаштирилгани, мазкур анжуман якунлари бўйича Сув инқирозини барқарор тараққиёт учун жиддий таҳдид сифатида белгилаш ва бу борада глобал даражада инновацион технологияларни жорий этиш учун алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилиш лозимлигини таъкидлади.

Бугун республикамиз бўйича 2,6 миллион гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилиниб, уларнинг умумий кўрсаткичи суғориладиган ер майдонларига нисбатан қарийб 60 фоизга етказилди.

Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Сув кодекси қабул қилинди. Кодекс билан сув муносабатлари соҳасида мамлакатимиздаги асосий ҳуқуқий ҳужжатлар тизимлаштирилди. “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 8 та фармони ва 14 та қарори ҳамда ҳукуматнинг 26 та қароридаги нормалар бирлаштирилди.

Янги кодекс сув, сув объектлари, сув хўжалиги объектлари ва сув фонди ерларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ҳамда Стратегик ислоҳотлар агентлиги билан ҳамкорликда вазирлик марказий аппарати, вазирлик тасарруфидаги республика ташкилотлари, ўрта ва қуйи бўғин тизим ташкилотлари раҳбарлари ҳамда барча мутахассислари иштирокида Сув хўжалиги вазирлигининг ZOOM платформаси орқали видеоконференцалоқа шаклида иқтисодий ўқув ўтказилиб, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидан келиб чиқиб, вазирлик томонидан амалга ошириладиган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан барча даражадаги раҳбар-ходимларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлиги белгиланди.

Мурожаатномада бешинчи устувор йўналиш сифатида белгиланган экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида давлатимиз раҳбари билдирган таклифлар асосида “Ўзбекистон — 2030” стратегияси билан вазирликка 4 та асосий йўналиш: сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини ва сув ишлатиш самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш, ирригация тизими ва сув тежовчи технологияларни ривожлантириш, соҳа бошқарувига хусусий сектор ва давлат-хусусий шериклик механизмларини ҳамда “яшил” энергия технологияларини кенг жорий қилиш доирасида насос станцияларининг электр энергияси истеъмолини камайтириш бўйича юклатилган вазифалар қайтадан кўриб чиқилиб, янги марралар белгиланди.

Халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилишни ўзининг эзгу амали ва касбий бурчи деб билган сув хўжалиги ходимлари учун ижро интизоми — иш самарадорлигини таъминловчи энг муҳим ҳамда асосий фаолият мезонларидан бири. Шу боис, соҳа ходимлари давлатимиз раҳбари, Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан вазирликка юклатилган топшириқлар ижросини белгиланган муддатларда, тўлақонли ва сифатли таъминлаш бўйича садоқат, фидойилик, қатъият ва талабчанлик асосида ишларни давом эттирмоқда.

Шавкат ҲАМРОЕВ,

сув хўжалиги вазири