Бугун тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, олис ва чекка ҳудудларда ҳам аҳолининг малакали тиббий хизмат олиши учун шароит яратишга жиддий эътибор қаратиляпти. Шу мақсадда тиббиёт тизимида мутлақо янги механизмлар жорий этилмоқда. Президентимизнинг ўтган йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, 2021 йилдан жорий этилган “Қишлоқ шифокори” дастури мана шундай ўзига хос янгиликлардан бири.

Олис ва чекка ҳудудлардаги тиббиёт сифатини янги босқичга кўтариш мақсадида қабул қилинган ушбу дастур ижроси бугун амалиётда ўз ифодасини кўрсатмоқда. Навоий вилояти марказидан 200 километр узоқликда, Қизилқум саҳросида жойлашган “Боймурод” овулида ҳам узоқ йиллар оилавий шифокорга эҳтиёж бор эди. Бугун ёш мутахассис Шерзод Бафоев овулдаги оилавий шифокор пунктида иш бошлаб, аҳолининг саломатлигини сақлашга ҳисса қўшишга киришган.

Бурч, вазифа, фахр

Шифокорнинг илк таассуротлари билан ўртоқлашар эканмиз, аввалига бу ерга келишга иккиланганини яширмади. “Шароит қандай?”, “Овулда ишлай оламанми?”, “Маҳаллий аҳоли қандай кутиб оларкин?” деган табиий саволлар Шерзодни ўйлантирган бўлса-да, ўз олдига қўйган мақсад, фидойилиги бу иккиланишлардан устун келди.

— Мен иш бошлаган олис овулда анчадан буён шифокор ишламаган. Одамлар хасталанса, узоқ масофага боришга мажбур бўлган. Маҳаллий аҳолини ҳам малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Шу мақсадда бу ерга ишлагани келдим. Бунинг учун ҳамма шароит борми, демак, узоқ масофанинг аҳамияти йўқ. Мен учун элга хизмат қилиш — бурч, вазифа, фахр”, — дейди ёш мутахассис.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, “Қишлоқ шифокори” дастури ижроси учун 2021 йилда давлат бюджетидан 20 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ажратилади. Тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасасини тамомлаган мутахассислар олис ва чекка ҳудудларда жойлашган шифокор пунктлари ёки оилавий поликлиникаларига ишлаш учун борадиган бўлса, уларга камида 3 йил ишлаб бериш шарти билан 30 миллион сўмлик бир марталик пул маблағи ажратилади, қолаеверса, хизмат уйи билан таъминланади ёки ижара тўлови компенсация қилинади.

Маълумотларга кўра, дастур жорий этилганидан бошлаб, ҳозиргача 41 нафар тиббиёт ходими 51 ставкага ишга қабул қилинди. Шу билан бирга, ҳозирча 16 нафар, яъни Навоий вилоятида — 7, Сурхондарёда — 3, Фарғонада — 4 ва Хоразм вилоятида — 2 нафар тиббиёт ходимига 30 миллион сўмдан пул маблағи тўлаб берилди.

Энди боймуродликлар олис йўл босиб,

шифокор кўригигa бормaйди

Конимех туманидаги Боймурод оилавий шифокорлик пункти вилоят марказидан олисда жойлашган бўлиб, ҳудуд аҳолиси учун тажрибали мутахасс сув ва ҳаводек зарур эди. Маҳаллий аҳоли шу кунгача тиббий хизматдан фойдаланиш учун туман маркази ёки Навоий шаҳрига қатнарди.

— Овулимизда шифокорнинг иш бошлаши кўнглимизни тоғдек кўтарди, — дейди Қундуз Бўронова. — Энди биз шундай шифокоримиз борлигидан жуда хурсандмиз,

Сифатли тиббий хизмат ҳар бир инсоннинг кайфиятига, эртанги кунга бўлган ишончига таъсир қилади, десак янглишмаймиз. Худди шундай 3000 нафар аҳолига эга Боймурод овулидаги тиббий хизмат сифатидаги бўлаётган ўзгариш, маҳаллий аҳолини ҳақиқатан мамнун қилгани рост.

— Тўғрисини айтайин-да. шу вақтгача бизнинг зонага дўхтир четдан келмаган. – дейди меҳнат фахрийси Маҳмуд Тангриқулов. — Қариялар бор, невараларимиз бор. Улар касал бўлиб қолса, биринчи навбатда, “Энди қаерга олиб борамиз?”, деган хаёл ўтарди. Қалб изтиробга тўларди. Марказимизгача 200 километр. У ерга бориб келиш осон эмас. Мана энди дўхтир келиб, қувончимиз ичимизга сиғмаяпти. Оллоҳга минг қатла шукрлар айтамиз,

Овулнинг яна бир оқсоқолларидан бири Серимхал Мирқиёсовнинг фикрича, бу ислоҳотларнинг амалий меваси. Мана шундай ташаббусларга бош-қош бўлаётган Президентимизга минг раҳмат.

Бирламчи бўғинда янги иш услуби — “Тиббий бригадалар” тизимининг жорий этилгани ҳам соҳада олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишга туртки берди. Энг муҳими — ёш шифокорлар ҳам бу ислоҳотлар даъватига “лаббай”, дея жавоб беряпти.

— Янги тизимнинг яхши томони, халқнинг ичига ўзимиз кириб борамиз, — дейди Шерзод Бафоев. — Aсосий иш вақтим оилаларда ўтмоқда. Натижада, ҳар бир киши қамраб олинади.

Чўл ҳудудида ёз кунлари жуда иссиқ, қишда эса, аксинча, ўта совуқ. Шунинг ҳисобига юқори нафас йўллари касаллиги кўпроқ учрайди. Бундан ташқари, гўшт маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилингани туфайли бу ердаги аҳолида қон босимининг кўтарилиши ҳам кам эмас. Профилактика-соғломлаштириш ишларини тўғри йўлга қўйсак, албатта, ҳаммасининг олдини олишимиз мумкин.

Шифокор келгaндaн бери

ёшлaр нинг бу касбга қизиқиши ортди

Aлбатта, дастурнинг аҳамиятли томонлари бисёр. Улардан яна бири — чекка қишлоққа олий маълумотли шифокор келиб, овул болаларида илмга қизиқишини кучайтираётгани. У ердаги ота-оналар билан суҳбатда бунга амин бўлдик.

— Шифокор укамиз келгандан бери ёшларда бу касбга қизиқиш ортган, ундай бўлишга интилиш кўпайган, — дейди Қундуз Бўронбоева. — Барибир ёшлар кимдандир ибрат олиши керак-да. Шифокордан ўрнак олса, жуда ҳам яхши. Демак, энди мутахассисларнинг чекка ҳудудларга келиши тиббий хизмат сифати борасида олис ҳудудларда яшаётган минглаб юртдошларимизнинг дардларига дармон бўлиши баробарида ҳудуд ёшларининг илмга қизиқиши, ўз келажаги учун мақсадли қадамлар ташлашига ҳам сабабчи бўлади.

Юрагида ўти борлар учун

чўл ҳудудида ҳaм ишлаш учун шaроит бор

“Қишлоқ шифокори” дастури эълон қилингандан кейин кўпчилик мутахассисларда унга қизиқиш пайдо бўлди. Лекин уларнинг орасида иккиланиб турганлар ҳам йўқ эмас.

— Бундай фикрга келадиган ҳамкасбларимга, дўстларимга шуни тавсия қиламанки: иккиланиб турганлари бўлса, бу иккиланишлардан воз кечишлари, ўзларига ишонишлари керак, — дейди қаҳрамонимиз. — Юрагида ўти бор, элга хизмат қиламан, деган мутахасис учун ҳар қандай жойда, олис чўлда ҳам шароит етарли. Фақат улардан фойдаланишимиз керак. Ҳозир қон-томир касалликларининг ҳаммасини шу ерда аниқлаяпмиз. Юракдаги ўзгаришларни ҳам аниқлашга қурбимиз етади. Мавжуд ускуналар беморларимизни шу ернинг ўзида даволаш имконини беради.

“Қишлоқ шифокори” дастурида ёш кадрлар олис ҳудудларда 3 йил меҳнат қилиши белгиланган. Шерзод Бафоевнинг 3 йилдан кейинги режалари билан қизиқамиз.

— Овул аҳли ишлашимни хоҳласа, уларга керак бўлсам, шунча хизмат қилишга тайёрман”, дейди мутахассис жўшқинлик билан.

Бугун ёш шифокорлар эътибор ва рағбатдан руҳланиб, чекка ҳудудларда тиббий хизмат сифатини кўтаришга, ўзларининг билим ва салоҳиятини сафарбар этган ҳолда, аҳоли соғлигини мустаҳкамлашга жаҳд қилишяпти. Шерзод Бафоевнинг оқилона қарори бунинг амалий мисоли. Инсонларнинг дардига малҳам бўлишни ўзига қисмат деб билган мана шундай ёшлар, касб фидойилари бор экан, тиббий хизмат сифати, албатта, янги босқичга кўтарилади.

         Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ,

журналист