Ер умуммиллий бойлик, Ўзбекистон халқининг ҳаёти, фаолияти ва фаровонлиги асоси, энг муҳим табиий ресурс ҳисобланади. Шу сабабли, ерлардан оқилона, самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланишни таъминлаш давлатнинг энг муҳим вазифаларидан биридир.
Давергеодезкадастр қўмитаси узоқ йиллар давомида ушбу вазифани муайян даражада бажариб келди. Лекин, ерларни ажратиш, уларнинг ҳисобини юритиш, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, ер назоратини амалга ошириш вазифаларининг ягона органда тўпланганлиги ер ресурсларидан оқилона фойдаланишда манфаатлар тўқнашувини юзага келтираётган эди.
Бир тасаввур қилиб кўрайлик: олис ва айни пайтда суғориладиган ерларга бой туманлардан биридасиз. Агар сиз бу ердан ер олмоқчи бўлсангиз, сизга керак бўлган ер участкасини туман ер тузувчиси ўлчаб беради, ҳоким қарорини ҳам ўзи чиқартириб беради, ер ҳисобини ҳам ўзи юритади, қаерга нима экиш кераклигини ҳам у аниқлайди, ерлар ва экинларни ҳам ўзи мониторинг қилади. Агар бу ер тузувчининг нияти тўғри бўлмаса, у истаган ерини истаган кишига ажратиб бериши, ноқонуний эгалланган ерларни исталган одамдан яшириши мумкин. Агар у инсофли, лекин бироз содда инсон бўлса, исталган пайт кимнингдир ноқонуний ишлари қурбонига айланиши мумкин.
Ушбу Фармон, биринчи навбатда, мана шу ҳолатларга чек қўйишга қаратилган. Кадастр органлари эндиликда фақат ернинг ҳисобини юритиш билан шуғулланади. Қишлоқ хўжалиги ерларини ривожлантириш, хусусан, тупроқ бонитировкасини ўтказиш, қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматини аниқлаш, геоботаник тадқиқотларни амалга ошириш вазифалари уларнинг ҳақиқий эгаси – Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказилмоқда.