Карим Эгамқулов 1939 йил 5 майда Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида туғилди. 1964 йилда Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети)ни тугатиб, шу даргоҳда катта лаборант бўлиб иш бошлади. Сўнгра ушбу институт аспирантурасида таҳсил олди ва номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.

1969–1972 йилларда Сирдарё вилояти “Билим” жамияти масъул котиби сифатида ишлаб, халқимизга зиё ва маърифат улашишга муносиб ҳисса қўшди.

1972–1975 йилларда Сирдарё давлат педагогика институти проректори вазифасида самарали фаолият юритиб, ўзининг етакчилик салоҳиятини, ташкилотчилик ва ташаббускорлик фазилатларини намоён этди.

1975–1987 йилларда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтининг Янгиер филиали директори лавозимида хизмат қилиб, республикамизда соҳа учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш ишларида фидойилик кўрсатиб меҳнат қилди.

Карим Эгамқулов илмни амалиёт билан боғлаб, хусусан, қишлоқ ва сув хўжалиги таълимини ва амалиётини ривожлантириш борасида ўзига хос тажриба мактабини яратди.

Ирригация ва қишлоқ хўжалиги соҳасига оид 20 дан ортиқ ўқув-услубий қўлланмалар ва дарсликлар муаллифи сифатида танилди.

Тажрибали ва илғор педагог Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтининг малака ошириш факультети декани, тупроқшунослик кафедраси мудири, Сирдарё вилояти ҳисобчиларни қайта тайёрлаш ўқув маркази директори вазифаларида ҳам самарали меҳнат қилиб, республикамиз ирригация ва қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларининг амалий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, уларни замонавий илм-фан ютуқлари билан таништириш ишларини самарали ташкил этди.

Сўнгги йилларда улуғ ёшда бўлишига қарамасдан, фидойи жамоатчи, катта ҳаёт тажрибасига эга оқсоқол сифатида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қишлоқ ва маҳаллаларни обод этиш, аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган эзгу ишлар самарасини тарғиб қилиб келди. Ўзининг доно маслаҳатлари билан ёшларимизни она Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги ишларга бош-қош бўлди.

Юксак салоҳиятли олим, ёшларнинг меҳрибон устози, камтарин инсон Карим Эгамқуловнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

 

Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,

А.Арипов, С.Турдиев, Э.Турдимов