Президентимиз раислигида жорий йил 21 июль куни ер ҳисоби ва давлат кадастрини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда ер ва ерга бўлган муносабат, ернинг таркибини таҳлил қилиш, унинг сифати ва балл бонитетини белгилаш бўйича топшириқлар берилди. Асосан, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси вазифаларини қайта кўриб чиқиш масаласига алоҳида урғу берилиб, соҳадаги муаммо-камчиликлар муҳокама қилинди.
Мазкур йўналишда, хусусан, ернинг таҳлили, балл бонитетини ўрганиш, тупроқ эрозияси ва шўрланишининг олдини олиш, ернинг сифатини яхшилашда асосий манфаатдор ташкилот Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳисобланади. Чунки ер маҳсулотлар етиштириш, ҳосилдорликни оширишда энг асосий ресурсдир.
Бундан ташқари, йиғилишда «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси таркибида бўлган айрим қўмиталар, илмий-тадқиқот институтларини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфига ўтказиш бўйича топшириқлар берилди. Боиси, ерларнинг сифатини яхшилаш, уларнинг самарадорлигини ошириш, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалиги тизимига керак. Шунинг учун давлатимиз раҳбари томонидан ушбу механизмга хусусий секторни ҳам жалб қилган ҳолда давлат-хусусий шериклик асосида янги механизмни жорий қилиш топшириғи берилди.
Йиғилишда яна бир муҳим масала — қишлоқ хўжалиги тизимини рақамлаштиришга урғу берилди. Зеро, ернинг ўлчамидан тортиб, таҳлилигача бўлган амалий жараёнларни сунъий йўлдошлар ёки дронлар орқали амалга ошириш мумкин. Шу боис, йил охирига қадар ушбу йўналишда бажарилиши лозим бўлган ишлар, жумладан, қишлоқ хўжалигида картография, ерларнинг ҳисоби, таҳлилини рақамлаштириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Зеро, бугун қишлоқ хўжалигини рақамлаштирмасдан туриб соҳада рақобатбардошликни ошириш, бу борадаги сиёсатни белгилаш жуда қийин. Йиғилишда айни шундай муҳим масалалар кун тартибига қўйилгани ва муаммоларнинг ечими аниқ белгилаб берилгани соҳанинг келгуси тараққиётида муҳим қадам бўлди.