Тадбирда, шунингдек, Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва сиёсати бош бошқармаси (ТАГEМ) директори Невзат Биришик ҳамда турк аграр идорасининг бошқа вакиллари қатнашди.
Учрашув чоғида икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Ж.Ходжаев вазирлик аграр соҳада инвестицион-тижорий, илмий-таълим алоқаларини кучайтириш, икки томон ва бизнес вакиллари манфаатларига жавоб берадиган аниқ лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.
Туркия делегацияси раҳбари Ўзбекистонда аграр илм-фаннинг ривожланиш суръатига ижобий баҳо берди ҳамда Туркия Республикаси Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва сиёсати бош бошқармаси (ТАГEМ) қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тадқиқотларни тайёрлаш ва амалга ошириш, лойиҳаларни миллий ривожланиш режаларига мувофиқ ишлаб чиқиш учун масъул орган эканини таъкидлаб ўтди. ТАГEМ таркибига 48 та илмий институт ва 300 дан зиёд лаборатория киради.
Туркия томони қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва карантин соҳасида Ўзбекистоннинг вазирлик ва идоралари, илмий ҳамда таълим муассасалари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, ўзбек шериклар эҳтиёжларига жавоб берадиган лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканини билдирди.
Бундан ташқари, Н.Биришик аграр соҳанинг турли йўналишларида ўзбекистонлик шериклар билан ўзаро англашув меморандумларини ишлаб чиқиш ва имзолашга қизиқиш билдирди.
Музокаралар якунида ТАГEМнинг Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжонда фаолият юритувчи минтақавий идорасини Тошкентда очиш бўйича келишувга эришилди, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.