Ўқув курсида вилоят суди, прокуратураси, ички ишлар тизимидаги тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан жами 65 нафар ходим тингловчи сифатида иштирок этди. Тадбирда асосий эътибор БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, тингловчиларнинг қийноққа солишга қарши курашиш соҳасидаги билим ва амалий кўникмаларини шакллантиришга қаратилди.

Тадбир очилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов қайд этганидек, ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари янги таҳрирдаги Конституциямизда мустаҳкамланган бўлиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш барча давлат органлари учун устувор вазифадир.

Ўзбекистон БМТнинг Қийноққа қарши конвенциясига қўшилгани ва унинг талабларини бажариш юзасидан тизимли чора-тадбирлар кўраётгани алоҳида қайд этилди. Шу билан бирга, ички ишлар, прокуратура ва суд органларида ходимлар учун мунтазам ўқув машғулотлари ташкил этилаётгани, жазони ижро этиш муассасаларида жамоатчилик ва Омбудсман мониторинглари кенгайтирилгани таъкидланди.

Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури орқали ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, давлат идораларида очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, қийноқ ҳолатларини мутлақо истисно қилиш каби вазифалар Миллий стратегиянинг асосий йўналишлари эканига урғу берилди. Акмал Саидов таъбири билан айтганда, «Қийноққа қарши кураш – бу фақат юридик ёки ҳуқуқий вазифа эмас. Бу – инсоннинг қадр-қимматини ҳурмат қилиш, унинг шахсий дахлсизлигини таъминлашга қаратилган маънавий ва ахлоқий мажбуриятдир. Ҳар бир ходим фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда шахсан масъул ҳисобланади».

Ўқув курсининг биринчи кунида иштирокчилар қатор маърузаларни тинглади. Хусусан, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори Муроджон Турғунов Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тўхталди.

Ички ишлар вазирлиги Академияси Хорижий кадрлар билан ишлаш факультети бошлиғи Алимжан Матчанов қийноққа солишга қарши курашишда вояга етмаганлар ва аёлларга оид халқаро ва миллий стандартлар, шунингдек, айбсизлик презумпцияси, қамоққа олиш, қийноқ тўғрисида хабар беришга оид халқаро стандартлар ва Ўзбекистон Республикаси жиноий-ҳуқуқий тизимида мазкур стандартларнинг қўлланилиши мавзуларида сўз юритди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси кафедра бошлиғи Луқмонжон Исоқов қийноқ билан боғлиқ қилмишларнинг олдини олишга оид қонунчиликнинг ривожланиши ҳақида маъруза қилди. Олий суд судьяси Санобар Мамадалиева қийноққа оид ишлар юзасидан суд амалиёти тўғрисида фикр билдирди.

Биринчи кун доирасида амалий машғулотлар ҳам ўтказилди. Иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда турли кейслар устида ишладилар ва қийноқ ҳолатларини аниқлаш бўйича амалий кўникмаларни ўзлаштирдилар.

Курснинг иккинчи куни қизғин маърузалар билан давом этди.

Курс давомида назарий билимлар амалий машғулотлар билан уйғунлаштирилди. Ўқув курси якунида тингловчилар билимларини баҳолаш мақсадида тест синовидан ўтдилар. Имтиҳонни муваффақиятли топширган иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази матбуот хизмати.