Ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган «Лочин полапонини сотаман» деган эълон экология инспекторларининг диққатини тортди. Давлат экология қўмитаси Навоий вилоят бошқармасининг тезкор гуруҳи ходимлари томонидан Навоий вилояти Кармана тумани «Қаҳрамон» МФЙ ҳудудидаги Баркамол авлод кўчасида яшовчи фуқаро М. М томонидан лочин полапонини сотмоқчи бўлган вақтида тўхтатилди.

Бу қуш фуқаро М. М га қандай қилиб келиб қолгани сўралганда 2021 йил 5 июль куни Навоий вилояти Кармана тумани ҳудудида жойлашган «Навоий иссиқлик электр станцияси» акциядорлик жамиятида ишлаётган вақтида топиб олганлигини айтди.

Шунингдек ушбу қуш қизил китобга киритилган 2 ойлик лочин полапони эканлиги, топиб олинган қуш тўғрисида фуқаро М.М Давлат экология қўмитаси Навоий вилоят бошқармасининг инспекторларига хабар қилмаганлиги ва у темир панжарали қафасга солиниб боқилаётганлиги аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 94-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар Навоий шаҳар судига юборилди, деб хабар беради Навоий вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати.