Тошкентнинг тоза сувга бўлган эҳтиёжини деярли тўлиқ Қибрай туманида жойлашган «Қодирия» гидротармоғи қондиради. Фақат Бектемир тумани сувни ер ости қудуқларидан истеъмол қилади.
«Қодирия» гидротармоғи 1969 йилда қурилган бўлиб, дастлаб суткасига 250 000 м3 сувга ишлов бериш қувватига эга бўлган. Кейинчалик реконструкция натижасида объект қуввати бир неча баробарга ошган.
Сувни тозалаш жараёни унинг рангини тиниқлаштиришдан бошланади. Бўзсув сувлари иккита катта сув ҳавзасига тушади ва уларда унинг лойқалик даражаси 8-10 мг/дм3гача пасаяди. Бу суюқ аччиқтош ёрдамида амалга оширилиб, у лой ва тортилган заррачаларни боғлаб, пастга туширади. Пастга тушган чўкиндилар сузувчи насосли мослама орқали тортиб олинади ва каналга сув тушириш қувурлари ёрдамида туширилади. Тиниқлаштиришдан кейин, микроорганизмлар фильтрларни ифлосламаслиги учун сувнинг бирламчи хлорланиши амалга оширилади ва иккита катта қувватли насос станциялари сувни фильтрлашга узатади.
Фильтрлашга мўлжалланган икки бинонинг ҳар бири учта бўлимдан иборат бўлиб, уларда умумий 6 710 м2 майдонга эга 48 та фильтр ишлайди. Фильтрлар иккита – ушлаб қолувчи ва фильтрловчи қатламлардан иборат бўлиб, суткасига бир маротаба ювилади. Ювиш суви оқава тизимига тўкилади, фильтрланган, тоза сув эса катта диаметрли сув тармоқлари орқали чучук сув резервуарларига узатилади. Бундан сўнг иккиламчи хлорлаш ишлари амалга оширилиб, сув тозалашнинг технологик жараёнига якун ясайди. Бундан сўнг тайёр тоза сув 1 400 дан 2 000 мм гача диаметрдаги қувурлар орқали шаҳар сув таъминоти тизимига узатилади.
Ҳар бир босқичда сув сифати кимё-бактериология лабораторияси ходимлари томонидан 40 та кўрсаткич бўйича назорат қилинади. Масалан, таркибдаги кислород, металлар ва уларнинг тузлари миқдори, сувнинг шаффофлиги ва ҳиди. Таркибдаги қўшимчалар миқдори OˈzDst 951-2011 билан белгиланган бўлиб, талаблар қатъий бажарилади. Бу жараён Тошкентдаги ичимлик сувининг тозалигини кафолатлашга хизмат қилади.
«Қодирия» гидротармоғи Тошкентдан юқорида жойлашган, шунинг учун сувни шаҳарга етказиш учун насослар зарур эмас, сув ўзи оқиб келади – сатҳлар ўзгариши шаҳар маркази билан таққослаганда 50 метрга, Сергели тумани билан таққослаганда эса 70 метрга яқин.
Шунингдек, гидротармоқ билан биргаликда санитария-экология хизмати фаолият юритиб, Бўзсув оқими бўйлаб соҳилларни ахлат ва зарарли чиқиндилар мавжуд ёки йўқлигини назорат қилиб боради. Сувни ифлослаш манбалари ёпиқ ёки соҳиллардан узоқлаштирилган.
Ушбу маълумотлар «Ўзсувтаъминот» АЖ ва «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ томонидан «Қодирия» гидротармоғининг иши билан таништириш жараёнида тақдим қилинди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.