Айниқса, бу ерда қўлда тўқилаётган, ўзида миллийликни акс эттирган турли ўлчамдаги гиламлар бежиримлиги билан эътиборни тортади. Ҳар бири санъат асари даражасидаги бу гиламлар асосан хорижга экспорт қилиняпти ҳамда ўртача 1 000 — 2 500 долларгача баҳоланяпти.

Корхонада 20 нафардан ортиқ ёш иш билан банд. Улар қўлда гилам тўқиш маҳоратини тажрибали ҳунармандлардан ўрганган.

Оддий ёғочлардан тайёрланган гилам тўқиш дастгоҳларида мўъжизакор қўллар рангдор толаларни миллий кўринишдаги манзаралар, бетакрор нақшлар уйғунлигидаги бежирим гиламга айлантириши учун анчагина вақт, ҳатто, бир ой сарфлашади. Аммо кетган вақт ва харажат ўзини бир неча ҳисса қоплайди.

Тарихдан маълумки, ўтмишда воҳада гиламлар худди шу усулда тайёрланган ва карвонлар воситасида етти иқлимдаги шаҳарларга етказиб берилган.

Қадим ҳунармандчиликнинг қайта тикланиши нафақат қизиқувчан ёшларни иш билан таъминлади, балки тадбиркорга экспорт учун йўл очди.

Шунингдек, бу ерда адрас матоси ҳам тўқилиб, унинг бир қисми ички, бир қисми эса ташқи бозорга чиқариляпти.

                                                    Рўзимбой Ҳасан,

«Янги Ўзбекистон» мухбири.