Шиддатли замонда яшаяпмиз, эртага, ҳатто, бугун нима содир бўлишини ҳеч ким тахмин қила олмайди. Глобал инқирозлар, иқтисодий ноаниқликлар ва юз бераётган геосиёсий вазият фонида энергия нархларининг кескин ўсиши ва табиий ресурсларнинг танқислиги ортиб бораётгани ҳам долзарб масалалардан бирига айланди. Бундай вазиятда муқобил энергия ресурслари манбаларидан фойдаланиш самарали ечим экани, мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши тобора ойдинлашмоқда. Бу, ўз навбатида, муқобил энергия истеъмолига талабни аниқ белгилаш, уни тўғри режалаштириш ва мустақил ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни жадал институционал татбиқ қилишни тақозо этмоқда.

Таҳлилларга кўра, асримизнинг 40 йилларига бориб жаҳонда электр энергиясига талаб ҳозиргидан 40 фоиз ошади. 50 йилга бориб эса, жаҳон бўйича электр энергиясининг 70 фоизини айнан муқобил энергия ташкил қилади. “Яшил энергетика”га бўлган талабнинг ортиши нефть-газ саноатини инсон истеъмолида умри тугаб бораётганининг белгисидир.

Масалага иқтисодий жиҳатдан ёндошадиган бўлсак, бозор иқтисодиёти ривожида энергия тақчиллиги тугатилмаса, унга омилкор ечимлар топилиб, узлуксиз, арзон манбаалар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилмаса на саноат, на хусусий тадбиркорлик, на оилавий бизнес ривож топади. Энергия қуввати йўқ жойда замонавий технологиялардан фойдаланиш имконияти пасайиб кетади ва бу самарадорликка салбий таъсир кўрсатади.

Олис ҳудудларга хизмат тақозоси билан борганимизда гувоҳи бўламизки, қишлоқлар ва овулларнинг ҳаммасида ҳам янги завод ва фабрикалар ташкил қилинмаган, шу сабабли, бугунгача уларда етарлича доимий иш ўринлари яратишнинг имкони мавжуд эмасди. Бу хоҳиш йўқлигида эмас, энергия тақчиллиги боис ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконияти чеклангани билан боғлиқ. Шундай кезларда “Қани бу қадам етмас жойларда ҳам юқори қувватли электр таъминоти узлуксиз ишлаб турсаю, Янги Ўзбекистон руҳи сезилса, ҳаёт қайнаб ётса, маиший хизмат кўрсатишнинг барча турлари ишласа. Мана бу қишлоққа кириш жойида тадбиркорлик гузари, ёки қайта ишлаш корхонаси, ёки маҳаллий хомашёлардан рақобатбардош қурилиш материаллари ишлаб чиқарилаётгани устидан чиқсанг”, деган ҳавас, ниятлар юракдан кечиши табиий. Бунинг учун яна шу гап, энергия керак.

Кам харажат, кўпроқ электр энергия

Шу боис, мамлакатимизда мазкур муаммонинг сабаб ва оқибатлари ўрганилган ҳолда, энергия ресурсларини тежовчи инновацион технологияларни жорий этиш, муқобил энергия манбаларини комплекс ривожлантиришга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Бу масала охирги йилларда кун тартибига чиққани, фаол ҳаракатлар бошлангани ҳақида айтишга ҳожат йўқ, барчамиз бунга ўзимиз гувоҳ бўлиб турибмиз.

Юқорида таъкидланганидек, ишсизлик муаммоси энг аввало энергия ресурслари етишмовчилигидан келиб чиқиши бор гап. Бу муаммони бартараф этиш борасида давлатимиз раҳбари жорий йил 16 февраль куни жуда катта истиқболли йўл очиб берди, десак тўғри бўлади. Шу куни қабул қилинган “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳаётимизни фаровон йўлга олиб чиқишга катта асос бўлади. Чунки, мазкур қарор нафақат республикамиздаги йирик саноат ҳудудларининг жадал тараққий этиши, балки энг олис, чекка ҳудудларгача энергия узликсизлиги таъминланиши, ишлаб чиқариш руҳи қадами етмаган жойларда ҳам ҳаёт шиддатли жонланишининг гаровидир.

Қарорда биринчи галда ижтимоий ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳалари ва иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш кўзда тутилиши бозор иқтисодиёти механизмларини қувватлантирадиган ягона омил. Жумладан, муқобил энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллигини қоплашни таъминлаш, уни комплекс ташкил этиш натижасида инвесторлар учун қулай шароитлар яратиш механизмларини жорий қилиш белгилаб берилди.

Таъкидлаш жоизки, энергия харажатларини камайтиришда мавжуд ресурсларни оптималлаштириш ва янги технологияларга тўғри инвестицияларни жалб қилиш муҳим. Бу ислоҳотлар атроф-муҳитга антропоген таъсирларни камайтириш билан бирга, операцион харажатларни бошқаришга ва мижозларга хизматларни яхшироқ етказиб беришга ёрдам беради. Бундан ташқари, энергия таъминоти узликсизлиги барқарор ривожланиш йўлида ҳужжатлаштирилган мажбуриятларнинг ижтимоий масъулиятини оширишга шарт-шароит яратади.

Шу билан бирга, электр таъминоти истеъмолчиларнинг ишлаб чиқаришга кетадиган кунлик талабларини қондиришнинг самарали усули ҳисобланади. Масалан, республикамизда 9 314 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, уларда ўртача 10 миллиондан зиёд хонадон бор. Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда ҳар бир хонадоннинг бир ойда фойдаланадиган электр қуввати миқдори ойига ўртача 160 кВт соатни ташкил қилади. Буни юқорида қайд этилган умумий хонадонлар сонига кўпайтирсак, истеъмол қилинадиган салмоқли энергия кўрсаткичлари ҳосил бўлиши турган гап. Ўзбекистонда электр станциялари бугун ўртача 56-57 миллиард КВт соат электр ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бу кам ҳам, кўп ҳам эмас, бироқ, талаб ўсиб бораётганини ҳисобга олсак, муқобил энергияга ўтишга эҳтиёж катта.

Қолаверса, юртимизда кун сайин саноат зоналари ва тадбиркорлик субъектлари фаолияти кенгайиб боряпти, янгилари ташкил этилмоқда. Бу энергия тақчиллигини келтириб чиқараётган шароитда, таъминотни тўлиқ таъминлашда инновацион моделлардан фойдаланиш самарали ечимдир. Давлатимиз раҳбари 2021 йил 21 август куни мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашувда сўзлаган нутқида айнан шу масалани олдиндан кўтарган эди. Сўнгги 5 йилда электр энергияси истеъмолчиси бўлган тадбиркорлар сони 25 фоизга, уларнинг истеъмол ҳажми 30 фоизга ортиши электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ошириш зарурлиги, тарихимизда илк бор бу соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва хусусий бизнес кириб келиши эътироф этилганди. Натижада бугунги кунда хусусий инвестициялар ҳисобидан умумий қуввати 1 минг 800 мегаватт бўлган 8 та иссиқлик ва қуёш электр станциялари ишга туширилмоқда.

Белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, ҳозирда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш, истеъмолчиларни муқобил энергияга ўтказиш ва энергиятежамкор технологияларни кенг татбиқ қилиш орқали 2023 йилда қўшимча 5 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш ва 4,8 миллиард метр куб табиий газни иқтисод қилиш режалантирилган. Бунда давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларга катта эътибор қаратилади.

Давлат-хусусий шериклик — бу давлат шериги ва хусусий шерикнинг муайян муддатга юридик жиҳатдан расмийлаштирилган, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун ўз ресурсларини бирлаштиришига асосланган ҳамкорлик ҳисобланади. Охирги йилларда бу муносабатларни ривожлантириш катта ва инновацион лойиҳаларга йўл очмоқда. 16 февраль куни қабул қилинган юқоридаги қарорда ҳам давлат-хусусий шериклик асосида 2023 йилда 27 та йирик қувватли қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш лойиҳаларининг манзилли рўйхати ҳамда йирик қувватли қуёш ва шамол электр станцияларини электр узатиш тармоқларига улаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган. Бундай лойиҳалар учун 2023 йилда халқаро молиявий ташкилотлардан қўшимча 2 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни жалб қилиш бўйича келишувларга эришилган. Жорий йилда 20 мингта ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш ана шундай йирик лойиҳаларнинг бири.

Шу ўринда “яшил энергия” манбалари ўзи нима, унинг истиқболлари қандай каби саволларга тўхталсак. “Яшил энергия” кўпинча қуёш, шамол энергияси, геотермал энергия, биомасса ва гидроэлектр энергияси каби қайта тикланадиган, экология учун зарарсиз бўлган табиий манбаалардан олинади. Улар табиий газ ёки кўмир каби қазиб олинадиган ёқилғи манбаларидан фарқли ўлароқ, табиий экотизимларга зарар етказмайди. Хусусан, қуёш энергияси қайта тикланадиган энергиянинг кенг тарқалган тури бўлиб, одатда, қуёш нурини ушлайдиган ва уни электр энергиясига айлантирадиган фотовольтик элементлар ёрдамида ишлаб чиқарилади. У биноларни иситиш, электр энергияси билан таъминлаш, кундалик турмушда эса иссиқ сув етказиб бериш, овқат пишириш ва хонадонни ёритиш ва бошқаларда ишлатилади. Эндиликда, қуёш энергиясидан маиший мақсадларда, шу жумладан, корхоналар, таълим муассасалари, уй хўжалиги, иссиқхоналар ҳамда енгил саноатда фойдаланиш учун етарлича арзонлаштирилмоқда. Келгусида маҳаллаларда хонадонбай ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, ўз-ўзини энергия билан таъминлаш билан бирга, оилавий буюжетни бойтишнинг манбаи сифатида қаралмоқда.

Халқаро миқёсда Хитой, АҚШ, Япония ва Буюк Британия давлатлари қайта тикланадиган энергетикани ривожлантиришга сармоя киритиш бўйича етакчилар қаторида туради. Ушбу давлатларда шамол, қуёш, биоёқилғи, биомасса, сув ва чиқиндилардан энергия ишлаб чиқаришга инвестициялар киритиш ҳажми сўнгги 20 йил ичида 33 миллиард доллардан 300 миллиард долларгача ошган.

Америка Қўшма Штатлари 2050 йилга бориб иссиқхона газларининг соф эмиссияси ва 100 фоиз яшил энергияга ўтиш саъй-ҳаракатларини жадаллаштирмоқда. Бу даврга бориб Япония, Жанубий Корея, Янги Зеландия ва Буюк Британия ҳам фақат қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кўзлаган. Бу тажрибалар муқобил энергияга ўтишнинг техник салоҳияти ва ижтимоий-иқтисодий афзалликларини янада чуқурроқ ўрганишни ўргатади.

Юртимиз шароитида ҳам муқобил энергияга ўтиш имкониятлари юқори, табиий ресурларимиз катта потенциалга эга, деб айта оламиз. Биргина қуёш энергиясини олайлик. Диёримизда ҳаво бир йилда 320 кундан зиёд очиқ бўлиб, мамлакат қуёш энергиясининг салоҳияти 51 миллиард тонна нефть эквивалентидан ортиқ. Бу қуёш энергиясини турли миқёс ва мақсадларда — электр энергиясини ишлаб чиқариш, иссиқ сув таъминоти ва иситиш каби кўплаб фаолият турларида қўллаш имконини беради.

Ўзбекистон бу борада 2025 йилга қадар умумий қиймати 5,3 миллиард доллар бўлган 810 та лойиҳани амалга оширади. Мамлакатимизнинг 25 та энг йирик корхонасида энергия сарфини камайтириш режалаштирилган. Ҳозирги вақтда Карманада 100 МВт қуёш, Зарафшонда 500 МВт шамол, Нурободда 100 МВт қуёш фотоэлектр станцияси ишлаб турибди. Ғиждувон ва Пешкуда қуввати 1000 МВт, Қораўзакда қуввати 100 МВт бўлган шамол электр станциялари, Каттақўрғон ва Ғаллаорол туманларида қуввати 200 МВтдан кам бўлмаган қуёш электр станцияларини қуриш ишлари кетмоқда. Бу лойиҳалар ҳаётимизда оммавий муқобил энергияга ўтиш имкониятлари яратилаётганини кўрсатади.

Эҳтиёждан ортган электр энергияни давлат сотиб олади

Муқобил энергия манбалари экологик тоза, тежамкор ва узлуксиз экани билан бирга, одатдаги ёқилғи-энергетика манбаларидан бир неча баробар арзонлиги билан ҳам иқтисодиётда муҳим ўрин тутади. Шу боис, аҳоли хонадонлари, саноат корхоналари, қўйингки, электр энергияси зарур бўлган барча тармоқларда ундан фойдаланишга ўтиш самарадорликка эга.

Юқоридаги Президент қарорида ҳам ана шу жиҳатлар назарда тутилиб, муқобил энергия етказиб берувчи қурилмаларни қўллайдиган жисмоний ва юридик шахсларга қатор имтиёзлар берилмоқда. Хусусан, тадбиркорлик субъектлари, давлат органлари ва ташкилотлари, компаниялар ўз ҳисобидан бино-иншоотларида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиши, бўш қолган қисмларини ижарага бериш асосида муқобил энергияга тўлиқ ўтишни қўллаб-қувватлаш долзарб масала сифатида кўтарилган.

Компания ўз ҳисобидан давлат органлари ва ташкилотлари бино-иншоотларида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатганда, ушбу бино-иншоотларнинг тегишли қисмларидан ижара ҳуқуқи асосида бепул фойдаланиши мумкин. Бунда, ижара шартномалари белгиланган тартибда солиқ органларида рўйхатдан ўтказилади. Муқобил энергия билан шуғулланувчи компанияларга маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилардан қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ва уларнинг эҳтиёт қисмларини харид қилиш, ўрнатиш ва уларга сервис хизматларини кўрсатиш борасида тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилиши эса тадбиркорлар фаолиятини янада эркинлаштиришга хизмат қилади.

Шунингдек, жорий йил 1 апрелдан бошлаб умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар ушбу қурилмалар бўйича мол-мулк солиғи, қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғи ҳамда юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан уч йил муддатга, ўрнатилаётган қуёш панелларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса ўн йил муддатга озод этилади.

Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвесторларга муқобил энергияни ривожлантириш ва фойда олиш учун қулай шарт-шароит яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини давлат органига ва ҳудудий электр тармоқларига ўрнатилган тарифларда, бошқа истеъмолчиларга эса ўзаро келишилган нархларда тўғридан-тўғри тузилган, шу жумладан, узоқ муддатли шартномалар асосида сотишга рухсат бериляпти. Бу имконият оддий фуқароларда ҳам бўлади. Яъни, қуёш панелини ўрнатган инсонлар ўз эҳтиёжидан ортган электр энергиясини тегишли тартибда давлатга сота олади. Бу эса, ҳам энергия сарфини тежаш, ҳам даромад топиш имконияти дегани.

Муқобил энергия манбаларини ўрнатиш бўйича берилаётган имтиёзлар улардан фойдаланишга бўлган талабни ҳам ошириши турган гап. Шу боис, синалган Хитой компанияларини жалб қилган ҳолда республика ҳудудларида қуёш панелларини етказиб бериш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи қўшма корхоналар ташкил этиш кўзда тутилган. Натижада жорий йил апрелдан республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига кичик қувватли (умумий қуввати 50 кВт гача) қуёш панелларини ўрнатиш бўйича “Қуёшли хонадон” дастури амалга оширилади. Лойиҳа асосида шу йилнинг ўзида аҳоли хонадонларига 37 минг кичик қувватли қурилмалар ўрнатилади.

Кўп қаватли уйлар томлари бўш қисмининг камида 50 фоизида қуёш панелларини ўрнатиш талаби ҳам жорий қилинади. Қолаверса, юртимиздаги барча ёқилғи қуйиш шохобчаларининг маиший-техник эҳтиёжлари ва ҳудудини ёритиш электр энергияси таъминотининг камида 50 фоизи ушбу объектларда ўрнатиладиган қуёш панеллари орқали қопланади.

Умуман олганда, қарор билан жорий йил мамлакатимиз ҳудудларида электр тармоқларидаги йўқотишларни камайтириш ва йирик саноат корхоналарида ёқилғи-энергия ресурсларини тежаш, уларни молиялаштириш манбалари ва амалга ошириш муддатлари аниқ белгилаб берилган. Бу миллий иқтисодиётимизда энергиятежамкор технологияларни кенг жорий этиш, соҳалар ва тармоқларда энергия сарфини иқтисод қилиш билан бирга, янгидан янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилишига йўл очади. Энди бу самарали жараён бевосита муқобил энергия манбалари, хусусан, қуёш энергиясидан кенгроқ фойдаланиш ҳамда янги иш ўринларини кўпайтириш, аҳоли фаровонлигини янада ошириш билан ҳам боғлиқдир. Атроф-муҳитга зарарсиз бўлган бундай қурилмалар қанча кўпайса, табиий ресурсларни асраш, экологик муаммоларни ечиш, одамларнинг табиат билан уйғунлигини кенгайтиришга шунча кенг йўл очилади.

Ишонамизки, 320 куни қуёшли юртимизда қуёш панелли қурилмалар ёрдамида кўламли энергия ишлаб чиқариш комплекс йўлга қўйилади. Бу эса жаҳон бозорида мамлакатимиз иқтисодий ривожи ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Қўнғиротбой ШАРИПОВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори

(Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 28.02.23 йил, 40-сонида эълон қилинди)