Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманида 132 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Эътиборли жиҳати, туман аҳолисининг 25 минг нафардан ортиғи мунтазам равишда оммавий спорт билан шуғулланиб келади.
Тумандаги “Мингжарган” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 2-сонли касб-ҳунар мактабида бўлиб ўтган “Маҳалла ёшлар форуми” доирасида спорт мусобақалари ҳам ташкил этилди. Унда маҳалла ёшлари спортнинг футбол, волейбол, шахмат, шашка, стол тенниси ва киберспорт турлари бўйича ўзаро мусобақалашди.
Футбол мусобақаларида 24 та маҳалла жамоаси ғолиблик учун баҳс олиб борди. Елабад маҳалласи ёшлари ушбу мусобақада биринчи ўринни қўлга киритди. Кейинги ўринларни мос равишда “Қўнғирот” ҳамда “Жинишке” МФЙ жамоалари эгаллади.
Қизлар ўртасида волейбол мусобақалари ташкил этилиб, унда ҳудуддаги 18 та маҳалла қизлари иштирок этди. Бу йўналишда ҳам “Елабад” ШФЙ жамоасига муносиб рақиб топилмади.
Шахмат мусобақаларида ўғил болалар ўртасида 1-ўринни “Гулабад” МФЙда яшовчи A.Туркменбайев, қизлар ўртасида эса “Тарақли” МФЙда истиқомат қилувчи A.Сабирханова эгаллади.
Шашка мусобақалари ҳам қизиқарли курашлар остида кечди. Унда ўғил болалар ўртасида “Қиёт” ОФЙдан И.Саттарбергенов, қизлар ўртасида эса “Aдебият” ОФЙдан Д.Маткаримова 1-ўринга сазовор бўлди.
Стол тенниси бўйича ўтказилган мусобақада “Таллиқ” МФЙ вакилларига тенг келадиган рақиб топилмади.
Таъкидлаш керакки, бу каби оммавий спорт тадбирлари Қорақалпоғистоннинг барча ҳудудларида ташкил этилмоқда ва энг муҳими, ушбу лойиҳа маҳаллий ёшларда катта қизиқиш уйғотмоқда.