Унда Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши назарда тутилган масалалар, хусусан, Давлат бюджетининг 2021 йил 9 ойи ижроси, «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ва «Тадбиркорлик кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонунлари дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари 116 трлн сўмни ташкил этиб, белгиланган 107 триллион сўм прогноз 108,4 фоизга ёки 9,0 триллион сўмга ошириб бажарилган. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,6 триллион сўмга кўп бўлган.

Сенаторлар ҳисобот даврида бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида Ягона ғазна ҳисобварағининг ишончли ва барқарор ишлаши ҳамда инсон омили аралашувини қисқартириш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширилиши лозимлигига эътибор қаратди.

Молия вазирлиги бюджетдан маблағ олувчи вазирлик ва идоралар билан биргаликда ажратилган маблағлардан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши устидан таъсирчан назорат тизимини ўрнатиш, бюджет маблағларининг натижадорлигини таъминлашга қаратилган доимий мониторинг тизимини жорий этиши мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан бюджет харажатлари устидан назоратни кучайтириш мақсадида вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан расмий веб-сайтларда бюджет маблағлари харажатлари, бюджет очиқлигини таъминлаш юзасидан тегишли маълумотларни жойлаштириш зарурлиги билдирилди.

Бундан ташқари, аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий муаммоларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш, жумладан, «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси» маблағларни шаклланиши, самарали ва мақсадли ишлатилиши бўйича расмий веб-сайт, хусусан, «Очиқ бюджет» ахборот порталига жойлаштириб борилишини доимий назорат қилиш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, мажлисда «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ давлат бюджети даромадларидан келиб чиқиб, келгуси йил учун Давлат бюджети харажатлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 25,6 фоиз миқдорида белгиланаётгани ҳақида сўз борди.

Қонун билан ижтимоий соҳа харажатларининг қарийб 45 фоизи таълим соҳасига, хусусан, мактабгача таълим муассаларига 8,6 триллион сўм, халқ таълимига 30,8 триллион сўм, ўрта махсус ва олий таълимга 7,5 триллион сўм маблағ ажратилмоқда.

Бундан ташқари, 2022 йилда Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига (марказлашган инвестиция харажатлари билан бирга) 24,0 трлн сўм маблағ ёки 2021 йил тасдиқланган режага нисбатан 3,5 триллион сўм ёки 17 фоизга кўп маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Қўмита мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди. Хусусий мулкни ҳимоя қилиш билан боғлиқ айрим муаммоли вазиятларни бартараф этиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилига тадбиркорларнинг манфаатларини бузилиши ҳолатлари бўйича айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш белгиланмоқда.

Давлат раҳбари 2021 йил 20 август куни республикадаги тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқот шаклидаги учрашувда 20 августни мамлакатимизда «Тадбиркорлар куни» деб эълон қилиб, уни ҳар йили юртимизда кенг нишонлаш ташаббуси билан чиққан эди. Қонун Ўзбекистон Республикасида 20 август «Тадбиркорлар куни» сифатида белгиланиши Янги Ўзбекистоннинг барпо этилишида тадбиркорликнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий аҳамиятини янада юксалтириш, жамиятимизда тадбиркорликни оммалаштириш имконини беради.

Муҳокамалар натижаси юзасидан қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.