Жумладан, Навоий вилояти Хатирчи туманида вилоят ҳокими Қ.Турсунов раҳбарлигида 25 ноябрь куни сектор раҳбарларининг аҳоли, хусусан, ёшлар ва хотин-қизлар билан учрашуви ташкил этилди.

Навоий вилояти ҳамда Хатирчи тумани ҳокимликлари масъуллари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари М.Маматхонов ва бошқалар иштирокида ўтказилган учрашувда аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Уларнинг муаммолари ўрганилиб, тушунтириш ва амалий ёрдам берилди.

Шунингдек, учрашувда бугунги кунда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, давлатимиз томонидан меҳнат мигрантлари учун яратилаётган шарт-шароитлар, имконият ва имтиёзлар тўғрисида маълумот берилди.

Шу куни Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг масъул ходимлари хорижда ишлаш истагида бўлган ва меҳнат миграциясидан ватанга қайтган фуқароларни қабул қилиб, уларга Президентимизнинг 2020 йил 15 сентябрдаги “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятини тушунтирди.

Қабулда фуқаролар билан суҳбат ўтказилиб, уларни қизиқтирган саволларига масъуллар томонидан тегишли тавсиялар ва ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.