Бир уюм хазон ёқилса, димоғни ачитадиган тутуни анча жойгача ўрлайди. Энди саноат корхоналаридан чиқадиган зарарли газ ва чангларни қанча узоқликгача тарқашию, инсониятга зиёнини тасаввур қилаверинг. Бир манбадан ҳавога чиқарилган ташланма баъзида минглаб километр наридаги ҳудудгача етиб бориши мумкинлиги тадқиқотчилар томонидан исботланган. Саноат корхоналаридан чиқаётган мана шундай зарар учун “қопқон” саналувчи ускуналар бугунги кун зарурати.

Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, аллергия ва нафас олиш тизими касалликларини келтириб чиқарувчи сабаблардан бири ҳисобланади. Вулқонлар отилиши, чанг бўронлари, нураш жараёнлари, органик моддаларнинг чириши атмосферани ифлослантирувчи табиий манба ҳисобланса, саноат ва иссиқлик энергетикаси корхоналари, транспорт, уйларни иситиш тизимлари, қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳамда маиший чиқиндилар экологик зарар келтирувчи антропоген манба саналади. Мана шу иккинчи қисм зарарини камайтириш, соҳада мониторингни ташкил қилиб, ҳаво сифатини баҳолаш, самарали чораларни режалаштириш ҳар жиҳатдан муҳим. Бундай тадбирлар экологик мувозанатни барқарорлаштиришга кўмак беради.

2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш асосий йўналиш сифатида белгиланган. Аҳоли саломатлиги ва генофондига зиён етказадиган мавжуд экологик муаммоларни бартараф этиш мақсадида масъуллар зиммасига атроф-муҳитга таъсир хавфи юқори даражадаги объектларнинг ифлослантирувчи манбаларидан автоматик равишда намуналар олиш тизимини татбиқ этиш вазифаси ҳам қўйилган.

Жорий йилда атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражасини баҳолаш механизмларини такомиллаштириб, прогноз қилиш, давлат экологик назоратини доимий ахборот билан таъминлаш, ифлослантирувчи манбаларнинг ҳолати ва атроф-муҳитга таъсири устидан мониторингни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар бошлаб юборилган.

– Саноат корхоналари инсон ҳаёти учун энг хавфли бўлган азот оксиди, аммиак, олтингугурт, чанг кабиларни атмосферага ташлайди, – дейди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Азиз Кулимбетов. – Бу каби зарарнинг олдини олиш учун эса, саноат корхоналарига махсус ускуналар ўрнатилиб, зарарли моддаларнинг ҳавога тарқалишини камайтириш чоралари кўрилмоқда. Республикамизда мавжуд 1 минг 300 дан зиёд йирик саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари томонидан йилига ўртача 6,3 миллион тонна ифлослантирувчи моддалар чиқарилиб, улардан 86 фоиздан ортиқ қисми чанг-газ тозалаш ускуналари ёрдамида ушлаб қолинмоқда.

2021 йилда 131 та корхонада 230 та чанг-газ тозалаш ускуналари модернизация қилиниб, 22 та корхонада 60 та янги ускуналар ўрнатилган.  Жорий йилда эса, биринчи навбатда, атроф-муҳитга таъсири юқори ва ўрта (I-II тоифа) бўлган 345 та йирик саноат корхонасининг 1,5 мингга яқин чанг-газ тозалаш ускуналарини янгилаш ва модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Элак вазифасини бажарувчи ускуналар амалдаги ишлаб чиқариш қувватлари учун 95 фоиздан кам бўлмаган, янги ишга туширилган корхоналар бўйича эса 99,5 фоизгача тозалаш даражасини таъминлаб беради. Кимё саноати, металлургия, металга ишлов бериш, тоғ-кон, машинасозлик, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳаларида қўлланиладиган импулсли регенирацияли “енгли фильтрлар” қўлланиш жиҳатдан энг оммабоп, самарали ва классик матоли фильтр ҳисобланади.

Қопли чанг йиғувчилар эса кўп функцияли ускуна бўлиб, паст қаршилик билан чангни тўлиқ тозалаш имконини беради. Газни қайта ишлаш заводларида олтингугурт кўп йўқотилишининг олдини олиш мақсадида ишлатиладиган ускуна молекуляр элаклари ёрдамида ҳаво мусаффолигини таъминлашга хизмат қилади.

Тармоқ корхоналарида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбаалардан намуналар олиш, таҳлил қилиш, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда стационар автоматик кузатиш постлари билан босқичма-босқич жиҳозлашнинг афзалликлари кўп. Сўнгги йилларда ишлаб чиқариш объектларини реконструкция ва модернизация қилиш ҳисобига корхоналарда зарарли моддалар ташланмаларини 2019 йилга нисбатан 16 фоизга камайтиришга эришилди. Шу билан бирга, корхоналар эҳтиёжи учун ишлатиладиган сувнинг йиллик сарфи 513,9 минг тоннага қисқартирилди.

– Тизим шаффофлиги ва экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги ўрнатилган бўлиб,  ифлосланиш даражасини аниқлаш ва ҳолатини баҳолаш, салбий жараёнларнинг оқибатларини таҳлил қилиб, мунтазам кузатиш имконини беради, – дейди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Улуғбек Собиров. — Бугунги кунда қўмита тизимида атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасига ихтисослаштирилган аналитик назорат маркази ва унинг 14 та ҳудудий бўлимида махсус лабораториялар мавжуд. Улар томонидан атмосфера ҳавоси ҳар ойда бир маротаба, оқава, ер усти сувлари ҳар чоракда бир марта, тупроқ ифлосланиши эса ярим йилда бир маротаба мониторинг қилиб борилади. Олинган хулосаларга қараб, тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади. 2018–2021 йилларда атроф табиий муҳит мониторинги ўтказилган объектлар сони 342 тадан 625 тага ортди.

Ҳозирги кунда қўмитада атроф табиий муҳит давлат мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базаси яратилган. У саноат корхоналарининг салбий таъсирини прогнозлаштириш ва бартараф этишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқиш ва салбий оқибатларга қарши ўз вақтида чоралар кўриш имконини беради. Асосийси, инсон омилисиз рақамли экологик назорат тизими яратилади. 

Рақамли экологик назорат олиб борилиши натижасида атроф муҳитга таъсир қилиш хавфи юқори бўлган корхоналар ҳақидаги маълумотлар ишончли равишда юритилиб, масъуллар зиммасига аниқ вазифалар юкланади.

Саноат корхоналарининг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш мақсадида ёш олимлар томонидан инновацион лойиҳалар яратилмоқда. Тошкент давлат техника университети талабаси Ойбек Бектошев Саноат корхоналарининг юқори ва ўрта босимли вентиляторларидан ташқарига узатилаётган ҳаво оқимидан электр энергия олиш инновацион қурилмасини яратди.

— Муқобил энергиядан фойдаланиш ва уларнинг ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида яратилган қурилма ёрдамида атроф муҳитга корхона томонидан чиқарилаётган ҳаводаги чанг зарралари ушлаб қолинади, — дейди Ойбек Бектошев. — Ушбу қурилмани яратиш ва ишга тушириш кўп ҳаражат талаб қилмайди. Энг муҳими, корхона ёритиш тизими учун узлуксиз, сифатли ва арзон электр энергия олиш имонияти мавжуд. Яъни, ўз объектидан чиқаётган чанг орқали корхона ўзини ўзи электр энергияси билан таъминлайди.

Мазкур лойиҳа жорий йилда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилиб, ишлаб чиқаришга татбиқ этилди. Юқори ва ўрта босим билан ишлайдиган ҳаво вентиляторлари цехлардаги ифлосланган ҳаво оқимини атроф-муҳитга тарқатади. Бу катта зиён дегани.

Таклиф қилинаётган инновацион қурилма ҳаво вентиляторларидан атроф-муҳитга қувурлар ёки ҳаво оқими орқали шамол ғилдираги парраклари айлантирилади ва ҳаво оқимидаги чанг зарралари тутиб қолинади. Шамол ғилдирагининг айланма ҳаракати орқали ўзгармас ток генератори ишлай бошлайди. Бунинг натижасида ҳосил бўлаётган кучланиш аккумуляторни зарядлаб, корхона биноси, йўлакларини ва ташқи майдонларини ёритувчи чироқларни электр энергия билан таъминлаб беради. Ҳам вентиляторлардан ташқарига узатилаётган ҳаво тозаланиб, атроф-муҳит ҳимояланади, ҳам энергия тежамкорликка эришиб, қўшимча энергия олиш имкони пайдо бўлади.

Экологик аҳволни соғломлаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва бошқа омилларга боғлиқ. Янгича ёндашувларга асосланиб, табиатни муҳофаза қилишнинг ҳам аҳамияти катта.  Бу орқали атроф-муҳитни муҳофаза қилиш баробарида иқтисодий фойда олишга ҳам эришилади.

Феруза ЖЎРАЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири