367,3 миллиард сўмлик қийматга эга бўлган «Қўқон глобал текс» МЧЖ лойиҳаси қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

Текстиль маҳсулотлари, калава ип ишлаб чиқаришга ихтисослашган ушбу корхонада 800 нафар иш ўрни яратилади.

Корхона очилишига бағишланган тадбирда ҳар йили вилоятда 40-45 минг нафардан зиёд ёшлар меҳнат бозорига кириб келаётганлигини, улар бандлигини таъминлашда янги корхоналар муҳим ўринга эга эканлиги таъкидланди.

Муассисларнинг 106,3 миллиард сўм маблағлари ҳамда 261 миллиард сўм банк кредити ҳисобига қад ростлаётган корхона келгуси йил якунида фойдаланишга топширилади. Йиллик 10 минг тоннага яқин калава ип ҳамда текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўладиган корхонада йиллик 13,7 миллион долларлик экспорт амалга оширилиши кўзда тутилган.

«MOLLIS» МЧЖ ҳам момиқ сочиқ ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида бунёд этилаяпти. Табдиркорнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган ва қиймати 123,6 миллирд сўм бўлган бу лойиҳа ишга тушса 2 000 та янги иш ўринлари яратилади. Йилига 7,5 миллион доллар қийматидаги маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш режалаштирилган. Корхонанинг биринчи босқичи келгуси йилнинг биринчи чорагида ишга туширилиши, 2022 йил якунига қадар қурилиш ишларини якунлаб, тўла қувват билан фаолият юритиши белгиланган, деб хабар беради Фарғона вилояти ҳокмлиги матбуот хизмати.