Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов мутасаддиларга 24 соат хизмат кўрсатадиган Бодомзор кўчаси лойиҳасини ишлаб чиқиш, кўчани ободонлаштириш, фуқароларга миллий гастрономик туризм кўчаси мазмун-моҳиятини етказиш, лойиҳага соҳада тажрибага эга тадбиркорларни жалб этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Давлатимиз раҳбарининг "Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан, мамлакатимизда 24 соат фаолият кўрсатадиган савдо, кўнгилочар, гастрономик, туризм ва санъат йўналишларига ихтисослашган махсус савдо ва кўнгилочар кўчаларни ташкил этиш режалаштирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Қўқон шаҳрида II Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида эса Қўқонда янги кафе ва ресторанлар ташкил қилиш, замон талаблари асосида миллий услубдаги умумий овқатланиш хизматларининг кўрсатилишини таъминлаш белгиланган.