Саломатлик учун дармондорига бой гиёҳлардан бири қора седана ҳисобланади. Бу ноёб ўсимлик ёғи супермикробларни йўқ қилиши аниқланди. Ҳиндистон Республикасининг Жаваҳарлал Неру номидаги тиббиёт муассасаси томонидан ўтказилган тадқиқот натижасига кўра, антибиотикларга чидамли бўлган 144 хил бактерия штаммларидан 97 тасининг фаолияти қора седана ёғи ёрдамида тўхтатилишига эришилган.

Хорватиялик олимлар ўтказган тадқиқотлардан бирида қора седана ёғи таркибидаги икки фитокимёвий модда, яъни тимокинон ва тимогидрокинон моддалари саратон ҳужайраларини 52 фоизга камайтирган. Яқин ўтган йилларда олиб борилган изданишларда аниқланишича эса, қора седана ёғи таркибида энг кўп учрайдиган модда, яъни тимокинон моддаси лейкемия ҳамда кўкрак ва мия саратони ҳужайраларининг ўлимини келтириб чиқаришга ёрдам беради. 

Австралия давлатининг Сидней шаҳридаги Киммел онкологик марказида олиб борилган тадқиқотда маълум бўлишича, қора седана ёғи ошқозон ости бези саратони ҳужайраларини ўлдиради ва мазкур хасталикнинг ривожланишига йўл қўймайди.

“Эндокринология ва метаболизм” журналида чоп этилган ўрганиш хулосаларида қайд этилишича, қора седана ёғи ошқозон ости бези бета-ҳужайраларининг аста-секин қисман тикланишига олиб келади, қон зардобидаги инсулин концентрациясини оширади ва глюкоза миқдорини пасайтиради.

Қора седана ёғи ҳам диабет I ва II типининг олдини олувчи дунёда кам учрайдиган моддалардан биридир. “Диабет ва метаболик касалликлар” журналининг 2018 йилда чоп этилган сонидаги мета-анализга кўра, камида 11 та плацебо (дори шаклида тайёрланган, аммо доривор хусусиятларга эга бўлмаган ва беморнинг ўз-ўзини гипноз қилиш натижасида ўз таъсирини кўрсатадиган зарарсиз модда) назоратидаги клиник тадқиқотлар қора седана ёғи истеъмоли инсон вазнини камайтиришини кўрсатади. Эрон олимлари аниқлашича, қора седана ёғи тери экземасини яхшилашда Бетамазон креми каби самарали экан.

Қора седана таркибидаги нигеллон моддаси соч тўкилишининг олдини олиб, бошдаги қазғоқ ва қуруқликни кетказади, умумий соч ҳолатини соғломлаштиради. Қора седана ёғи жиддий салбий ножўя таъсирларга эга эмас ва бу ёғнинг зарарлилик даражаси жуда ҳам пастдир.