Бугун, Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида янги спектакль томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Жамол Носиров ҳамда Қоракўл туман ҳокими Шерали Саломов Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри қошидаги Қоракўл халқ театрининг очилиш маросимида иштирок этди. Қўчқор Норқобил асари асосида саҳналаштирилган "Ҳар нарсанинг жавоби бор" спектакль барчага хуш кайфият бағишлади.
Спектакльнинг илк томошасига, Муқимий театрининг актёр ва актрисалари ҳам Тошкентдан етиб келишди. “Ҳаяжонларимиз чексиз”- дейди пойтахтлик актёрлар. -Худди оиламизда янги чақалоқ туғилгандек қувоняпмиз, уларнинг чиқишлари барчамизга манзур бўлди. Қоракўллик ҳамкасбларимиздан умидимиз катта. Улар ҳам ўз иқтидорини нафақат марказий театрларда, балки жаҳон саҳналарида ҳам намойиш этишини истаймиз.