Таъкидланишича, Қорақалпоғистон Республикасида рўй берган оммавий тартибсизликлар юзасидан Бош прокуратура тергов-тезкор гуруҳи томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Жорий йил 16 июль ҳолатига кўра, тергов-тезкор гуруҳи томонидан ўтказилган тергов ҳаракатлари доирасида:

  • ҳодиса юз берган ҳудудлар ва жойлар эксперт ва мутахассислар иштирокида тўлиқ кўздан кечирилиб, ишга алоқадор бўлиши мумкин бўлган 550 дан ортиқ ашё ва нарсалар расмийлаштириб олинди;
  • тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган 274 нафар фуқароларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилди, шундан 16 нафар фуқаро тиббий муассасаларда қолмоқда, афсуски, яна 3 нафар фуқаро аҳволи ўта оғир бўлгани боис, шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан, вафот этди;
  • етказилган зарарнинг ҳақиқий миқдорини аниқлашга қаратилган чоралар кўрилиб, ҳозирга қадар фуқаролар ва тадбиркорларнинг мол-мулклари, давлат ва ижтимоий инфратузилма объектларига 3 млрд. 147 млн. сўм зарар етказилгани аниқланди;
  • оммавий тартибсизликлар оқибатида жабрланган шахсларни аниқлаш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, ўз хизмат бурчини бажараётган вақтида тан жароҳати олган 141 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамда соғлиғи ва мулкига зарар етказилган 16 нафар фуқаролар жабрланувчи деб эътироф этилди;

  • жиноят содир этган шахсларни фош этишга қаратилган тадбирлар доирасида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, белгиланган тартибда ушланган фуқароларнинг ҳимоя ҳуқуқи адвокат орқали амалга ошириши тўлиқ таъминланган, уларнинг ушланганлиги ва қамоққа олинганлиги ҳамда сақланаётган жойи ҳақида яқин қариндошларига белгиланган тартибда хабар берилган.

Сақлаш жойларида қонунда назарда тутилган барча шароитлар тўла таъминланган. Ушланганларнинг соғлиғи ва сақлаш шароитлари бўйича эътирозлари мавжуд эмас.

Маълум қилинишича, тергов-тезкор ҳаракатлари жиноят-процессуал қонунчилик ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган демократик тамойиллари ва талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда олиб борилмоқда, терговга жалб қилинаётган шахсларнинг қонунда белгиланган барча процессуал ҳуқуқларини кафолатли таъминлаш чоралари кўрилган.

Шу билан бирга, терговнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилишини таъминлаш мақсадида оммавий тартибсизликлар давомида ҳуқуқ-тартибот органлари — хавфсизлик кучлари ҳаракатларининг қонунийлиги ҳам тергов йўли билан текширилмоқда.

Терговнинг шаффофлигини таъминлаш учун оммавий ахборот воситаларида терговнинг бориши ва натижалари ҳақида маълумотлар тақдим этилиши йўлга қўйилган.

Афсуски, баъзи хорижий ижтимоий тармоқларда воқеада иштирок этган айрим фуқаролар бедарак йўқолганлиги ҳақида мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган “фейк” хабарлар тарқатилмоқда. Ваҳоланки, тармоқларда тарқатилган рўйхатда кўрсатилган бир қисм фуқаролар ўз яшаш уйида эканликлари, бир қисми Қорақалпоғистон ҳудудидан четга чиқиб кетганликлари, айримлари эса, умуман мавжуд бўлмаган шахслар эканлиги аниқланди. Шунда бўлса-да бу ҳолат ҳам Бош прокуратура тезкор-тергов гуруҳи томонидан назоратга олинди ва ҳозирги вақтда яна бир бор чуқур ўрганиб чиқилмоқда.  

Шу сабабли, яна бир бор барчангиздан сохта ва уйдирма маълумотларга ишонмасдан, ўтказилаётган тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари ҳақидаги ҳаққоний маълумотларни Бош прокуратура Штаби ахборот манбаларидан олишингизни сўраб қоламиз, дейилади расмий хабарда.