Томонлар АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ўзбекистонда 21,5 миллион долларлик “Таълим учун озиқ-овқат” лойиҳасининг бажарилиш ҳолатини муҳокама қилди. Лойиҳа доирасида Американинг «Mercy Corps» ННТ Қорақалпоғистоннинг қишлоқ ҳудудларида жойлашган 500 дан ортиқ мактабгача таълим муассасасида мувозанатли озиқланишни қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани ривожлантириш ва кадрлар салоҳиятини яхшилашга қаратилган 5 йиллик лойиҳанинг асосий амалга оширувчиси сифатида танланган.
Ушбу лойиҳа мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари учун Ўзбекистонга 1,6 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришни кўзда тутади. 180 минг долларлик 157,6 тонна озиқ-овқат маҳсулотларининг биринчи жўнатмаси 6 декабрь куни Ўзбекистонга етказиб берилди ва ҳозирда вақтинчалик сақлаш омборига жойлаштирилган.
Ушбу маҳсулотлар Қорақалпоғистондаги 30 та мактабгача таълим муассасасига тарқатилиши режалаштирилган. Шу мақсадда “Mercy Corps” дастлабки маълумотларни қайта ишлаш жараёнини таълим муассасалари инфратузилмаси ва уларнинг санитария ҳолати, тоза ичимлик сувининг мавжудлиги, лойиҳани ишга тушириш учун ходимлар (ўқитувчилар, ҳамширалар ва ошпазлар) малакаси даражасини баҳолаш билан бошлашни режалаштирмоқда.
Музокаралар якунида Тиркешбай Байжанов Мактабгача таълим вазирлиги билан англашув меморандуми имзолаш ва озиқ-овқат маҳсулотларини Нукусга етказиб бериш учун асос бўлиб хизмат қиладиган қўшма йиллик иш режасини тузиш масалаларини ҳал қилишда кўрсатилган ёрдам учун Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасига миннатдорлик билдирди.