Қайд этилганидек, бугунги кунда қўриқлаш фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгиловчи амалдаги қонунчилик ҳужжатлари тизимлаштирилмаган, қўриқлаш фаолиятининг асосий принциплари қонун ҳужжатларида белгиланмаган.
Объектни, мулкни ва шахсни қўриқлаётган ходимлар томонидан давлат мажбурлов чораларини кўриш, кадрларни танлаш, тайёрлаш ва ходимларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалалари қонун даражасидаги ҳужжат билан тартибга солинмаган. Бу эса қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётган эди.
Шундан келиб чиқиб мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжатда қўриқлаш фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш, қўриқлаш фаолияти турлари, уни амалга оширувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан қўриқлаш фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишнинг қонуний асослари яратилади. Қўриқлаш фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари ва субъектларининг ҳуқуқий мақоми белгиланган ҳолда, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий дахлсизлигини таъминлаш бўйича ҳуқуқий механизм шакллантирилади.