—Маълумки, Президентимизнинг “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 2 июлдаги қарори асосида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилган.

Марказларнинг асосий мақсади — оғир ижтимоий аҳволда қолган, оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган, ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган ёки ўз жонига қасд қилган шахсларга аноним тарзда шошилинч тиббий, руҳий, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатишдан иборатдир.

Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика маркази томонидан тақдим қилинган маълумотга кўра, Марказнинг Тошкент шаҳар бўлимидаги қўриқлаш хизмати ва бошқа ходимларга ойлик маош тўлаш ҳомийлик маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Баъзи сабабларга кўра, 2020 йилнинг август ойидан буён қўриқлаш хизмати ходимларига ойлик маош тўланмаганлиги сабабли 2021 йил 9 февраль куни мазкур ходимлар ишга чиқишмаган.

Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг 10 феврал куни Марказнинг қўриқлаш хизмати ходимларининг ойлик маоши масаласи ижобий ҳал қилинган ҳамда шу кундан бошлаб Марказ биносини одатдаги тартибда қўриқлаш давом эттирилмоқда.