Бу турк дунёси мамлакатлари тарихидаги биринчи кинофестиваль бўлганлиги билан аҳамиятли эди. Фестиваль Туркиянинг маданият ва туризм вазирлиги томонидан ташкил этилган бўлиб, “Бейўғли маданий маршрути” тадбири бошланиши билан ҳамоҳанг ўтказилди.
Лойиҳа Истанбулнинг тарихий, меъморий, иқтисодий ва туристик қадриятларига урғу бериш мақсадида ташкил этилди. У IХ-Х асрларда Сирдарё соҳилидаги даштларда яшаб ўтган ўғуз туркларининг машҳур шоири, бахшиси Қўрқут ота (Деде Коркут) шарафига номланган. Қўрқут ота қадим мусиқий асбоб — қўбизнинг ихтирочиси ҳам саналади.
Истанбул кинофестивалига 13 та давлатдан юздан ортиқ кино ижодкорлари ташриф буюрдилар. Халқаро анжуманда Туркиядан ташқари Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон, Венгрия, Гагаузия, Эрон, Украина ва Шимолий Кипрдан кино усталари иштирок этишган эди. 42 та фильм қатнашган конкурс дастурида икки ўзбек фильми эътироф этилганди. Рашид Маликовнинг “Тутқунлик” фильми жюрининг махсус унвонини қўлга киритган бўлса, Али Ҳамроевнинг “Халқ жасорати” фильми ҳужжатли фильмлар категориясида иккинчи ўринни эгаллаган.
Бу йил ҳам бир гуруҳ ўзбек киноси ижодкорлари 1-5 ноябрь куни Туркиянинг Бурса шаҳрида иккинчи марта бўлиб ўтадиган “Қўрқут ота” халқаро кинофестивалига йўл олишади. Фестивалнинг конкурс дастурида “Аёл қисмати” бадиий, “Инсон” ҳужжатли фильм сифатида ғолиблик учун курашади. Конкурсдан ташқари намойишларда эса Акрам Шохназаровнинг “101 рейс” ҳамда Рустам Саъдиевнинг “Барон 2. Соғинч” бадиий фильмлари фестивалга ташриф буюрган меҳмонларнинг эътиборига ҳавола этилади.
Кинематография агентлиги Ахборот хизмати