Бугунги Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиб, барча соҳада янгиланиш нафаси уфурмоқда. Табиийки, тараққиётимизни янада жадаллаштириш учун эса илғор ва профессионал мутахассис тайёрлаш замонамизнинг долзарб талабига айланган.
Жаҳоннинг илғор давлатларида таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгилангани ҳам бежиз эмас. Зеро, мамлакатнинг эртанги куни, равнақи айнан таълим тизимининг барча босқичларида қўлга киритилган ютуқларга бевосита ва билвосита боғлиқ.
Мамлакатимиз ҳам бу жараённинг фаол иштирокчиси экани қувонарли ҳол, албатта. Олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, изчил ривожлантириш борасида аниқ ва кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Соҳа тараққиётига йўналтирилган ўнлаб муҳим фармон, қарор ва дастурлар қабул қилинди.
Жумладан, олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, мустақил фикрлайдиган, юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида Президентимиз фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси соҳадаги янги ислоҳотлар учун дастуриламал вазифасини бажармоқда. Ушбу ҳужжатга интеллектуал тараққиётни жадаллаштириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш сингари вазифалар асос қилиб олинди.
Концепцияда олий ўқув юртларига қамров даражасини кенгайтириш ҳамда таълим сифатини ошириш, рақамли технологиялар ва таълим платформаларини жорий этиш, ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, инновацион тузилмаларни шакллантириш, илмий тадқиқот натижаларини тижорийлаштириш, халқаро эътирофга эришиш каби аниқ йўналишлар белгилаб берилди. Буларнинг барчаси таълим жараёнини янги сифат босқичига кўтариш учун хизмат қилди.
Шу ўринда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида таълим тизимини такомиллаштириш масалаларига қаратилаётган эътибор инновацион ва креатив фикрлайдиган замонавий кадрлар тайёрлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлаш лозим. Жумладан, ишлаб чиқариш корхоналари билан корпоратив ҳамкорлик намунавий тартибга мувофиқ амалга оширилди ва узлуксиз фаолият олиб бормоқда. Ўтган йили сочилувчи материаллар учун сиғимли нам ўлчагич, суюқ материаллар намлигини назорат қилиш қурилмаси, донни сақлаш ва қайта ишлаш жараёнида намликни ўлчашнинг дастурий таъминоти, мураккаб технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришнинг такомиллаштирилган бошқарув тизими яратилди ҳамда Интеллектуал мулк агентлигидан патент олинди. Шунингдек, сифат менежменти тизими талабларига мувофиқ озиқ-овқат корхонасини метрологик таъминлашда ўлчаш воситаларини танлаш ва жойлаштиришни оптималлаштириш, пахта намлигини назорат қилишда сиғимли бирламчи ўзгарткичлар асосидаги усуллар таҳлил қилинди.
Халқаро алоқалар доирасида Берлин техника университети, Москва муҳандислик-физика институти, Беларусь миллий техника университети ҳамда Москва давлат техника университети билан ҳамкорлик ўрнатилган. Шериклик доирасида метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти бакалавриат таълим йўналиши бўйича Беларусь миллий техника университети билан 2+2 қўшма дастур шартномалари тузилди. Москва муҳандислик-физика институти билан 2021 йилдан эътиборан қўшма дастур асосида магистрлар тайёрланмоқда.
Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Тошкент давлат техника университети ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Мазкур агентлик таркибида метрология, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш кафедраси филиали ташкил этилган. Шунингдек, Ўзбекистон стандартлар илмий-тадқиқот институти билан ҳам ҳамкорлик ўрнатилган.
Илмий тадқиқот сифатини ошириш ва натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этишни жадаллаштириш учун патент ва ихтироларга аҳамият қаратилаётир. Бу борада олинган натижалар ишлаб чиқаришга жорий этиляпти. Хусусан, метрология, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш кафедраси жамоаси йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда. Космик тизимлар ва алоқа муҳандислиги бўйича олий таълим соҳасида салоҳиятни ошириш мақсадида 20192023 йилларга мўлжалланган лойиҳа ҳам жуда фаол. Erasmus+ билан биргаликда молиялаштириладиган давлатлараро қўшма лойиҳа доирасида ниҳоятда долзарб инновацион масалалар ўз ечимини топаётганини ҳам ютуқлар ҳосиласи деб баҳолаш мумкин.
Ушбу лойиҳанинг мақсади Ўзбекистон космик тизимлари муҳандислиги барқарорлигини таъминлаш учун талабаларга йўналтирилган “SPACE.COM” янги магистратура дастурини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва аккредитациясини қўллаб-қувватлашдан иборат. “Биз келажакни қурамиз!” шиори остидаги ушбу лойиҳа Европа Иттифоқининг энг яхши амалиёти бўлиб, меҳнат бозорига мос юқори малакали мутахассисларни ўқитиш учун инновацион таълим ва ўқув муҳитини яратади. Лойиҳа асосида ишлар бошланган ва унинг ҳаво кемалари ҳамда жиҳозларининг техник эксплуатацияси, космик тизимлар ва алоқа бўйича янги ўқув дастури қисми устида ишланмоқда.
Давлат илмий-техника дастурлари доирасида бажарилаётган илмий тадқиқотлар сифатида “Суюқликнинг кинематик қовушқоқлик бирлигини ҳосил қилиш учун бирламчи намунавий комплекс қурилмасини яратиш” амалий лойиҳаси ҳам ишга туширилган. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан Европа Иттифоқи молиялаштирган “Замонавий технологиялар ва тежамкор биотехнологияни жорий этиш орқали тупроқ унумдорлигини тиклаш ва пахта ҳосилдорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида кафедра профессор-ўқитувчилари илмий изланишларини давом эттиряпти. Шунингдек, Россия, Жанубий Корея, Германия, Канада, Беларусь, Украина, Латвия, АҚШ, Франция, Қозоғистон ва Туркия давлатларининг олий таълим муассасалари билан тузилган меморандум доирасида турли халқаро анжуман, симпозиум, танловларда мунтазам иштирок этиб келади. Чет эллик олимлар билан ҳамкорликда ўқув-услубий мажмуалар ҳам тайёрланмоқда.
Жаҳон банкининг илм-фанни тижорийлаштиришга ажратиладиган маблағи ҳисобидан кафедрага ўқув ва илмий тадқиқотларга мўлжалланган 29 турдаги лаборатория жиҳози олиб келинди. Улардан тегишли фан ўқитувчилари ва тадқиқотчилар лаборатория машғулотларини олиб бориш ҳамда илмий изланишларининг натижаларини олиш учун фойдаланмоқда.
Кейинги йилларда олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини такомиллаштириш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялар ва ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш орқали ўқув сифатини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари сони ҳамда самарадорлигини ошириш ҳисобига олий таълимга қамров даражасини 2030 йилга қадар эллик фоиздан ошириш юзасидан қатор амалий ишлар кўриляпти. Рақобатбардош миллий кадрлар тайёрлайдиган олий таълим тизими ислоҳотлари доимийлик ва изчиллик талаб этадиган жараёндир. Зеро, тобора глобаллашаётган дунёда сифатли кадрлар тайёрлаш масаласи ҳар бир давлатнинг келажагини белгилаб берувчи асосий омил экани ўз-ўзидан аён. Бугун глобаллашув ва давлатлараро рақобат тобора кучайиб, инновацион технологиялар ҳар соҳага чуқур кириб боряпти. Анъанавий жамиятдан ахборотлашган жамият сари ҳаракатлар кечаётган даврда мутахассисларимизни билимли, ташаббускор ва фаол шахс сифатида камолга етказиш доимий эътибордаги вазифаларимиздан бўлиб қолмоғи лозим.
Парахат МАТЯҚУБОВА,
Тошкент давлат техника университети профессори,
техника фанлари доктори