У ҳақида баъзан тутуми эркакча эди, деган сўзлар қулоққа чалиниб қолиши ҳам бор гап. Чунки у мард эди. Баъзи эркакларникидан зиёдроқ мардонаворлик бор эди опада. Ҳақ бўлса бировга сўзини бермайдиган журъати, қатъияти бор эди.
Ёши ўн олтига етмай ўзи туғилиб ўсган Полосон қишлоғида ҳарбийга кетган механизаторнинг тракторини миниб, бригадаси юкини енгил қилган ҳам шу қиз эди.
Йигирма ёшида ёшлар бригадасига етакчи бўлиб, қўриқ жойларда деҳқончиликни бошлаган, ерни ажриқдан тозалаш учун маблағ тополмай, механик отасига мукофотга берилган автомашинани сотиб, иш ҳақи сифатида тарқатган ҳам Лолахон эди. Тун ярмида ёлғиз ўзи томорқачилар билан сув талашиб ёқалашган ҳам шу Муродова...
Бундай ҳоллар кўп бўлган ва уларнинг ҳар бири айтишга, ибрат бўлишга арзигулик воқеа.
Албатта, у аввало, аёл эди. Нозик дид, юмшоқ дил, саришта, бошидан оппоқ рўмоли тушмайдиган аёл эди. Қақроқ дашт ерга бригадир бўлгач, шийпони олдида кичик пайкалча очиб, қишлоқдаги серунум ерлардан тупроқ ташиди. Гулу, райҳон, ўсма-ю хина эктирди. Қизларга керак-да. Велосипедда челаклаб сув келтириб қўярди.
Тақдиридан нолимас, кўзига ёш олмасди. Йўқ, бир марта ёш олди. Вилоятда бўлиб ўтган пахтакорларнинг қурултойида. Ёшлар бригадалари номидан унга сўз беришганда. Олтиариқнинг аксарият хўжаликлари Катта Фарғона ва Жанубий Фарғона каналларидан сув ичади. Яйраб-яшнаб деҳқончилик қилишади.
Фақат Лоланинг бригадаси ерларининг куни захоб сувларга қолган. Даласи зафарон, бегона ўту, ажриқ кавлаган одамларининг тортаётган азоби адоқсиз. “Қачонгача шунақа бўлади?” дея, ўксиниб юрарди. Минбарга чиққач, бу ўксик кўзидан ёш бўлиб қўйилди. “Қачонгача” дея, сўзини давом эттиролмай қолди.
Ўша пайтдаги вилоят биринчи раҳбари — Ҳамдам Умаров бир стакан сув келтириб, қизга узатди. Ён дастрўмолини олиб, қўлига тутқазади.
— Ёшингни арт қизим. Дардинг нима, бизга шуни айт. Кўплашиб давосини топармиз.
Бу далдадан ўзига келган Лола:
— Даламиз Фарғона каналидан икки чақирим нарида. Шовиллаб оқишини эшитамиз, кўрамиз. Аммо бир томчи сувига зормиз. Захоб сув ичамиз, ер суғорамиз. У ажриқнинг онаси. Йилига гектаридан етмиш тоннагача ажриқ терамиз.
— Зах сув ажриқнинг онаси, дегин. Хўш нима қилайлик?
— Битта насос, кичкинагина насос станцияси қуриш шунчалик қийинми? Учрамаган раҳбарим, бош урмаган эшигим қолмади. Ҳа, нима эмиш, Москов рухсат берса қурилармиш.
— Шуми дардинг?
— Шу.
Ҳамдам Умарович залга юзланди.
— Вилоят сув хўжалиги, канал бошлиқлари, архитектор, шу ердамисизлар?
Айтилган кишилар ўринларидан туришди.
— Қурултойдан кейин ҳаммамиз мана шу қизимнинг даласига борамиз. Масалани ўша ерда ҳал қиламиз. Сен эса, исминг нимайди ?
— Лола... Лола Муродова.
— Лола қизим, ҳозир далангга қайт. Бизни кутиб оласан.
Вилоят раҳбари уни икки бор қизим деганидан қўш қанот чиқариб, даласига учди. Ҳамиша ҳамроҳ дугонаси Манзурага қурултойда қандай йиғлаб бергани ҳақида мақтаниб улгурмасидан даласига вилоят, туман раҳбарлари, мутасадди кишилар етиб келишди.
Маълум бўлишича, сув тортиш станцияси қуриш ҳақида аввал ҳам гап бўлган, лойиҳалар қилинган, ҳамма муаммо унга кетадиган харажат — бир юз ўттиз икки минг сўмга қадалиб қолган экан. Бунга Республика сув хўжалиги ва молия вазирликлари, Республика ва ниҳоят СССР отлиқ ҳукуматнинг тегишли ташкилотлари рухсат бермаётган эмиш.
Ҳамдам Умарович тутақиб кетди:
— Бюрократлар! Область молиячиси, сув хўжалиги раҳбари бугуноқ ўз раҳбарларингизга хат тайёрланг. Ўзим имзо қўяман. Уларда шу пул топилмаса, ўзимизнинг захира фондимиздан олинглар. Бир ой муддат, насос станцияси қуриб битказилиши шарт.
Бу сўздан саросимага тушганлар ҳам бўлди.
Вилоят раҳбари давом этди.
— Яна битта гап. Шу кунгача ҳеч бир кўча, иншоот хўжаликка ҳаёт одамнинг номи қўйилмаган. Аммо биз бугун қўямиз. Бўлажак насос станцияси Лола Муродова номида бўлсин. Нима дейсизлар ?
Ҳамма баланд кайфиятда қарсак чалди. Лола Муродова ҳам. Аммо қачондир бу қарсакнинг бадалини тўлайман деб ўйламаганди. Ўзбекистон бошига бало бўлиб ёпирилган мудҳиш “пахта иши” уни ҳам четлаб ўтмади.
“Нима эмиш, Лола Муродова ўша кўз ёшини артиб қўйган Ҳамдам Умаровичга пора бериб, ўз номига насос станцияси қурдирганмиш”.
Қанчалар тутуриқсиз айблов-а. 100 сўмга етиб-етмай маош оладиган бечора бригадир қанақасига пора берсин. Кулгилими? Йўқ. Йиғлагулик.
Уни “десантчилар” уя қуриб олган Қиргулига сўроққа чақиришди. Уруш кўрган отаси Неъмат Муродов бирга келди. Сўроқ хонасига ҳам бирга кирди. Терговчи ҳарчанд урунмасин, бу қайсар чолни хонадан чиқариб юборолмади.
— Хўш Лола Муродова, машъал бригадир экансиз-да!? Бутун бошли сув тортиш станцияси сизнинг номингизда эмиш. Қанчага қурдиргансиз?
— Бир юз ўттиз икки минг сўмга дейишганди.
— Ўҳ-ҳу. Катта мулк-ку, Худоёрхонингиздаям бунча пул бўлмагандир.
— Унисини билмадим.
— Билмадим эмиш.
— Умаровга қанча узатгансиз?
Шу ерга келганда Неъмат ота чидолмади.
— Ҳой прокурор бола, сен нима деяётганингни биляпсанми? Ойлиги ўзига етмайдиган, бориниям бригадасига берадиган шу қиз қанақасига пора берсин?
Терговчиям паст келмади.
— Билганимдан айтяпман. Мана далил. Мана гувоҳларнинг кўрсатмаси, — дея қоғоз титкилашга тушди. — Булар билан қизингга қўшиб, сениям қамоққа тиқишга далилларим етарли.
— Қама, мен фронтчини қама. Аммо қизимни тинч қўй. Тўхта, сен ўзи қаердансан?
Неъмат отанинг фронтчилиги, важоҳати, кўксига уриб рус тилида равон сўзлаётгани “десантчи”ни ҳовуридан бироз туширди.
— Айтайлик, Днепропетровскдан, нимайди?
— Ҳой бола, мен тўрт йил жанг қилдим. Айнан сенинг шаҳрингни деб қон тўкдим. Сен эса менинг гуноҳсиз ҳамқишлоқларимни, қизимни қорага кўмиб қон йиғлатяпсан. Инсофинг борми?!
Фронтчининг ўқдек отилган сўзларига терговчи ортиқ дош беролмади.
Қўлида силкитиб турган қоғозларни бир-бир йиртиб, ёнидаги саватчага ташлади.
— Бўшсизлар!
— Қизим ҳамми?
— Ҳа, кўрдингизку, далилларни йиртдим. Яна нима қилай.
Лоланинг муштдеккина бошига тушган кўргуликлардан биттаси эди бу.
У ўзини палахмон тошига ўхшатарди. Тумандаги бирон жиддий йиғилишга киришга юраги безилларди. Қайси хўжалик ё участка ўтириб қолса асқотадиган Лола Муродова эди. Палахмон қўлида бўлганлар уни ўша ёққа ирғитишарди. Розилигини сўраб ҳам ўтиришмасди.
Энажарга келиб қолишиям шундай бўлган. Унда бу ерлар Киров номли хўжалик дейиларди. Меҳнат бору, унум йўқ эди. Ерга ер қўшилмасди. Ҳар йил режа қирқ-эллик фоиздан ошмасди.
— Лолахон Энажарга борасиз, — деб қолди туман каттаси Усмонжон Бегматов.
— Усмонжон ака, бирор марта розилигимни сўрайсизларми, — нолигандай бўлди Лола. — Каналдан сув олиб Полосонда яйраб қолувдик. Энди Энажарнинг учар қумларига рўпара қиляпсизми?
— Полосондаям ўн еттита эркак бошқариб эплолмаган ишни сиз уддалагандингиз. Учар қумлар қанотини қайириб олиш ҳам қўлингиздан келади. Одамлар сизга ишонади. Ортингиздан боришади.
Унда суянган тоғи –отаси ҳаёт эди. Далда бўлди.
— Кўз қўрқоқ дейишади. Ҳамма гап қўлда. Қўлингга ишон. Ёнингда мен борман.
Учар қумлар қанотини қайириш осон кечди дейсизми? Гап фақат қўлда эмас экан. Куну тун тракторидан тушмаган, ҳафталаб кирза этигини ечмаган ҳоллар кўп бўлди. Нима қилсин, хўжалик бошлиғи ҳам, тракторчиси ҳам ўзи. Унга эргашиб, Энажарга келган тенгқурлару онаси тенгилар учун бошпанаси йўқ бийдай далада нолимайдиган одамларга меҳрибон ҳам ўзи...
Шийпон масаласи. Лола Муродова бошлиқ бўлиб келганда хўжаликда битта кекса чинору омонат кападан бошқа нарса йўқ эди. Аввалги айрим раислар шинамгина уйидан қатнар, чамаси хўжакўрсинга даласига келар, шунда ҳам ўзи учун эккан полиздан хабар олиб қайтарди. Аҳвол шу бўлгач, режа қирқ-эллик фоиздан ошмайди-да.
Лоланинг биринчи иши ҳар ёққа бош уриб, иккита кенг палатка топиш бўлди. Унга ишониб келган ўттизга яқин эркагу аёлга алоҳида-алоҳида бошпана керакда. Ахир Полосон билан Энажар ораси ўн беш чақиримдан зиёд. Ташув транспорти — прицепли трактор.
Хўжалик бошига катта талафот тушмагунча пешонасига шийпон битмади.
...Ғўза айни шоналаган пайтда учар қумлар учарлигини қилди. Олтиариқда шамол турса, Энажарда довулга айланади. Оқшом бошланган шамол, тунда бўрон бўлиб, хўжалик экинларини пайҳон қилди. Довул тинмай даласи бошига келган Лола унда-бунда қумлар тагидан бош кўтариб турган ғўза чўпларига қараб йиғлади, унсиз йиғлади. Меҳнатига, қадрига, уни қора тортиб келган одамлар тақдирига куюнди.
Ихота учун кўпроқ дарахт экайлик деди, бўлмади. Одамлари ҳалиям шамол у ёғидан кириб, бу ёғидан чиқадиган палаткаларда жон сақлаяпти. Неча бор зориллади, бошпана қуриш ҳақида гап бўлмади. Аввал мотоциклини тариллатиб отаси, ортидан, туман каттаси Усмонжон Бегматов етиб келди. Лола уларга дардини тўкиб солди.
— Туну кун бошимизда шамол ўйнайди, қуёшнинг аёвсиз тиғи куйдиради. Еганимиз ғиж-ғиж қумли овқат, ичганимиз захоб, гўдакларнинг аталасидаям қум, уларнинг гуноҳи, бизнинг айбимиз нима, палахмон тошидай итқитилиб, борган жойларингда кунингни ўзинг кўр деганларингми?
Туманнинг каттаси ҳайдовчисига нимадир деб, изига қайтарди.
— Куйинманг, — деди у. Ҳозир туманнинг барча катталари, қўшни хўжаликлар техникаси-ю, одамлари етиб келишади. Чигитни бошқатдан экамиз.
— Май ойида-я?
— Июнда бўлсаям.
Уччовлашиб, икки юз олтмиш гектарлик экинзорни кўриб чиққунча, айтилган одамлар ҳам етиб келишди.
— Олтиариқда олтита қурилиш ташкилоти бор, раҳбарлари шу ердами, — сўради у. Ўрнидан қўзғолган одамларга қараб:
— Сизларга қирқ кун муҳлат, — деди.
— Архитектор билан келишиб, ўз ҳисобингиздан биттадан дала шийпони қуриб берасизлар. Ҳамма шароити бўлсин. Шу муддатда битказмасангиз Белариққа (Нурли ободнинг аввалги номини шундай аташарди) келиб, Лола Муродованинг қўлида бригадирлик қиласизлар. Эътирозлар, саволлар бўлмаса керак, — сўзига нуқта қўйди раҳбар.
Усмонжон Бегматов сўзи ўтадиган, айтганини қилдирадиган одам эди.
Ҳамма енг шимариб, ишга киришди. Ўша йил пахта ҳам бўлди, шийпонлар ҳам қурилди. Нурли ободнинг пойдеворига ғишт қўйилди.
Сўнг... Лола Муродованинг Энажарни “Нурли обод” қилгунча ўтган ҳар бир куни меҳнатга, машаққатга тўла ўтди. Булар баландпарвоз сўзлар эмас, уни ёш қизалоқлигидан билган одам сифатида айтяпман.
Роҳатли кунлар ҳам бўлди. Қадр топди. Қатор орденлар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими, хатто, Ўзбекистон Қаҳрамони унвонини олганини ҳам даласида туриб эшитди. Юртбошимизни шу ерда кутиб олди. Бундай шарафга муносиб эди у.
Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова билан ҳамкорликда Лола Муродова ҳақида пьеса ёздик. У Фарғона вилоят мусиқали драма театрида саҳналаштириладиган бўлди. Энахону, театр жамоаси жам бўлиб, “Нурли обод”га қайта-қайта бордик. Унинг номига аталган спектаклда куйланган қўшиқ ҳам айнан шу ерда туғилди. Ўша кезлари Лолахоннинг тасодифан айтган бир сўзи ёдимдан кетмайди.
— Жуда кўп телефон бўлади, — деганди у. — Водийни қўйинг, воҳадан, Сурхону, Қаршидан сўрашади. Сиз ҳақингизда жуда кўп эшитамиз. Борсак, кўрсак, сирингизни билсак дейишади. Менда сир нима қилсин. Оддий меҳнатда ҳаммаси... Келинглар, кўринглар дейман. Кўрсатиб, мақтанадиган далам бор. Гоҳида ўйлаб қоламан. Шу фермерлар мактабини очсамми деб. Худо умр бериб турса очаман ҳам. Тирикчилик қидириб, атрофга бош уриб юрган ёшларга нафи тегиб қолар дейманда.
Афсуски... Умри вафо қилмади. Аммо яхши ният ерда қолмас экан. Унинг эзгу мақсадлари бугун амалга ошиш арафасида.
Лола Муродова ҳаётининг айрим нуқталарига югурик назар ташладим. Кўз ўнгимда унинг бошда оппоқ рўмоли, кирза этиги тўпиғигача тупроққа ботиб, даласини тинмай кезаётган, “Нурли обод”ни нурли қилган, нурли сиймоси гавдаланиб туради.
Сайдали ОДИЛОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси