Ҳужжат билан Қозоғистондан 100 минг тонна 3-синф буғдойини (бир қисми ун) мақбул нархларда харид қилишга рухсат берилди.

Бош вазирнинг ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазирига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда Қозоғистон Ҳукумати ва «Продовольственная контрактная корпорация» миллий компанияси билан  буғдойни мақбул нархларда импорт қилиш бўйича келишув тузиш топширилди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўздавзахира» давлат захираларини бошқариш қўмитаси томонидан Қозоғистоннинг озиқ-овқат контракт корпорацияси билан апрель - июль ойларида 100 минг тонна буғдой ва ун етказиб бериш бўйича шартнома имзоланади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига ички ва ташқи бозорлардаги вазиятдан келиб чиқиб, яна 500 минг тонна буғдойни импорт қилиш зарурати юзасидан асослантирилган таклиф киритиш топширилди.

 Қарорда белгиланишича, импорт қилинадиган буғдой (ун) ва ўсимлик ёғини темир йўллар орқали ташиш 50 фоизли чегирма билан амалга оширилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.04.2022 йилдан кучга кирди.