Анжуман Ўзбекистон Миллий университети делегациясининг 2022 йил декабрь ойида Қозонга амалий ташрифи доирасида Филология ва маданиятлараро алоқалар институти ҳузурида ташкил этилган Мирзо Улуғбек илмий-ўқув марказида ўтказилди.
Филология ва маданиятлараро алоқалар институти директори Радиф Замелетдинов ушбу маънавий-маърифий кечани ташкил этиш ташаббуси учун Бош консулхонага миннатдорлик билдириб, Навоий ва Бобур мероси нафақат туркий халқларнинг, балки дунё афкор оммасининг беқиёс хазинаси эканини таъкидлади.
Бош консул Фариддин Насриев Ўзбекистонда Навоий ҳамда Бобур ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш, уларнинг асарларини давлатимиз ҳамда хорижий мамлакатларда оммалаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Дипломат ҳар икки буюк ижодкор дунё адабиёти тарихида жуда катта ўрин тутишини, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт аҳлига кўрсатган ҳомийлиги жиҳатидан ҳам ўхшаши йўқ сиймолар эканини, улар бугун ўзбек халқининг миллий ифтихорига, адабий, маънавий камолот тимсолига айланганини қайд этди. Бош консулхона Мирзо Улуғбек илмий-ўқув маркази билан маданий-маърифий тадбирларни ташкил этишда ҳамкорликни янада фаоллаштиришга тайёр эканлиги маълум қилинди.
Анжуманда икки давлат вакиллари Навоий ва Бобурнинг бетакрор меросининг юксак аҳамияти ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Буюк мутафаккирларнинг ғазаллари ва рубоийларидан намуналар янгради.