Республикамизнинг барча ҳудудларида улкан ҳажмдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб бориляпти. Бунинг натижасида юртимизда бир-биридан шинам турар жойлар ва осмонўпар бинолар қад кўтармоқда. Албатта, бу биноларга ишлатилаётган қурилиш маҳсулотлари ҳам стандарт талабларига жавоб бериши лозим. Акс ҳолда, қурилишлар инсон ҳаёти учун жиддий хавф туғдириши турган гап.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлиги ўртасида имзоланган Меморандум асосида, жойларда қурилиб фойдаланишга топширилган ва қурилиши давом этаётган бино ва иншоотларда жамоатчилик назорати тартибида кузатув-ўрганишлар олиб борилмоқда.

Афсуски, ўрганишлар натижасини ижобий деб бўлмайди. Таҳлиллларга кўра, Нурота туманидаги 6-ДМТТ 2020 йил феврал ойида “Азизбек нурли келажак сари” МЧЖ (Шаҳло Мерганова) томонидан қурилиб, фойдаланишга топширилган. Ачинарлиси, мактабгача таълим ташкилотининг девор билан ўралмаган ҳудуди 3 томони тўғридан-тўғри аҳоли яшаш хонадонларининг девори билан чегараланган. Ҳовлиларнинг катта-кичиклиги, баланд-пастлиги, таъмирланган ё таъмирланмаганлигини кўриб ҳам таълим ташкилоти ҳовлисининг кўринишини тасаввур қилишингиз мушкул эмас.

Бино атрофидаги цемент йўлак четлари емирилиб, ишнинг ҳам, цемент маҳсулотининг ҳам сифатсизлигидан далолат бериб турибди. Ёғингарчилик вақтларида аҳоли ҳонадонларининг томидан оқадиган ёмғир ва қор сувлари тўғридан-тўғри ДМТТ ҳовлисига тушадиган қилиб қўйилган. Бино ва қўшни ҳовлилар томидан тушадиган сувлар ДМТТ ҳовлисига — болалар майдончаларига, экин майдонларига келиб тўпланади ва ўз навбатида, бинога ҳам жиддий зарар етказади.

Ушбу бинонинг новлари ҳам ёғингарчилик сувларининг тўғридан-тўғри бино атрофидаги йўлаклар орқали болалар ўйин майдончаларига, экинзорларга келиб тушадиган қилиб қурилган.

Бинога кириш фоесининг ташқи қисмига ўрнатилган нов ҳам бино “ҳуснига ҳусн қўшиб турибди”, дея хабар қилади Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ахборот хизмати.