Қурилиш вазирлиги ҳузурида Қурилишда техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Давлат муассасаси шаклида фаолият олиб борадиган мазкур институт қурилиш ва шаҳарсозлик соҳасида илмий-тадқиқотлар асосида техник жиҳатидан тартибга солиш, меъёрлаш ва стандартлаштириш ишларини олиб боради.
Миллий классификатор ва электрон каталогни юритиш, бино ва иншоотларни ахборот моделлаштириш, яъни, BIM-технологияларини жорий этиш каби вазифалар ҳам шулар жумласидан.
Эътиборли томони, қурилиш соҳасида нархларни шакллантириш ва унинг механизмларини аниқлаш масалалари бўйича мазкур институт ваколатли давлат муассасаси ҳисобланади. Фундаментал тадқиқотларга асосланган илмий ишларни олиб бориш мақсадида институтда докторантура ҳамда мустақил изланувчи илмий кадрларни тайёрлаш ҳам йўлга қўйилади.
Бу борада маҳаллий ҳамда хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилинади. Мазкур таълим масканида соҳага оид хорижий тажрибалар, стандартлар, нормалар ва қоидалар ўрганилади.
Қурилишда нархларни шакллантириш бўйича меъёрий-техник ҳужжатлар таҳлил қилиниб, улар асосида техник жиҳатдан тартибга солишга доир миллий норматив ҳужжатлар такомиллаштириб борилади. Нормалар ва қоидаларнинг ягона реестри, электрон базаси ва фондини шакллантириш ва юритиш ишлари ҳам амалга оширилади.
Қурилишда BIM технологияларини татбиқ этишда имплементатор, яъни жорий этувчи функцияни бажариш ҳам кўзда тутилган. Институтда BIM-сервер ва ахборотларни қайта ишлаш маркази фаолиятини йўлга қўйилади. Ахборот моделларининг марказлашган банки шакллантиририлади ва юритиб борилади. Умуман олганда мазкур соҳада илмий ва амалий фаолиятни қамраб олади.