Унда бир қанча истеъдодли болажонлар иштирок этиб, томошабинларга янги қўшиқларни тақдим этишди.

Концерт болалар учун таълим ва санъатни уйғунлаштирган замонавий лойиҳа сифатида катта таассурот қолдирди. Дастур давомида ўзбек алифбосидаги ҳарфлар ва рақамлар қизиқарли саҳна ечимлари, ёрқин анимациялар, мусиқий композициялар ҳамда болаларнинг жўшқин ижроси орқали намойиш этилди.

“Қувноқ алифбо” лойиҳаси болаларнинг саводхонлигини ривожлантириш, ижодий тафаккурини бойитиш ва мусиқага бўлган қизиқишини ошириш мақсадида яратилган.

— Концерт дастуридан 6 ёшли болалар учун мўлжалланган, алифбо ҳарфлари ва рақамларга бағишланган жами 44 та қўшиқ ўрин олди, — дейди Ўзбекистон давлат консерваторияси доценти, “Булбулча” болалар ансамбли бош дирижёри Ўктамжон Шокаримов. — Бу қўшиқларни бутун Ўзбекистон болажонлари куйлашлари мумкин. Биз тажриба тариқасида овоз имконияти яхши шаклланган болаларни саралаб олдик ва уларга ушбу куйларни ижро эттирдик. Натижада болалар икки ой мобайнида 42 та қўшиқни ҳеч қандай қийинчиликсиз ўрганишди.

Болажонлар учун тақдим этилган ушбу куй-қўшиқларни YouTube платформасида икки хил форматда — тўлиқ ижро ва караоке тарзида тинглаш ҳамда куйлаш имконияти мавжуд.

Ҳар бир композиция болалар имкониятига мос равишда қувноқ, эсда қоларли ва таълимий руҳда саҳналаштирилди.

Концертда бошланғич синф ўқитувчилари, мактабгача таълим ташкилотлари мусиқа раҳбарлари, ота-оналар ва санъат ихлосмандлари иштирок этдилар. Томошабинлар болалар ижросини илиқ кутиб олиб, дастур якунида узоқ давом этган олқишлар билан қўллаб-қувватладилар.

— Набирам ушбу болалар ансамблига қатнашишни бошлаганига тўрт ой бўлди, — дейди ансамбль аъзосининг бувиси Мунаввар Маҳмудова. — Бугунги концерт дастуридан жуда хурсанд бўлдик. Болажонларимизга мана шундай чиройли байрам ва қувонч улашган ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Лойиҳадаги шеърлар болалар шоири Кавсар Турдиева қаламига мансуб бўлиб, мусиқалар бастакор ва дирижёр Ўктамжон Шокаримов томонидан яратилган.
— Фарзандим тўрт йилдан буён мана шу ансамблда таҳсил олади, — дейди ота-оналардан бири Моҳинур Ҳайдарова. — Бу ердаги меҳрибон устозларнинг меҳнати туфайли ўғлим нафақат рақс тушишни ўрганди, балки ундаги нутқ билан боғлиқ айрим муаммолар ҳам бартараф бўлди. Жамоада фарзандим ўзини жуда эркин ҳис қилади ва машғулотларга ҳар доим катта қувонч билан келади.

— Мен ушбу ансамблга анчадан бери қатнашаман. Бу ердаги машғулотлар ва рақс тушиш менга жуда ёқади, — дейди жажжи ижрочи Имона Қаюмова. — Бугунги концертга тайёргарлик кўриш биз учун қийин бўлмади. Саҳнада бор маҳоратимизни кўрсатишга ҳаракат қилдик. Тенгдошларим ва бошқа болажонларга ҳам шундай тўгаракларга қатнашишни тавсия қиламан.

Хулоса қилиб айтганда, саҳна болалар учун нафақат иқтидорни намойиш этиш майдони, балки ички ҳаяжон ва қўрқувларни енгиб, ўзига бўлган ишончни шакллантирадиган ўзига хос мактаб ҳамдир. Болажонларнинг илк ҳаяжонларини мана шундай мазмунли ва қувноқ лойиҳалар орқали енгиб ўтиши уларнинг келажакда эркин ва комил инсон бўлиб улғайишида муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, ўсиб келаётган ёш авлодни мусиқа, рақс ва санъат тўгаракларига янада кенг жалб этиш, уларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир. Зеро, санъат билан ошно бўлган бола қалбида илмга, гўзалликка ва ҳаётга бўлган муҳаббат эрта уйғонади.

Мадина Ботиржонова,

Зулхумор Акбарова