Шунингдек, қабул қилинган янги тартибга кўра, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб иш берувчилар бўш иш ўринлари ҳақида бандлик органларига мажбурий ҳисобот бермайди ва улар тавсия қилган номзодни қабул қилмаганлик учун жавобгарликка тортилмайди. Бу ўзгаришлар меҳнат бозорида ҳам иш берувчилар, ҳам иш излаётганлар учун айни муддао. Бандлик вазирлиги томонидан жорий этилаётган рақамли платформалар, электрон шартномалар, малака ваучерлари каби турли механизмлар эса тизимни кенг ҳамда самаралироқ ишлашга ундайди.

Аввалги тизимда иш берувчи ҳар бир бўш иш ўрни ҳақида маҳаллий бандлик органларига ҳисобот топшириши шарт эди ва улар юборган номзодни рад этгани учун жавобгарликка тортилар эди. Янги тартиб эса бу механик назоратни бекор қилиб, ягона миллий меҳнат тизими (ЯММТ) орқали рақамли ва марказлашган маълумот алмашинувини йўлга қўяди.

Бу ўзгаришларнинг ижобий жиҳати – бюрократиянинг камайиши, иш берувчилар учун ҳужжат юритиш ва ҳисобот бериш юкламасини енгиллаштириш билан бир қаторда, давлат меҳнат бозорида “мажбурловчи назоратчи”дан кўра “ишончли ҳамкор” позициясига ўтиш ниятини кўрсатмоқда. Бу иқтисодий либераллашувнинг бир кўриниши бўлиб, хусусий сектор фаоллигини оширишга хизмат қилади.

Иш берувчилар учун ёпиқ эшиклар очилмоқда

Янги тартибга кўра, эндиликда даврий ҳисоботларни топширишдаги бюрократия ташвиши камаяди, иш берувчиларга кўпроқ эркинлик асосида вакансиялар билан ишлаш имкони яратилмоқда.

Электрон меҳнат шартномаларини (Face ID орқали) тез ва қулай тарзда тузиш имконияти жорий этилиб, расмийлаштириш жараёни рағбатлантирилади. Бу эса хусусий сектор ва кичик бизнеслар учун катта енгиллик яратади.

Миллий вакансиялар базасида фуқаролар мустақил равишда иш учун ҳужжатларни юборишлари ва рекрутерлар орқали тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришлари мумкин бўлади. Меҳнат органлари фуқароларга анкеталарни тўлдириш, ҳужжатларни тўғри юбориш ва номзодликнинг танлаб олиниши учун кўмаклашади.

Президентимизнинг 2025 йил 4 июлдаги “Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, эндиликда ҳар бир бўш иш ўрни ва номзод маълумотлари Миллий вакансиялар базасида акс этади. Бу базада иш изловчи мустақил равишда ҳужжат юбориши, иш берувчи билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиши мумкин. Маҳаллий бандлик органлари эса номзодларни саралаб, иш берувчига тавсия этади.

Бундай тизим қатор афзалликлар беради: шаффофлик ва очиқ маълумот майдонини яратади, ортиқча оворагарчиликларга барҳам беради. Натижада иш изловчи Миллий вакансиялар базаси орқали вакансияларга мустақил равишда ариза юборади, иш берувчи билан тўғридан-тўғри алоқада бўлади. Бу — эркин ва қулай, чунки фаолликни рағбатлантиради, маълумотлар шаффоф тарзда сақланади. Бироқ бу тизимнинг самарадорлиги ахборот тизими барча ҳудудларда бир хил ишлаши, маълумотлар тўлиқ ва ҳаққоний юборилишига боғлиқ.

Мувозанат варақаси

Энди иш қидираётган шахслар Миллий вакансиялар базасидаги бўш иш ўринларига ишга жойлашиш мақсадида тегишли ҳужжатларини электрон шаклда мустақил юбора олади. Бу орқали иш берувчилар билан тўғридан тўғри мулоқот ўрнатиш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, маҳаллий меҳнат органи масъул ходимлари ҳам иш изловчи фуқарога ёрдам беради. Яъни Миллий вакансиялар базасидаги бўш иш ўринлари учун иш излаётган фуқаролар орасидан мос келадиган номзодларни саралаб, уларни ишга жойлаштиришда иш берувчилар билан ҳамкорлик ўрнатади.

2026 йил 1 январга қадар дастлаб Тошкент шаҳрида, келгусида эса республиканинг барча ҳудудларида иш берувчиларга амалий билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни топиб беришда меҳнат органлари томонидан кўмаклашиш тизими жорий этилади. Бандлик вазирлиги ҳузурида иш берувчилар ва иш қидираётган фуқаролар учун НR лойиҳа офиси ташкил қилинади. Бу лойиҳа офиси мутахассислари фуқароларга ўз анкетасини қандай тўлдириб, қай тартибда иш излашни ҳам тушунтириб боради.

Бунда, юқорида таъкидланганидек, Миллий вакансиялар базасида бўш иш ўринлари акс этади. Иш берувчиларнинг сўровига асосан номзодлар сараланиб, улар тўғрисидаги маълумотлар электрон платформа орқали юборилади. Иш берувчи ўзига мос келадиган номзодни танлаб, ишга қабул қилади.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги – меҳнат бозорида ишончли воситачига айланади. Меҳнат бозорида иш берувчилар ва талабгорларни бир-бирига боғлаш мақсадида рекрутерлар билан ҳамкорликда малакали мутахассислардан иборат “HR лойиҳа офиси” ташкил этилиб, янги рақамли платформа яратилади.

Бу тизим дастлаб Тошкент шаҳрида, кейинчалик бутун республика бўйлаб татбиқ этилади. Ушбу платформанинг моҳияти шундаки, иш берувчилар бўш иш ўринлари тўғрисидаги ҳаққоний маълумотларни жойлайди, иш излаётган фуқаролар ўзлари тўғрисидаги маълумотларни киритадилар. “Лойиҳа гуруҳи” дастлабки саралашни амалга оширади ва иш берувчиларга энг муносиб номзодларни таклиф қилади, иш берувчи ўзига мақбул мутахассисларни мустақил танлаб олади.

– Платформа текин хизмат кўрсатади ва шу тариқа ушбу тизим иш берувчиларни бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни шакллантиришда фаолликка ундайди. Фуқароларни сифатли, расмий иш билан таъминлайди. Иш берувчининг талабидан келиб чиқиб касбий таълим тизимини ривожлантиради, – дейди камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг матбуот котиби Гулноза Алимова. – Тошкентда пилот тарзда жорий этилаётган, кейинчалик бутун республикага татбиқ қилинадиган рақамли платформа иш жараёнини автоматлаштириб, маълумотларни шаффоф кўришга ёрдам беради. Платформа хизматлари текин бўлиб, бу иш берувчилар ва фуқароларни фаолликка ундайди.

Янги тартибга кўра, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб, ходимлари сони 50 нафаргача бўлган хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳасидаги корхоналарга ЯММТ орқали Face ID ёрдамида электрон меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилишга рухсат берилади.

Бундай корхоналарга Меҳнат кодексининг 29-бобидаги микрофирмалар учун махсус тартиблар татбиқ этилади — меҳнат шартномасидан ташқари ички ҳужжатларни (ички меҳнат қоидалари ва бошқалар) юритиш талаб этилмайди.

Бу енгиллик кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун катта имкониятдир, чунки улар ортиқча бюрократиясиз ходим ёллай олади. Бироқ, меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш учун электрон тизимда ҳам шартнома шартлари ва ишчи ҳуқуқларини аниқ белгилаш муҳим.

Яна бир муҳим жихат шундаки, юқоридаги фармонга кўра, малакани ошириш ва касбга қайта тайёрланиш ваучери жорий этилади. Жумладан, 2025 йил 1 ноябрдан малакасини ошириш ёки касбга қайта тайёрланишни истаган шахсларга қўшимча таълим олиш учун “касб ваучери” берилади. Ваучер ссуда сифатида берилади. Ўқишни тугатиб сертификат олган ва ишга жойлашган шахс ссудани 2 йил ичида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига қайтаради. (Ногиронлиги бўлган шахслар ва “Камбағал оилалар” реестридагилар бундан мустасно). Ногиронлиги бўлганлар, 3 ойдан ортиқ давом этадиган курсларда ўқиётган камбағал оила аъзолари ва доимий яшаш жойидан бошқа ҳудудга қатнаб ўқиётганларга таълим даврида энг кам иш ҳақининг 1 баравари миқдорида стипендия тўланади. Аммо, ишсизлик нафақаси олаётган даврда стипендия берилмайди.

2026 йил 1 февралгача ўқув дастурларининг назарий қисми асосида видеодарсликлар тайёрланади ва интернетда бепул фойдаланиш учун жойлаштирилади. Иш берувчилар тингловчиларнинг имтиҳон топшириш жараёнини онлайн кузатиш имкониятига эга бўлади. Тизимнинг барча босқичлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Шунигдек, 2026 йил 1 мартга қадар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан касб-ҳунар ўқитиш тизими 3 босқичли модел асосида ташкил этилади: видеодарсликлар, касбга ўқитиш, малака ошириш. Ўқитиш назарий ва амалий шаклда бўлиб, тест синовларидан муваффақиятли ўтганлар амалий босқичга ўтказилади.

Ушбу ўзгаришлар меҳнат бозорида шаффофлик, самарадорлик ва рақамлашув сари катта қадам бўлмоқда. Иш берувчилар учун бюрократик тўсиқлар камаяр экан, улар учун жараён енгиллашаяпти. Иш изловчилар эса мустақил, рақамли платформа орқали ўзаро фаол алоқада бўлиб, имкониятларни кўпроқ қўлга киритади. Умуман, мазкур фармон қўллаб-қувватловчи тизим ва рақамли воситалар билан меҳнат бозорини изчил ва барқарор ислоҳ қилишга хизмат қилади.

Зеро, асосий мақсад иш берувчиларга бўлган маъмурий босимни камайтириш орқали ёшларга, хотин-қизларга ва барча фуқароларга тенг ва фаол иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтиришдан иборат. Иш ҳақи, шартномалар, таълим ва босқичма-босқич малака ошириш тизимлари орқали замонавий жараёнларнинг изчил равишда ишлашига асосланган шароитлар яратилмоқда.

Сирасини айтганда, ушбу ислоҳотлар — меҳнат бозорида самарадорлик, шаффофлик ва имкониятли жамият сари яна бир муҳим қадамдир. Агар ушбу инновацион чоралар қатъий амалга оширилса, бу мамлакатимизда ижтимоий барқарорлик ва рақобатбардош ишлаб чиқаришни ривожлантиришга муҳим асос бўлади.

Зулхумор АКБАРОВА