Давлатимиз раҳбари жаҳон иқтисодиёти шиддат билан ўзгариб бораётган шароитда ҳеч бир соҳани рақамли технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмаслигини таъкидлади.
"Рақамлаштиришдан бош тортаётган раҳбар - коррупцияни йўқ қилишга интилмаган раҳбар", деди Президент.
Жорий йилнинг ўзида мамлакатимизда:
- таълим, банк, молия, божхона, қишлоқ хўжалиги, геология, кадастр каби соҳаларни рақамли трансформация қилиш доирасида 100 та дастурий лойиҳа ишлаб чиқилди;
- 500 дан зиёд янги IT компаниялари ташкил этилиб, соҳага 475 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция кириб келди;
- йил якуни билан IT хизматлари ҳажми 10 триллион сўмга етиши (2022 йилга нисбатан – 1,5 баробар кўп), экспорти эса 300 миллион доллардан ошиши (2 баробар) кутилмоқда.
Лекин соҳани янада ривожлантириб, халқаро даражага олиб чиқиш бўйича қилинадиган ишлар ҳали жуда кўп, деди Президент.
Бу йил IT соҳаси экспорти Тошкент вилоятида – 100 мингдан 4,4 миллион долларга, Самарқандда – 700 мингдан 3,2 миллионга, Андижонда – 60 минг доллардан 2,8 миллион долларга ошиб, юқори суръатларда ўсди. Сурхондарё ҳам илк бор IT хизматлари экспортини йўлга қўйиб, 1 миллион доллардан оширди.
Лекин, экспорт Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Наманган ва Сирдарёда 500 минг долларга ҳам етмайди.
Ҳудудларда 20 мингдан ортиқ ёшлар IT билан мустақил шуғулланиб, халқаро онлайн платформалар орқали яратган маҳсулотини четга сотаяпти.
Масалан, фарғоналик ёш дастурчи Брайл алифбосини таржима қиладиган дастур яратиб, АҚШ, Мексика ва Бразилияга 150 минг долларга сотган.