Бозор иқтисодиёти муносабатлари шароитида рақобатбардош, етук кадрларни тайёрлаш қатъий талабга айланди. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда бу борада муайян даражада уринишлар ва саъй-ҳаракатлар бўлганини тан олиш лозим. Ўзини оқлаган ва ижобий самара берган усуллар ҳам талайгина. Аммо бугун замон ўзгарди. Талаб ва таклифлар, шунингдек, эҳтиёжлар ҳам ўта глобаллашган, кучли рақобат муҳити юзага келган. Олий таълим тизимидан ана шу рақобат муҳитига жавоб бера оладиган мутахассисларни тайёрлаш талаб этилмоқда.
2019 йилнинг октябрида Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Интеллектуал тараққиётни жадаллаштириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш сингари вазифалар мазкур ҳужжатга асос қилиб олинди.
Концепция мамлакатимиз олий таълим тизимини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини ўзида акс эттиради. Унда олий ўқув юртларида қамров даражасини кенгайтириш ҳамда таълим сифатини ошириш, рақамли технологиялар ва таълим платформаларини жорий этиш, ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, инновацион тузилмаларни шакллантириш, илмий тадқиқотлар натижасини тижорийлаштириш, халқаро эътирофга эришиш ҳамда бошқа кўплаб аниқ йўналишлар белгилаб берилган. Булар таълим жараёнини янги сифат босқичига кўтариш учун хизмат қилади.
Сўнгги йилларда битирувчи ёшларни олий таълим муассасаларига кенгроқ жалб қилиш мақсадида қабул квоталари сони сезиларли даражада оширилди, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қўшимча ўринлар ажратилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг 2020 йил 4 февралдаги 12-баёни билан қўшни давлатлар, хусусан, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондаги олий ўқув юртларида таълим олаётган ёшларнинг ўқишини кўчиришга рухсат берилди.
Шунча имкониятларга қарамай, ўқишни давом эттириб, олий таълим олишни истайдиган ёшлар ҳар доим ҳам мақсадига эришавермайди. Олий таълим муассасаларининг умумтаълим мактаблари билан ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан белгиланган ишларни давом эттириш, иқтидорли ва қобилиятли ёшларни мактаб давридан саралаб олиш лозим. Қолаверса, ўқишни давом эттиришни истаган ҳар бир ўғил-қиз, албатта, олий таълим муассасасига қабул қилиниши, масъуллар уларга ана шундай шароитларни тақдим этиши зарур.
Назарий билимларнинг ўзи камлик қилади
Таълим жараёни олдига қўйилган бугунги кун талаби пухта назарий билимли мутахассислар билан бирга, амалий фаолият лаёқатига эга бўлган кадрларни ҳам тайёрлашдан иборат. Назарий билимларнинг ўзи бугун талабага камлик қилади. Олий маълумот тўғрисида дипломи бор бўлса-да, “қўлидан иш келмайдиган”, амалиётда ўзини синаб кўрмаган мутахассисга ҳеч ким иш бермайди ёки ундан тезда воз кечади. Яна ҳам аниқроқ тасаввур қилиш учун мисол келтирамиз: талаба ўзи ўрганаётган объектни кўзи билан кўрмаса, унинг устида тажриба ўтказмаса, жараённи кузатиб бормаса, ундан яхши мутахассис чиқиши гумон.
Самарқанд ветеринария медицинаси институти ташкил этилганига бор-йўғи уч йил бўлди. Замонавий лаборатория — виварий (ҳайвонлар клиникаси) қуриш лойиҳаси ҳамиша режамизда бўлган ва мазкур режа амалга оширилди. Виварий қурилиб, янги ўқув йилидан ишга туширилди. Институт ҳудудидан мос жой танланиб, ҳукумат, қолаверса, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида ушбу махсус иншоот қурилиши якунига етказилди. Бу эътироф этишга арзийдиган иш бўлди, дейиш мумкин. Албатта, талабаларимиз учун ўқув-тажриба хўжалиги ҳам мавжуд. Шунингдек, малака амалиётини ўташ учун хўжалик ва ташкилотлар билан шартномалар ҳам имзоланган. Ҳайвонлар клиникаси ишга тушса, талабалар учун машғулотлар янада қизиқарли ва жонли ўтишига шубҳа йўқ.
Илмий фаолиятни катта ақлий ва жисмоний меҳнат, деб таърифлаш мумкин. Ўтган давр мобайнида яқин ўтмишимизда айрим шундай авлод, илм намояндалари шаклландики, улар илмий ишларини, тадқиқотларни, ишланмаларни кутубхоналарда ўтириб бажарадиган бўлди. Амалиёт бўлмаса, ўзи ўрганаётган объектни кўрмаса, билмаса, бу илм эмас, тадқиқот ҳам эмас. Шунингдек, баъзан шундай ҳолатлар кузатилдики, ўз вақтида бу ишларни лабораторияларда амалга оширишнинг имкони бўлмасди. Ана шундай шароитда ҳам илмга талабгорлар топилган, яхши, халққа ва жамиятга фойдаси тегадиган илмий ишлар ёқланган.
Айни кунда Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг бош биносида замонавий ва энг сўнгги русумдаги ускуналар, жиҳозлар билан таъминланган 9 та лаборатория фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда талабалар ва профессор-ўқитувчилар ўқув машғулотларини ўтказади. Шунингдек, илмий фаолиятни давом эттиришни истаганлар учун бу лабораториялар катта имконият тақдим этади.
Бугун жамият ҳаётида ўзгаришлар, янгиланишлар шиддат билан рўй бермоқда. Эртанги кунимиз эгалари бўлмиш ёшлар ушбу ўзгаришлар моҳияти ва мақсадини тўғри англаши, хулоса ва таҳлил қилиши, зарур бўлса, кейинги жараёнларни прогноз қила олиш қобилиятига эга бўлиши жуда муҳим.
Шу ўринда табиий савол туғилади. Бугунги ёшлар юртимиздаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини англаб, уларга тақдим этилаётган имконият ва имтиёзлардан самарали фойдалана оляптими?
Бир жиҳат кўнгилга хотиржамлик бахш этади. Ветеринария ва биотехнология соҳалари айни кунда ўта замонавий, тренддаги касблар ва энг юқори ҳақ тўланадиган соҳалар сирасига киради. Бизда кимё, биология, физика, математика фанлари ўқитилади, мазкур табиий фанлар асосида ва унинг турли тармоқлари бўйича кенг миқёсда илмий тадқиқотлар олиб борилади.
Самарқанд ветеринария медицинаси институти профессор-ўқитувчилари амалий, инновацион, стартап ва фундаментал лойиҳаларда иштирок этмоқда. Жумладан, бу йил Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилган 40 дан ортиқ лойиҳамиз орасидан умумий қиймати 10 миллиард сўм атрофидаги 5 таси айни кунда молиялаштирилмоқда. Хорижий грант лойиҳаларимиз ҳам бор, албатта. Жумладан, аграр соҳани ўрганишда назарий таълимдан амалиётга йўналтирилган таълимга ўтишни назарда тутадиган TOPAS (умумий қиймати 91 минг евро) ҳамда Ўзбекистонда ветеринария тармоғининг таркибий таълими бўйича (умумий қиймати 168 минг доллардан ортиқ) BUZNET лойиҳаларида иштирок этяпмиз.
Демак, бугун илмий иш қилиш учун шарт-шароит етарли. Ҳукуматдан ёрдам олиш, халқаро хорижий грант дастурларида иштирок этиш мумкин. Ёшлар учун ҳеч қандай монелик йўқ. Ҳаммаси ўзларининг саъй-ҳаракати ва интилишига боғлиқ. Таъкидлаганимиздек, айни кунда озиқ-овқат хавфсизлиги ва биотехнология соҳаси энг долзарб ва глобал бўлиб, ушбу йўналиш бўйича Самарқанд ветеринария медицинаси институти ёш олимлари, талабалари, магистр ва докторантлари турли илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Бу тадқиқотлар бугунги кун учун жуда аҳамиятли ва муҳим.
Илмий фаолият талабага нима бериши мумкин?
Институтда яхши бир анъана шаклланган. Талабалар, магистрлар, докторантлар томонидан олиб борилаётган тадқиқот ишлари бўйича семинар-тренинглар ташкил қилина бошланди. Семинар-тренингларни катта олимлар, профессорлар ва шу соҳада нуфузга эга мутахассислар эмас, эндигина илм оламига кириб келаётган талаба-ёшлар, бўлғуси олимлар ўтказмоқда. Асаларичилик, қуёнчилик, балиқчилик ва чорвачилик каби соҳаларда ёшлар турли юқумли ва юқумсиз касалликларни маҳаллий шароитда ўрганади, тадқиқот натижаларини оммага намо йиш қилади. Бу жараён уларнинг келгусидаги тадқиқотлари учун ҳам жуда фойдали бўлиши мумкин.
Бугун олийгоҳларнинг бакалавриат босқичини битираётган ёшларнинг 10-20 фоизигина магистратура босқичида ўқишни истайди. Бакалавриатдан кейинги босқичда ўзи ким қайси мавзуда илмий тадқиқот олиб бориши маълум бўлиб бораверади. Магистратурани битираётган ёшларнинг ҳам 10 ёки 15 фоизи докторантурада қолади. Биз ана шу фоизларни кўтаришга интилишимиз керак. Чунки илмга талабгорлар қанча кўп бўлса, улар орасида, илмий тилда айтганда, “табиий танланиш” ҳаққоний ўтади. Ўқишни давом эттириш учун баъзиларда молиявий имконият етмайди, айримларнинг оилавий шароити бўлмайди. Бунинг учун эса, билим олишга қизиққан ёшлар, аввало, саралаб олиниб, уларнинг ўз қизиқиши бўйича иқтидорини юзага чиқариш учун шарт-шароит яратиш муҳим аҳамият касб этади.
Илмдан бошқа нажот йўқ. Бу йўлда энг катта масъулият, ҳал қилувчи куч, албатта, олий таълимдир. Тизимга алоқадор ҳар бир мутахассис, мутасадди ана шу масъулиятни, улуғ мақсадни, халқимизнинг ишончи ва умидини юракдан ҳис қилиши, миллатимизнинг келажагига дахлдор шахслигини англаб етиши, шу ишончга лойиқ бўлиши зарур. Бу ишонч, қолаверса, иймон-эътиқод жуда тез фурсатда ўзининг ижобий самарасини беради.