Мазкур ҳолат юзасидан вазирликнинг маълум қилишича, Тошкент шаҳридаги Талабалар шаҳарчасида Тошкент давлат техника университети томонидан давлат-хусусий шериклик асосида қурилган талабалар турар жойи ҳали расмий равишда фойдаланишга топширилмаган.

Маълум бўлишича, объектнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган, ундан фойдаланиш учун зарур рухсатномалар ҳам олинмаган. Шу сабабли мазкур объектга талабаларни расмий тартибда жойлаштириш имкони мавжуд бўлмаган.

Амалдаги тартибга кўра, талабалар турар жойига жойлашиш учун талаба Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали ариза топширади ва белгиланган тартибда йўлланма олганидан сўнг ётоқхонага жойлаштирилади.

Бироқ тадбиркор томонидан мазкур объектга айрим талабалар белгиланган тартибга риоя этилмаган ҳолда, тегишли йўлланмасиз жойлаштирилгани аниқланган. Шунингдек, Тошкент давлат техника университетига тегишли бўлмаган бошқа олий таълим ташкилотлари талабалари ҳам ушбу объектга жойлаштирилган.

Ҳолат аниқланганидан сўнг талабаларнинг хавфсизлиги ва улар учун зарур шароитларни таъминлаш мақсадида барча талабалар объектдан чиқарилиб, Тошкент давлат техника университетининг мавжуд бўш талабалар турар жойларига вақтинча жойлаштирилган.

Бошқа олий таълим ташкилотлари талабалари эса тегишли масъуллар орқали ўз таълим муассасаларига қайтарилган. Хорижий талабалар ҳам зарур рухсат ҳужжатларисиз, расман фойдаланишга топширилмаган объектга жойлаштирилиши мумкин эмаслиги сабабли хавфсизлик чоралари доирасида у ердан чиқарилган.

Айни пайтда талабалар турар жойининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва ундан фойдаланиш учун зарур рухсатларни олиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Шунингдек, объектда иссиқ сув ва иситиш тизимлари ҳали тўлиқ ишга туширилмаган.

Қайд этилишича, мазкур объектнинг расмий очилиш маросими ҳам ҳали ўтказилмаган. Қурилиш ишлари белгиланган муддатда тўлиқ якунланмагани сабабли август ойида ҳудудларда ўтказилган очилиш тадбирлари доирасида ушбу объектдан фойдаланиш бошланмаган.

Барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли рухсатлар олингач, объект белгиланган тартибда фойдаланишга топширилади ва талабаларни жойлаштириш амалдаги тартиб асосида амалга оширилади.

Шу билан бирга, мазкур объектга аввал жойлаштирилган талабалардан ундирилган тўловлар тадбиркор томонидан тўлиқ, яъни 100 фоиз миқдорида қайтариб берилган.

Таъкидланишича, талабаларнинг объектга белгиланган тартибга риоя этилмаган ҳолда тадбиркор томонидан жойлаштирилганидан университет ҳам, вазирлик ҳам олдиндан хабардор бўлмаган.

Ҳолат аниқланганидан сўнг талабаларнинг хавфсизлиги ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида тегишли чоралар кўрилган.