Ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйган Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда. Ислоҳотларнинг қай даражада натижадорлиги эса статистик рақамлар орқали баҳоланади.

Шу ўринда, статистика соҳасининг бугунги кун талабларига мос бўлиши катта аҳамиятга эга. Бу жараёнда яқинда қабул қилинган “Расмий статистика тўғрисида”ги қонун алоҳида ўрин тутади.

Қонуннинг долзарблиги ва зарурати

Бугунги жамиятни статистикасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Биз кундалик ҳаётимизда турли хил рақамлар, кўрсаткичлар, ўлчовлар ва бошқа статистик ахборотларга дуч келамиз. Статистик маълумотлар орқали мамлакатимизда юз бераётган жараён ва ўзгаришлар натижаларидан хабардор бўламиз.

Мисол учун, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, янги ишга туширилаётган корхоналар, фуқароларимизга тўланаётган иш ҳақи, пенсия ва нафақалар, янги тузилаётган оилалар, туғилишлар ҳамда бошқа ижтимоий-иқтисодий ва демографик ҳодиса ва жараёнлар бозор ва дўконлардаги нархлар, статистик маълумотларда ўз аксини топади.

Статистик маълумотлар бир томондан фуқароларга жамият ҳаётидаги ўзгаришларга баҳо бериш ва ўз фикрини билдириш имконини берса, иккинчи томондан давлат идораларига аҳоли турмуш даражасини ошириш учун ўз вақтида тўғри қарорлар қабул қилиш ва уларни амалга ошириш учун муҳим замин яратади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичи доирасида сўнгги йилларда миллий статистика соҳасини ривожлантириш борасида ҳам тизимли ислоҳотлар ўтказилмоқда.

Хусусан, сўнгги тўрт йил давомида статистика соҳасига оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг бешта ва уларнинг ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қатор меъёрий ҳужжатлари қабул қилинди. Бу эса, ўз навбатида, соҳага халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибаларни кенг жорий этиш ҳамда статистик маълумотлар қамровини кенгайтириш, сифати ва ишончлилигини ошириш ҳамда очиқлигини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди.

Натижада, 2017—2020 йиллар давомида 20 га яқин халқаро ташкилотларнинг ахборот базалари ва халқаро рейтингларда Ўзбекистон тўғрисидаги маълумотларнинг акс этилишига эришилди, 10 дан ортиқ хорижий давлат статистика идоралари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

Статистика идоралари томонидан эълон қилинадиган маълумотлар кўлами кенгайтирилди, маълумотлар тақдим этиш усуллари соддалаштирилди. Бундан ташқари, гендер статистикаси бўйича махсус сайтнинг маълумот кўлами кенгайтирилиб, Миллий барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда аҳолини рўйхатга олиш масалалари бўйича алоҳида сайтлар ишга туширилди.

Шунингдек, эълон қилинаётган маълумотлар сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида, бугунги кунда Очиқ маълумотлар порталида эълон қилинаётган маълумот тўпламлари сони 13 мингдан ошди.

Халқаро рейтинг натижалари ва жаҳон тажрибаси

Эришилган натижалар кенг жамоатчилик, шу жумладан, халқаро статистика ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилиб, натижалар қатор халқаро рейтинг ва индексларда ўз ифодасини топмоқда.

Ҳусусан, мамлакатлар статистика идораларининг фаолиятини халқаро даражада баҳолаш бўйича муҳим ретингда, яъни Жаҳон банкинин  “Статистика салоҳияти индекси”да ҳам мамлакатимиз натижалари ўсиб бормоқда.

Сўнгги 4 йил давомида амалга оширилган ишлар натижасида 2020 йил якуни бўйича мамлакатимиз Жаҳон банкининг “Статистика салоҳияти индекси”да максимал 100 баллдан 67,8 баллни қўлга киритиб, рейтингда 61 ўринни эгаллади. Агар қиёслайдиган бўлсак,  2016 йил ҳисоботига қараганда, 62, 2019 йилга нисбатан эса 16 поғонага кўтарилишга эришилди.

Бундан ташқари, Лондондаги Очиқ маълумотлар Институти (ODI) баҳолаш тизими бўйича “Кумуш” (SILVER) даражага, Давлат статистика қўмитасининг расмий веб-сайти (stat.uz) энг юқори –"Платина" (PLATINUM) даражага эришган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Электрон ҳукумат кузатуви 2020”да “Очиқ давлат маълумотлари индекси” бўйича Ўзбекистон энг юқори (Very High OGDI) кўрсаткичига эга бўлган жаҳоннинг 41 та мамлакати орасидан жой олган. Жами ушбу индексда 193 та мамлакат баҳоланган ҳамда Ўзбекистон энг юқори балл тўплай олган.

 Очиқ маълумотлар рейтинги (Open Data Inventory - ODIN) га эътибор қаратадиган бўлсак, Ўзбекистон 63 баллни тўплади ва рейтингда 125 та позицияга кўтарилиб, дунёда 44-ўринни, Марказий Осиёда эса 1-ўринни эгаллади.

“Open data Inception” маълумотларига кўра, жаҳон мамлакатлари орасида Ўзбекистон 99 та очиқ маълумотлар манбалари билан дунёда
5-ўринни эгаллади. Уларнинг сони бўйича мамлакатимиз  АҚШ, Испания, Франция ва Буюк Британиядан кейинги поғонани банд этди.  

Халқаро илғор тажрибаларни ўрганиш натижалари
2002 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат статистикаси тўғрисида”ги Қонунининг бугунги кун талабига ва халқаро тавсияларга тўлиқ мос келмаслигини ҳамда унда қатор камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.

Энг асосийси, аввалги қонун билан фақатгина Давлат статистика қўмитаси ва унинг ҳудудий органларининг фаолияти тартибга солинган бўлиб, мамлакатимиздаги статистик маълумотлар тайёрлаш билан шуғулланувчи 30 дан зиёд бошқа вазирлик ва идораларнинг статистика соҳасидаги ваколатлари, вазифа ва функциялари белгилаб берилмаган эди.

Бу каби камчиликларни бартараф этиш ҳамда миллий статистика қонунчилигини халқаро талабларга мувофиқлаштириш мақсадида “Расмий статистика тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди.

Қонунни тайёрлаш жараёнида БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси томонидан Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари учун ишлаб чиқилган ва 2016 йилда маъқулланган Расмий статистика тўғрисидаги модель қонуни талаблари инобатга олинди. Шу билан бирга, бошқа давлатларнинг статистика қонунчилиги бўйича тажрибаси ўрганилди.

Мазкур ҳужжатни ишлаб чиқишда республиканинг 10 дан ортиқ вазирлик
ва идоралари мутахассислари ҳамда Жаҳон банкининг юқори малакали хорижий экспертлари иштирок этди. Шунингдек, қонун кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди.

Қонун Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил май ойида иккинчи ўқишда қабул қилинди ҳамда Олий Мажлис Сенати томонидан 2021 йил 26 июнида маъқулланди. Натижада, Президентимиз қарори билан 2021 йилнинг 11 августида “Расмий статистика тўғрисида” Қонун тасдиқланди ва кучга кирди. 

Қонун моҳияти ва асосий қоидалари

Энг аввало, статистикани юритиш соҳасидаги халқаро тажрибадан келиб чиқиб, қонунда “Расмий статистика” тушунчаси киритилди.

Амалдаги “давлат статистикаси” тушунчаси ўрнига “расмий статистика” тушунчасининг қўлланилиши орқали расмий статистиканинг қамров доираси, унинг сифатига талаблар ҳамда фойдаланувчиларга тақдим этилаётган ахборотларнинг мақоми (ҳуқуқий ҳолати) белгиланди.

Содда қилиб айтганда, аввал давлат статистикаси фақат статистика органлари томонидан шакллантирилган маълумотларни назарда тутган бўлса, расмий статистика – мамлакатдаги барча тайёрловчилар томонидан ушбу қонунга мувофиқ шакллантириладиган ва тарқатиладиган статистик маълумотларни билдиради.

Ушбу қонун қоидаларига мос келмайдиган статистика расмий статистика сифатида қабул қилинмаcлиги белгилаб қўйилди. Бу нимани билдиради? Яъни, хусусий шахслар, корхона, ташкилот ёки муассасалар,
шу жумладан, тадқиқот муассасалари томонидан қонун қоидаларига мос келмайдиган ва ўзларининг норматив-ҳуқуқий асосларига мувофиқ тайёрланган ҳамда эълон қилинган ҳар қандай маълумотлар расмий статистика сифатида қабул қилинмайди ва ушбу қонун билан тартибга солинмайди.

Иккинчидан, қонун билан миллий статистика тизими тушунчаси амалиётга киритилди.

Шу ўринда, агар расмий статистика – қонун доирасида тайёрланадиган, тарқатиладиган ва мувофиқлаштириладиган статистик маълумотларни билдирса, миллий статистика тизими – ушбу маълумотларни тайёрловчи ҳамда тарқатувчи вазирлик ва идоралар жамланмасини англатади.

Учинчидан, Қонунда расмий статистика субъектлари таркиби ҳамда уларнинг ваколатлари, вазифа ва мажбуриятлари ўз ифодасини топди.

Хусусан, статистик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш
ва эълон қилиш жараёнларида расмий статистика субъектлари – расмий статистикани тайёрловчилар, респондентлар, маъмурий маълумотларни етказиб берувчи идоралар ҳамда статистик маълумотлардан фойдаланувчилар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи қоидаларни қамраб олади.

Тўртинчидан, расмий статистика соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг расмий статистика соҳасидаги ваколатлари белгиланди. Жумладан, миллий статистика тизимининг ҳуқуқий ва ташкилий асослари ҳамда инфратузилмасини такомиллаштириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш расмий статистика соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари саналади.

Вазирлар Маҳкамасига расмий статистикани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, расмий статистика соҳасида давлат дастурлари ва бошқа дастурларни тасдиқлаш, миллий статистика тизимини тартибга солишнинг самарали тизимини яратишга кўмаклашиш билан боғлиқ ваколатлар берилди.

Бешинчидан, қонунда расмий статистика соҳасини мувофиқлаштирувчи ваколатли орган сифатида Давлат статистика қўмитаси белгиланди.

Шунингдек, Давлат статистика қўмитаси ва бошқа расмий статистикани тайёрловчиларнинг статистика соҳасидаги қонуний фаолиятига ҳар қандай аралашувларга йўл қўйилмаслиги, Давлат статистика қўмитасининг ҳудудий органлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақиллиги
ва бевосита қўмитага бўйсуниши мустаҳкамлаб қўйилди.

Олтинчидан, Давлат статистика қўмитасининг расмий статистика соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилди.

Жумладан, Давлат статистика қўмитасига миллий статистика тизимига кирувчи барча расмий статистикани тайёрловчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг статистик методологияларини халқаро стандартларга мувофиқлиги юзасидан аудитдан ўтказиш билан боғлиқ ваколатлар берилди.

Еттинчидан, статистик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш, шакллантириш ва эълон қилиш борасида амалга ошириладиган ишларни белгилаб берувчи статистика дастурлари, шу жумладан узоқ йиллик ва йиллик дастурларни ишлаб чиқиш, келишиш, тасдиқлаш ва молиялаштириш тартиби белгилаб қўйилди.

Саккизинчидан, статистик маълумотлардан фойдаланиш қоидалари тартибга солиниб, жумладан, маъмурий, шахсий ва махфий маълумотлардан фойдаланиш, уларни қайта ишлаш ва сақлашда ахборот хавфсизлигини ҳамда махфийликни таъминлаш қоидалари белгиланди. Қайси маълумотлар маъмурий, шахсий ва махфий маълумотлар тоифасига кириши аниқ белгилаб қўйилди.

Тўққизинчидан, расмий статистик маълумотларнинг сифати ва уларни баҳолаш, статистик маълумотларни эълон қилиш ҳамда тарқатиш сиёсати
ва талаблари тартибга солинди. Улар сифати доимий асосда баҳоланиши йўлга қўйилиб, бунда фойдаланувчилар билан доимий асосда маслаҳатлашувлар ўтказилиши, уларни статистик маълумотларни тайёрлаш манбалари, усуллари ва сифати тўғрисида хабардор қилиб борилиши ҳам назарда тутилган..

Ўнинчидан, расмий статистика соҳасида барча статистик маълумотларни тайёрловчилар томонидан хорижий давлатларнинг статистика идоралари ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширилишига оид нормалар мустаҳкамланди.

Қонуннинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, унда расмий статистика соҳасида қўлланиладиган асосий тушунчалар (расмий статистика, расмий статистикани тайёрловчи, респондент, фойдаланувчи, статистик маълумотлар, маъмурий маълумотлар, индивидуал маълумотлар, статистик кузатув, метамаълумотлар) киритилган ва уларга изоҳлар берилган.

Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши

қандай самара беради?

Маълумки, қонунчиликни янгилашдан мақсад – фақат қонун қабул қилиш эмас, аксинча, янги қонун эртага одамларга қандай амалий наф бериши, уларнинг ҳаётини қандай енгиллаштириши ҳақида ўйлаш ва мавжуд муаммоларнинг қонуний ечимини ҳал этишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши натижасида:

миллий статистика тизими халқаро стандартларга мос равишда ислоҳ қилинади;

мамлакатдаги расмий статистик маълумотларни тайёрловчи барча органларнинг статистика соҳасидаги фаолияти тартибга солинади;

Давлат статистика қўмитаси ҳамда расмий статистикани тайёрловчи бошқа идораларнинг статистика соҳасидаги профессионал мустақиллиги таъминланади;

фойдаланувчиларнинг ишончли, сифатли ва долзарб расмий статистик маълумотларга бўлган эҳтиёжлари қондирилади;

расмий статистиканинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларнинг натижадорлиги таъминланади.

Ўз навбатида, ушбу эришиладиган барча натижалар кенг жамоатчиликни, шу жумладан халқаро ташкилотлар ва хорижий инвесторларни Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳолати тўғрисидаги долзарб, ишончли
ва сифатли статистик маълумотлар билан таъминлаш ҳамда мамлакатимизнинг турли халқаро рейтинглардаги ўрнини янада мустаҳкамлашга муҳим замин яратади.

Зеро, муҳтарам Президентимиз айтганларидек, “Амалий натижа билан мустаҳкамланган, ўз меваси, ҳосилини бераётган ислоҳот одамларнинг қалбига, юрагига тез кириб боради. Ва бундай ислоҳотни, бундай шиддатли жараённи ҳеч ким, ҳеч қандай куч тўхтата олмайди.”

Хулоса ўрнида айтганда, янги қабул қилинган “Расмий статистика тўғрисида”ги қонун мамлакатимизда статистика соҳаси фаолиятини ташкил этиш ва тартибга солиш бўйича ишларнинг самарали амалга оширилиши ҳамда барча расмий статистика тайёрловчилар ва фойдаланувчилар учун ягона ёндашувларнинг қўлланилиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиб бермоқда.

Баҳодир БЕГАЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор