Мажлисда Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, амалдаги статистика тизимида очиқ маълумотлар ошкоралиги ва сифат даражасининг пастлиги, маълумотларни фуқаролар ва жаҳон ҳамжамиятга етказиш механизмининг халқаро талабларга тўлиқ жавоб бермаслиги шунингдек, Қонун фақатгина давлат статистика органлари фаолиятини тартибга солиб, статистик маълумотларни ишлаб чиқиш бўйича бошқа вазирлик ва идораларнинг фаолиятини қамраб олмагани каби муаммолар мавжуд.
Муаммоларни бартараф этиш, белгиланадиган қамров ва сифат талаблари кенглиги ва тўлиқлигини таъминлаш мақсадида Қонун билан «давлат статистикаси» ўрнига «расмий статистика» тартиби жорий қилинмоқда.
Давлат статистикаси статистика органлари томонидан шакллантириладиган статистик маълумотларни назарда тутган бўлса, расмий статистика барча тайёрловчилар томонидан тайёрланган ва тарқатиладиган статистик маълумотларни қамраб олади.
«Расмий статистика тўғрисида»ги Қонун мамлакат миллий статистика тизимининг ислоҳотлар талабларига жавоб берадиган, мутлақо янгиланган ҳуқуқий асосини яратиб бермоқда.
Натижада миллий статистика тизимига кирувчи барча субъектларнинг фаолиятига ҳуқуқий асос ва расмий статистиканинг халқаро даражада тан олинишига институционал база яратилади.
Расмий статистиканинг умумфойдаланиш учун очиқлик ҳолати, маълумотларнинг ошкоралик ва сифат даражаси, уларни фуқаролар ва жаҳон ҳамжамиятига етказишнинг амалдаги механизмлари халқаро талаблар билан уйғунлаштирилган.
Умуман жорий этилаётган ўзгаришлар статистика ҳисоботини ишончли юритиш, ахборотдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, мамлакат нуфузи ва инвестициявий жозибадорлигини мустаҳкамлаш ҳамда бошқарувда очиқликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Мажлисда шунингдек «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги Қонун кўриб чиқилди.
Макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, иқтисодий ўсиш суръатларини ошириш орқали аҳоли фаровонлигига эриши мақсадида олиб борилаётган ислоҳотларни таъминлаш юзасидан қабул қилинган қарорлар, тасдиқланган дастурлар ижроси учун талаб этиладиган қўшимча молиявий маблағлар асослари мазкур Қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Жумладан, туризм объектлари атрофидаги ер майдонлари, сув ва йўл инфратузилмаларини яхшилаш учун 410 миллиард сўм, Эндокрин касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш ҳамда муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга 124,2 миллиард сўм, «Эл-юрт умиди» жамғармасига нуфузли хорижий олийгоҳларда ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга (82 тадан 350 тага) ошириш учун 80 миллиард сўм ва 2021/2022 ўқув йилидан олий таълим муассасаларига давлат грантида қабул кўрсаткичларини 25 фоизга ошириш, эҳтиёжманд оилалар қизларига грантларни 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказиш учун 64,4 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилиши назарда тутилган.
Шунингдек, маҳаллаларда ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни даромадли меҳнат билан банд қилиш, уларнинг ўз бизнесини ташкил этишига кўмаклашиш тадбирларини давом эттириш мақсадида қабул қилинган Президент қарори ижросини таъминлашга:
- оилавий тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун ваколатли банклар устав капиталини 1,3 триллион сўмга ошириш;
- оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларини молиялаштиришга қўшимча 1,5 триллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Шу билан бирга, ички йўл ва ичимлик суви таъминоти ва оилавий тадбиркорлик дастурлари ҳамда бошқа ижтимоий соҳа объектлар барпо этилиши каби тадбирларни молиялаштириш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг харажатлари учун 6,4 триллион сўм йўналтирилиши қайд этилган.
Қўмита аъзолари шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларда назарда тутилган инфратузилмани яратиш, саноатлашув ва инновацияларга кўмаклашиш мақсадига эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан юборилган парламент сўровига ҳукуматнинг жавобини ҳам кўриб чиқдилар.
Кўрилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.