Бугун ахборот тез тарқалади, аммо унинг ҳаммаси ҳам расмий манбага асосланмаган бўлиши мумкин. Айниқса, қонун ҳужжатлари ҳақида нотўғри ёки эски таҳрирдаги маълумот жамоатчиликни чалғитиши, ҳатто нотўғри қарор қабул қилишга сабаб бўлиши мумкин.

Ахборот тез тарқалаётган бугунги кунда журналистлар учун энг муҳим талаблардан бири — расмий ва ишончли манбага таянишдир. Айниқса, қонун ҳужжатлари ҳақида гап кетганда, эски таҳрир ёки норасмий шарҳга асосланиш жамоатчиликни чалғитиши мумкин. Шу боис ҳуқуқий ахборот билан ишлашда Ўзбекистондаги асосий расмий электрон манбалар алоҳида аҳамият касб этади.

Мазкур масала юзасидан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Адолат миллий ҳуқуқий ахборот маркази мутахассислари Бекзод Раҳматов ва Улуғбек Уролов билан ушбу мавзу бўйича батафсил маълумот олдик.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Адолат миллий ҳуқуқий ахборот маркази мутахассиси Бекзод Раҳматовнинг айтишича, фуқаролар ва журналистлар энг кўп йўл қўядиган хато — қонунни Google орқали излаш. “Қидирув тизими сизга турли сайтларни чиқаради. Улар орасида эски таҳрир ёки шунчаки шарҳ бўлиши мумкин. Расмий матнни кўриш учун тўғридан-тўғри lex.uz га кириш керак”, — дейди у.

Порталнинг асосий устунлиги шундаки, ҳужжатнинг амалдаги таҳрири алоҳида кўрсатилади. Қайси модда қачон ўзгаргани, қайси норма кучини йўқотгани очиқ кўринади. Турли таҳрирларни солиштириш, ҳужжатни PDF ёки Word шаклида юклаб олиш имкони бор. Қидирув тизими оддий: ҳужжат номи, рақами, қабул қилган орган ёки сана бўйича излаш мумкин.

Мутахассис Улуғбек Уролов яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратди: “Қонун қабул қилинди дегани — у дарҳол кучга кирди дегани эмас. Айрим ҳужжатлар эълон қилинган кундан бошлаб амал қилади, бошқалари эса бир неча ойдан кейин кучга киради. Шунинг учун ҳужжатнинг охирги қисмидаги кучга кириш тартибини албатта текшириш керак”.

Ҳақиқатдан ҳам, кўпчилик “қонун чиқди” деган гапни эшитиб, у шу заҳоти амал қила бошлайди, деб ўйлайди. Аслида эса кучга кириш санаси алоҳида белгиланади. Шу маълумотни кўрмасдан туриб хулоса чиқариш нотўғри.

Расмий ва норасмий ахборотни ажратиш қийин эмас. Агар хабар lex.uz ёки давлат органининг расмий сайтига асосланган бўлса — ишончли. Агар маълумот фақат ижтимоий тармоқдаги пост ёки блогер фикрига таянган бўлса — уни текшириш шарт. Қонун матни билан унинг шарҳини адаштирмаслик керак: шарҳ — бу муаллиф қараши, қонун эса расмий ҳужжат.

Ўзбекистонда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий электрон манбаси — lex.uz, яъни Қонунчилик маълумотлари миллий базаси ҳисобланади. Қонунчиликка мувофиқ, айнан шу база орқали эълон қилинган ҳужжатлар расмий ва ҳуқуқий кучга эга. 2017 йилдан буён портал расмий ҳуқуқий манба мақомида ишлаб келмоқда.

Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар иерархияси ҳам мавжуд: Конституция, кодекслар ва қонунлар, Президент фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, вазирлик ва идоралар ҳужжатлари ҳамда маҳаллий ҳокимият қарорлари. Агар зиддият юзага келса, юқори юридик кучга эга ҳужжат устун қўлланилади. Буни билиш ҳам нотўғри талқинларнинг олдини олади.

Бугун ҳуқуқий саводхонлик фақат юристлар учун эмас. Тадбиркор ҳам, талаба ҳам, ота-она ҳам қонун билан тўқнаш келади. Журналистлар учун эса масъулият янада катта. Нотўғри маълумот жамоатчилик фикрига таъсир қилади.

Қонун ҳақида ёзишдан ёки хулоса қилишдан олдин унинг амалдаги таҳририни кўринг, кучга кириш санасини аниқланг ва манбани текширинг. Зеро, қонунчилик билан ишлашда журналистнинг асосий вазифаси — расмий манбага таяниш ва фактик маълумотни тўғри кўрсатишдир. Журналист эса расмий, амалдаги таҳрир ва кучга кириш санасини аниқ кўрсатиб, жамоатчиликка ишончли ва холис ахборот етказиши шарт.

 Зулхумор Акбарова