Мажлисда «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, ҳужжатнинг 16-моддасида бошқа товар рекламасида қўлланиладиган ёки видео ва кино маҳсулотларида, шунингдек бошқа илм-фан, адабиёт ва санъат асарларида (муаллифлик ҳуқуқи), эфир ёки кабель орқали кўрсатувлар (эшиттиришлар) берувчи ташкилотларнинг ижроларида, фонограммаларида фойдаланиладиган умумий ечимни, матнни, тасвирни, мусиқали ёки овозли эффектларни айнан такрорлашга йўл қўйилмаслиги белгилангани қайд этилди.
Мазкур норманинг ғоят долзарблиги шундаки, аксарият ижодкорлар, режиссёрлар ўз асарларидан, фильмларидаги матнлардан реклама жараёнида рухсатсиз фойдаланилади, бу масала сенаторлар томонидан танқид остига олинди. Жумладан, ўзбек адабиётининг дурдонаси бўлган «Ўтган кунлар» романидаги «Сиз ўшами?» деган машҳур жумла жуда кўп суиистеъмол қилинган, бу каби ҳолатларга эндиликда қонунан чек қўйилиши таъкидланди.
Мажлисда Сенат томонидан амалиётга жорий этилган ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда олиб борилиши бўйича рейтинг тизими доирасида амалга оширилган ишлар муҳокама этилди.
Бу борада ишчи орган сифатида Ёшлар ишлари агентлиги раҳбариятининг ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, рейтинг баҳолашга кўра энг юқори натижа кўрсатган 3 та (1, 2 ва 3-ўрин) ҳудуд раҳбари ҳамда уларнинг ёшлар масалаларига масъул бўлган ўринбосарларини моддий ҳамда маънавий рағбатлантириш тартиби, ҳудудларни индикаторлар асосида рейтинг баҳолаш методикаси ишлаб чиқилган.
Шунингдек, рейтинг баҳолашга доир маълумотларнинг марказлашган электрон тизимини жорий этиш бўйича мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда Ёшлар портали платформаси фаолияти йўлга қўйилган. Бу орқали мутасадди раҳбарлар фаолиятини баҳолаш имконияти яратилган.
Мажлисда ҳудудларда амалга оширилиши юзасидан рейтинг тизими бўйича қуйи тизимлар фаолиятини янада жонлантириш, дастлабки натижалар тўғрисида Сенатга ахборот бериб бориш ҳамда бу борада мутасаддилар масъулиятини янада ошириш лозимлиги қайд этилди.
Рейтинг баҳолашга кўра энг юқори натижа кўрсатган ҳудудда 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ёшлар ва талабалар форуми ташкил қилиниши таъкидланди.
Муҳокама натижалари бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.