Гулистондаги яширин нарколаборатория
Сирдарё вилоятида "Gentra" русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда, 22 ёшли ҳайдовчининг телефонида синтетик гиёҳванд моддалар савдосига оид маълумотлар аниқланди. Маълум бўлишича, у 2025 йил декабридан буён "Телеграм" орқали "кладмен" ва "кимёгар" вазифаларида ишлаб, уйида нарколаборатория ташкил қилган. Тадбир давомида қиймати 1,8 млрд сўмга тенг бўлган кучли таъсир қилувчи дори воситалари ва уларни тайёрлаш анжомлари мусодара қилинди.
13 мингтадан ортиқ дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди
Тошкент шаҳри ва вилоятида ўтказилган тадбирларда бир гуруҳ шахслар "Регапен" ва "Зардекс" каби кучли таъсир қилувчи дориларни сотаётганда қўлга олинди. Суриштирувлар натижасида уларни Қирғизистон Республикасидан контрабанда йўли билан келтирилган дорилар билан таъминлаб турган Қўқон шаҳрида яшовчи шахс ҳам пойтахтга келаётганда ушланди. Жами 13 217 дона дори воситалари муомаладан олинди.
Пойтахтдаги товламачилик ва безорилик ҳолатлари
М.Улуғбек туманида: Фуқароларни уриб, жароҳат етказиш орқали 500 АҚШ долларини тортиб олган 5 кишидан иборат жиноий гуруҳ қўлга олинди.
"Малика" савдо мажмуасида: Муқаддам бир неча бор судланган шахс телефон олди-сотдиси вақтида юзага келган келишмовчилик сабабли танишига ўткир тиғли жисм билан оғир жароҳат етказган. Унга нисбатан "Безорилик" моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Чиноздаги "қиморхона"
Тошкент вилояти Чиноз туманида ўз хонадонида 10 нафар фуқаро иштирокида қимор ўйинлари ташкил қилган шахс аниқланди. Ўйинга тикилган 140 млн сўм пул маблағлари ашёвий далил сифатида олинди. Ташкилотчига нисбатан жиноят иши, қатнашчиларга эса маъмурий чора кўрилди.