Ҳудудларда мазкур йўналишдаги ишларининг ташкил этилиши, теримчилар учун муносиб меҳнат ҳамда дам олиш учун яратилган шароитлар ўрганилди.
Ўрганиш давомида Ғузор туманида “Виат фарм”, “Омон Абдимумин”, “Нормўмин Шаймардон ўғли” фермер хўжаликларида пахта тераётган айрим теримчилар жорий йилнинг 17 сентябридан буён пахта теримида қатнашаётгани, бироқ шу кунга қадар (7-10 кундан буён) терим пулларини олмаганлиги аниқланди. Ушбу масала ижобий ҳал этилди.
Қолаверса, Ғузор туманидаги “Жалолиддин Жилоси” фермер хўжалигига 26 нафар фуқаро пахтага ишлов бериш (чопиқ) ишларини амалга оширган. Аммо фермер хўжалиги томонидан 3,6 млн.сўм пул берилмаётгани юзасидан қилинган мурожаат ҳам ижобий ечим топди.
Бундан ташқари, ўрганиш давомида тиббиёт ходимлари томонидан теримчилар саломатлигини мунтазам текшириш, етарли дори-дармон билан таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилгани маълум бўлди.

Учрашувларда теримчилар учун шароитларни янада яхшилаш, бу борада санитария-гигиена талабларига риоя қилиш зарурлиги таъкидланиб, тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.
Яна бир муҳим жиҳат. Мажбурий меҳнатнинг олдини олиш масалаларига урғу берилиб, бу бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, Қашқадарё вилоятида пахта йиғим-терими жараёнида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, бу борада амалга оширилаётган ишлар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати