Мазкур ҳужжатлар билан тоғ-кон саноати ва геология соҳасини бошқариш, минерал хомашё базасини кўпайтириш ва ер ости бойликларидан самарали фойдаланиш масалалари тартибга солиб келинмоқда.

Тоғ-кон саноати ва геология йўналишида аниқланаётган захиралар, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар энергетика, автомобилсозлик, электроника, «яшил энергия» қурилмалари, кимё ва қурилиш соҳаларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, автомобилсозлик ва электротехника соҳаларини алюминий, литий, пўлат, графит, қурилиш соҳасини оҳактош, кварц, каолин ва бошқа норуда хомашёси билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда юртимиз геологияси ҳам илм-фан ҳамда технология жиҳатидан кучайтирилгани натижасида қидирув ишларининг қамрови кенгайди, ер ости бойликларининг янги захиралари аниқланди. Уларга асосланиб, йирик корхоналар қурилмоқда, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилоятида ҳам қатор фойдали қазилма конлари аниқланиб бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Сурхондарё вилоятида қандай конлар бор деганда кўпчилик кўмир конлари мавжудлигини таъкидлашади. Ҳисоб-китобларга кўра, юртимиз ҳудудида қарийб 2 миллиард тонна кўмир захиралари мавжуд. Хусусан, Сурхондарё вилояти ҳудуларида аниқланган кўмир конлари захира миқдори 143,4 млн. тоннани ташкил қилади. Шулардан Шарғун кўмир кони 33 млн. тонна, Бойсун кўмир кони 20.3 млн. тонна, Кўҳитанг кўмир кони 20 млн. тонна, Нилу, Панама, Гуруд, Фангарт, Хаус, Аксу ва бошқа участкаларда 70,1 млн. тонна кўмир заҳираси ташкил қилади. Ҳозирги кунга келиб «Шарғункўмир» акциядорлик жамияти алоҳида ўрин тутиб келмоқда. 

Бугунги кунда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги «Шарғункўмир» акциядорлик жамиятида 40-50° иссиқлик қувватига эга, темирни ҳам эритишга қодир бўлган 5200 дан 8100 ккал/кг миқдори ва сифати жиҳатидан ўта юқори бўлган кўмир маҳсулоти қазиб олинмоқда. Статистик маълумотларга назар солсак, «Шарғункўмир» акциядорлик жамиятида 1958 йилдан 2021 йилга қадар қазиб олинган кўмир 9 миллион тоннани ташкил этган бўлса, бугунги кунгача бўлган тарихида энг юқори кўмир қазиб олиш кўрсаткичлари 2019 йилда 245 минг тоннани, 2020 йилда 264 минг тоннани, 2021 йилда 275 минг тоннани ва 2022 йилда 282 минг тоннани ташкил этган. Ишлаб чиқариш ҳажмининг йилдан-йилга ўсиб бориши аҳоли фаровонлигини оширишга ва кўмир қазиб олиш таннархини пасайишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекисон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 январдаги ПҚ-2727-сонли «Аҳолининг иқтисодий фаровонлигини ошириш тўғрисида»ги қарори ҳамда “Лойиҳалаштириш қуввати 900 минг тоннани ташкил этувчи «Шарғункўмир» акциядорлик жамиятини модернизация қилишда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ корхонада катта қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Барча цехлар қайта реконструкция қилиниб, янгилари барпо этилди. Шунга мувофиқ, «Шарғункўмир» акциядорлик жамиятини Модернизация қилиш бўйича мазкур йирик инвестиция лойиҳасининг буюртмачиси сифатида Хитойнинг“China Railway Tunnel Group Co., Ltd.” ва “China Coal Technology & Engineering Group Corp.” компаниялари билан ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Лойиҳанинг умумий қиймати 105,5 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Ажратилаётган маблағлар ҳисобига юқори иш унумдорлигига эга замонавий ускуналарни жорий этган ҳолда корхонанинг техник ва технологик базасини қайта янгилаш ҳамда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, шу билан бир қаторда кўмир қазиб олиш ҳажмини йилига 900 минг тоннагача ошириш имкониятини яратиш кўзда тутилган.

Кафедра ўқитувчилари Республиканинг мазкур соҳада кадрлар тайёрлаб келаётган ОТМлари, йирик корхона мутахассислари раҳбарлигида ҳудуддаги тоғ-кон ва геология соҳасидаги муаммоларни бартараф этишга қаратилган мавзуларда илмий изланишларини олиб боришмоқда. 

Сурхондарё вилояти ҳудудида фойдали қазилма бойликларини аниқлаш ва уларни қазиб олишни ташкил этиш юзасидан геологик изланишлар давом этмоқда. Бу изланишлар натижасида аниқланган қазилма бойликлари конларини ишга тушириш вилоятда саноатни ривожланишига ва янги иш ўринларининг шаклланишига ўз ҳиссасини қўшиши шубҳасиздир.

Ҳозирги кунда лойиҳа доирасида ер ости қурилиш ишлари тўлиқ якунланган. Тоғ-кон ускуналарининг 90% олиб келинган. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ нинг ўз маблағлари ҳисобидан «Шарғункўмир» АЖ дан 10-сонли кон лаҳими саноат майдонигача 23 998 п.метр темир йўл излари ётқизилган. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгандан кейин, юртимизда юқори сифатли кўмир қазиб олиш қуввати 900 минг тоннагача ошади.

«Шарғункўмир» акциядорлик жамиятини модернизация қилиш ишлари жорий йилда якунланди. 2023 йил ноябрь ойида кўмир қазиб олувчи комплекс тўлиқ ишга туширилди. 

Бугунги кунда Сурхондарё вилоятида ушбу кўмир қазиб олиш конидан бошқа конлари ҳам мавжуд бўлиб, уларда геологик қидирув ишлари олиб борилмоқда. Умуман олганда Сурхондарё вилоятида қарийб 250 млн. тонна кўмир заҳираси мавжудлиги башорат қилинган. 

Вилоят ҳудудида кўмирдан ташқари бошқа фойдали қазилма бойликлари мавжуд. Жумладан, Хондиза конида 17,6 минг тонна қўрғошин, 25 минг тонна рух, 15 минг тонна кумуш, Хожаикон конида 20 млн. тонна ош тузи, Тўда конида 10 млн. тонна, Актау конида 20 млн. тонна доломит тоши, Сариқамиш конида 800 минг тонна чиғаноқли охактош, Дарбанд конида 10 млн. тонна гипс фойдали қазилмалари мавжуд.

Ҳозирги кунда қурилиш материалларига талаб янада ошганлиги сабабли Шеробод туманида жойлашган «Базальт» конида 3,4 млн. тонна ҳамда «Селестин» конида 2,4 млн. тонна хомашё заҳираси мавжуд.

Сурхондарё вилояти аграр соҳага ихтисослашган ҳудуд сифатида белгиланиб келинган. Вилоятнинг ер усти ва ер ости бойликларини аниқлаган ҳолда уларнинг қазиб олиш орқали саноати ривожланган ҳудудга айлантириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. 

Республикада маҳаллий ишлаб чиқариш, саноат корхоналари, геология ва кончилик тармоқлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ўқув жараёнига ўқитишнинг инновацион шакл ва методлари ҳамда замонавий педагогик ва ахборот технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек, ҳудудларда замонавий фикрлайдиган, рақобатбардош мутахассисларга бўлган эҳтиёжни босқичма-босқич қондириб бориш мақсадида ташкил этилган, Термиз муҳандислик-технология институтида кончилик иши, кончилик электр механикаси, маркшейдерлик иши, нефть ва газ иши, геодезия, картография ва кадастр, фойдали қазилма конлари геологияси, қидирув ва разведкаси каби йўналишларда кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Ушбу йўналишларда таълимнинг кундузги ва сиртқи шаклларида бугунги кунда 1215 нафар талабалар таҳсил олишмоқда. 

 Институт тузилмасида Нефть-газ ва кончилик иши кафедраси ташкил этилиб, ҳозирги кунда 15 нафар ўқитувчилар фаолият юритиб келишмоқда. 2024 йилда мазкур йўналишларда илк бор 178 нафар талабалар институтни тамомлайди. Ушбу йўналиш талабаларининг ўқув жараёнини самарали ташкил этиш мақсадида ишлаб чиқариш корхоналаридан 4 нафар, Республикамизнинг таянч ва етакчи ОТМларидан 8 нафар, хориждан 2 нафар малакали мутахассислар жалб этилди. 

Талабаларнинг ўқув амалиётларини «Шарғункўмир» акциядорлик жамияти, Термиз нефть базаси МЧЖ, Деҳқонобод калий заводи АЖ, Шўртан нефть-газ қазиб чиқариш корхонаси, O‘zbekistonGTL компанияси, Олмалиқ ҳамда Навоий тоғ-металлургия комбинатларининг тегишли конлари, Ангренкўмир кони, Дарбанд дала-ўқув полигони ва Шеробод цемент заводи МЧЖларида ташкил этиш орқали фанлардан олган назарий билимларини  амалиётда мустаҳкамлаб келинмоқда.

«Шарғункўмир» акциядорлик жамиятида, Термиз нефть базаси ҳамда Республика аэрогеодезия маркази Сурхондарё ҳудудлараро бўлинмасида кафедра филиали ташкил этилиб тегишли мутахассислик фанларидан амалий ва лаборатория машғулотлари олиб борилмоқда. 

Кафедра ўқитувчилари Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳудудий бўлинмаси геологлари билан биргаликда вилоят ҳудудида жойлашган қазилма бойликлари жойлашган конларнинг харитасини туманлар кесимида ишлаб чиқишмоқда.

Ўрал Ахмедов,

Термиз мухандислик-технология институти ректори