25 ноябрь куни Тошкент давлат транспорт университетида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан «Тошкент шаҳри мисолида жамоат транспорти ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш» мавзусида ўқув семинари ташкил этилди.

Тошкент шаҳридаги жамоат транспорти йўналиш тармоқлари ўтган асрнинг 80 йилларида тузилган бўлиб, шу вақтга қадар мукаммал тарзда қайта кўриб чиқилмаган. Бу эса ўз навбатида шаҳар жамоат транспорти тизимида жиддий муаммоларнинг йиғилиб қолишига сабаб бўлди. Ушбу тизимли муаммоларни эса фақатгина илмий асосланган ёндашувлар билан ҳал этиш мумкин. Айнан хорижлик мутахассислар иштирокида ишлаб чиқилган таклифлар тизимдаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. 

Туркиянинг “Kalyon Ulaştırma” компанияси директори Чихат Калёнчи ўғли семинар иштирокчиларига Тошкент шаҳар транспорт ва йўл транспорт инфратузилмасини комплекс ривожлантириш бош режаси юзасидан тақдимот ўтказди.

Тақдимот давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга туркиялик мутахассислардан жавоб олишди. Вилоят ва шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари ўз ҳудудларидаги транспорт тизими билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан фикр алмашишди.

Куннинг иккинчи яримида эса Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази томонидан «Самарқанд шаҳрида транспорт тизимини истиқболли ривожлантиришда моделлаштириш тизимини жорий этиш» лойиҳаси бўйича режалар ва амалга оширилган ишлар, кутилаётган натижалар тўғрисида маълумотлар берилди.

Шунингдек, семинар қатнашчилари Тошкент шаҳри транспорт инфратузилмасини ривожлантириш доирасида пойтахтнинг Юнусобод тумани Аҳмад Дониш кўчасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.