Ўзбекистон элчихонасидан маълум қилинишича, таъсисчи Латвиянинг «Shipleart» МЧЖ (AP Holding) компанияси ҳисобланади.

Ушбу тадбирга бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчиси Қадамбай Султонов, UZEX бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Зулфиддин Камолов бошчилигидаги делегация, «AP Holding» холдинг компанияси бошқаруви раиси Александр Петров ҳамда Латвия Иш берувчилар конфедерацияси ва савдо-саноат палатасининг масъул вакиллари иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари UZEXнинг Рига офиси ёрдамидаги ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича қўшма саъй-ҳаракатлар истиқболлари, яратилган электрон савдо тизимининг мижозларга хизмат кўрсатиш механизми, савдо ва ўзаро ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги, ишончли ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри ишлаш, вақт ва пулни тежаш, шунингдек, тўлов ва товарлар етказиб бериш кафолатига оид атрофлича маълумотлардан воқиф бўлди.

Таъкидланганидек, Ригада янги савдо майдончасининг ишга туширилиши Латвия ва Европа мамлакатларига, хусусан, нефть маҳсулотлари, қора металл, кимё маҳсулотлари, машина ва ускуналар ички экспорти ҳажмини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, Ўзбекистонда харидоргир бўлган қатор озиқ-овқат маҳсулотлари учун импорт нархини барқарорлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларга салмоқли ҳисса қўшади.

Ташқи савдо майдончалари-электрон валюта савдосининг ягона тизимига уланган UZEXнинг масофавий савдо шохобчаларидир. Улар биржа савдоларига эркин кириш ва валюта операцияларини мустақил равишда рўйхатдан ўтказиш имкониятини таъминлайди. Ҳозирги кунда UZEXнинг Хитой, Россия, Украина, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистонда ўз ваколатхоналари мавжуд. Янги ташкил этилган Рига майдончаси билан бирга уларнинг умумий сони 15 тага етди, деб хабар беради «Дунё» АА.