Ўзбек ва тожик халқларини боғлаб турувчи ришталар кўп. Икки халқ азалдан бир дарёдан сув ичган, қариндошлик ришталари боғланган, уларга икки тилда сўзлашувчи бир халқ дея таъриф берилади. Дарҳақиқат, ўлмас диний қадриятлар, урф-одат, куда-анда, қўшничилик сингари маънавий қадриятлар асрлар давомида мустаҳкамланиб келган.

Кейинги  беш йилда давлатлар ўртасидаги яқин ҳамкорлик туфайли икки халқнинг дўстлик ришталари янада мустаҳкамланди. Савдо-сотиқ, ижтимоий, маънавий соҳаларда амалий алоқалар кенгайиб бормоқда.  Хусусан, ўтган йили Ўзбекистон Республикаси хукумати ташаббуси билан Сўғд вилоятининг Спитамен шаҳрида 600 ўринли умумтаълим мактаби қуриб битказилди.

Риштон туманида фойдаланишга топширилган мактабгача таълим муассасаси ана шу ҳамкорликнинг узвий давоми. Бу ерда Тожикистон Республикасининг “Созанда” қурилиш ташкилоти кенг кўламда қурилиш, ободончилик  ишларини амалга оширди. Икки қаватли муҳташам бинода болажонлар учун зарур бўлган шароитлар яратилди. Кенг ва ёруғ хоналар, мусиқа, бадий гимнастика, спорт зали, ўйин майдончалари болажонлар билан гавжум. Бу ерда 50 та янги иш ўринлари яратилди.

Дўстлик, биродалик борасида бошланган ишлар қамрови кенг. Айни кунда туман марказида “Ўзбек-тожик” дўстлик жамияти фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда икки миллат тарихий дўстлигини ифодаловчи буюк сиймолар, шоир ва ёзувчи, фан арбоблари, маданият ходимлари ҳаёт тарзини кўрсатувчи лавҳлар, фотосурат, тасвирий ва амалий санъат, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргамаси ўрин олган. Кутубхона фонди ўзбек ва тожик адибларининг сара асарлари билан бойитилган.

— Икки халқни бир-бири билан боғловчи ришталар жуда қадимий, — дейди  “Ўзбек-тожки дўстлик жамияти” раиси Турсунхўжа Абдураҳмонов. — Қадри баланд қадриятларимиз кундан кунга ривожалиб бораётгани олис манзилларни бир-бирига янада яқинлаштириш имкониятини берди. Фойдаланишга топширилган янги иншоот юрт келажаги, тараққиёти йўлида мақсадларимз муштарак эканлигининг амалий намунаси, десам муболаға бўлмайди.

Мактабагача таълим ташкилотининг очилиш тантанаси дўстлик,  биродарлик байрамига айланиб кетди. Тантанали маросимни Фарғона вилоят ҳокими ўринбосари Файзуло Қосимов очди. Унда сўз олган Тожикистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулотдда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири  Агриппина Шин, Тожикистон Республикаси таълим ва фан вазири Имомзода Муҳаммадюсуф қардош халқлар ўртасида икки давлат раҳбарлари ташаббуси билан тикланган дўстлик, яқин қўшничилик муносабатларининг бугунги тараққиёти, биродарлик алоқаларини янги босқичда ривожланиб  бораётганлигини эътироф этишди.

Меҳмонлар мактабагача таълим ташкилотида яратилаган шароит ва имкониятлар билан танишди. Азиз меҳмонлар китобига Тожикистон Республикаси таълим ва фан вазири ҳамда Ўзбекистон Республикаси  мактабгача таълим вазири эсдалик дасхатлари қолдирди.

Тадбир давомида болалар муассасаси қуришилишида фаол иштирок этган қурувчиларга эсдалик совғалари тақдим этилди.

Шу куни Тожикистондан келган делегация аъзолар Риштон туманидаги кулолчилик маркази, уста кулоллар амалий иш намуналари билан танишди.

 Расулжон КАМОЛОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири