У иқтисодиётнинг ички қуввати қай даражада ишга солингани, имкониятлар қай даражада самарага айланганини кўрсатади. Агар ушбу жараён чуқур таҳлил ва аниқ устувор йўналишлар билан қўллаб-қувватланмаса, кўрсаткичлар ўсиши мумкин, аммо мазмун жиҳатидан сезиларли ўзгариш кузатилмайди.

Ана шундай шароитда ҳар бир ҳудуд табиий, иқтисодий ва инсон ресурсларига таянадиган мус­тақил қиймат яратадиган макон сифатида намоён бўлади. Ҳар бир тармоқ эса самарадорлик ва иннова­ция асосида иқтисодий фаолликни таъминлайдиган муҳим бўғинга айланади. Юқори иқтисодий ўсиш айнан шу икки омил — ҳудудий имконият ва тармоқ салоҳияти уйғунлашганида барқарор тус олади. Акс ҳолда, ўсиш номутаносибликка олиб келиши, сало­ҳият эса тўлиқ ишга солинмай қолиши мумкин.

13 февраль куни давлатимиз раҳбари раисли­гида тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғили­ши бўлиб ўтди.

Бугунги дунёда иқтисодий ўсиш оддий жараён эмас. Глобал иқтисодиёт узлуксиз ўзгариш ҳолати­да: савдо йўллари қайта шаклланмоқда, йирик дав­латлар ўртасидаги геосиёсий рақобат бозорларга бевосита таъсир кўрсатмоқда. Кўплаб ривожланган мамлакатларда ўсиш суръатлари секинлашган, ай­римларида инфляция ва бюджет тақчиллиги муам­моси сақланиб қолмоқда. Бундай шароитда барқа­рор ўсишни таъминлаш иқтисодий фаоллик эмас, балки стратегик мувозанатни сақлаш хусусиятидир.

Қайд этилган 7,7 фоиз ўсиш ва 147 миллиард долларлик ялпи ички маҳсулот йиллик ҳисобот эмас. Бу иқтисодиёт қай йўналишда ҳаракатла­наётганини англатувчи сигналдир. Агар иқтисо­диёт фақат ташқи омил ҳисобига ўсса, у беқарор бўлади. Агар ўсиш ички имкониятлар, самарадор­лик ва таркибий ўзгаришларга таянса, у мустаҳкам бўлади. Шу нуқтаи назардан, ўсишнинг ярмидан кўпи хизматлар соҳаси ҳисобига таъминлангани иқтисодиёт таркибида сифат жиҳатидан силжиш кечаётганини кўрсатади. Бу ресурсга таянган мо­делдан билим ва сервисга асосланган моделга ўтиш жараёнидир.

147 миллиард долларлик ялпи ички маҳсулот эса мамлакат иқтисодий қудратининг ҳажмий ифодаси. Лекин ҳажм ҳар доим барқарорлик дегани эмас. Агар саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳа­си ўртасида нисбат сақланса, шу билан бирга, ички талаб ва инвестициялар ўртасида уйғунлик бўлса, иқтисодиётнинг ташқи таъсирларга нисбатан чи­дамлилиги ошади. Демак, бу рақам ортида фақат ишлаб чиқариш ҳажми эмас, балки иқтисодий ар­хитектура туради.

Йиғилишда билдирилган фикрлардан анг­лашиладики, масала фақат макроиқтисодий кўрсаткичларда эмас. Энди эътибор маркази­да бошқарув сифати турибди. Ҳар бир вазир, ҳоким ва тармоқ раҳбари соҳасига янгича ён­дашув олиб кириши, ресурслардан самарали фойдаланиши, анъанавий экспорт бозорлари­га боғланиб қолмай, янги йўналишлар очиши кераклиги алоҳида таъкидланди. Бу талаб тасодифий эмас. Чунки замонавий иқтисо­диётда ресурс етарли бўлиши муваффақият­ни кафолатламайди. Муҳими — ресурсдан қандай фойдаланиш. Бошқарув эски услубда қолса, ҳатто катта инвестиция ҳам кутилган самарани бермайди. Аксинча, тўғри ташкил этилган тизим кам имконият билан юқори на­тижа бера олади.

Рақамлаштириш ва сунъий интеллект бў­йича мутахассисларни жалб қилиш, инно­вациялар киритиш, стартап клублар орқали ёшларни иқтисодий жараёнларга қўшиш ва­зифаси қўйилиши иқтисодиётни келажакка мослаштириш ҳаракатидир. Чунки глобал рақобат энди арзон хомашё ёки арзон ишчи кучи орқали эмас, балки билим ва техноло­гия орқали кечмоқда. Агар иқтисодиёт инно­вацияни қабул қилмаса, у ташқи бозорларда позициясини йўқота бошлайди.

Стратегик корхоналар самарадорлиги алоҳида муҳокама қилингани бежиз эмас. Йирик корхоналар иқтисодиёт устунидир. Агар уларда харажатлар ортиқча, логистика самарасиз, харид тизими шаффоф бўлмаса, бу бутун иқтисодий занжирга таъсир қилади.

Миллий инвестиция жамғармасини бошқа­ришга жалб этилган “Franklin Templeton” ком­панияси таҳлилларида корпоратив маданият, логистика, рақамлаштириш ва энергия сама­радорлиги бўйича катта захиралар мавжудли­ги қайд этилгани шуни кўрсатадики, муаммо ресурс етишмаслигида эмас, тизим самарадор­лигида. 19 та стратегик корхонага таннархни 10-15 фоиз қисқартириш вазифаси қўйилгани эса жиддий сигнал. Бу рақамлар оддий кўрсат­кич эмас, рақобатбардошлик масаласидир.

Муҳим жиҳат шундаки, иқтисод қилиш ишлаб чиқаришни қисқартириш орқали эмас, балки таннархни камайтириш орқали таъ­минланиши шартлиги таъкидланди. Бу прин­ципиал ёндашув. Чунки ишлаб чиқаришни қисқартириш қисқа муддатли осон ечим бў­лиши мумкин, аммо у ўсишни секинлашти­ради. Таннархни тушириш самарадорликни оширишни талаб қилади. Бу эса тизимни ис­лоҳ қилиш демак.

Стратегик корхоналарни “Ягона ғазначи­лик” ахборот тизимига улаш ва харидларни риск-таҳлил асосида тоифалаш ташаббуси ҳам молиявий интизомни кучайтиришга қа­ратилган. Чунки замонавий иқтисодиётда ҳар бир ортиқча харажат йўқотилган имконият­дир.

Ҳудудий саноат масаласида билдирилган танқидлар эса яна бир муҳим нуқтани очиб беради. Республика саноати уч йилда 21 фоиз ўсган бўлса-да, айрим туманларда ўсиш 10 фоизга ҳам етмаган. Бу номутаносиблик ти­зимдаги ички фарқларни кўрсатади. Кредит ва инвестициялар ўсиши саноат ўсишига тўлиқ таъсир кўрсатмаётгани маблағнинг ўзи етарли эмаслигини англатади. Муҳими, унинг йўналтирилиши ва назорати.

Республика саноатини камида 8,5 фоиз ошириш бўйича тармоқбай ва ҳудудбай режа­лар тасдиқланиши, биринчи чорак якунлари­га қараб раҳбарлар фаолиятига баҳо берили­ши натижа учун жавобгарлик механизмини кучайтиришдир. Иқтисодиётда интизом бўл­маса, стратегия ишламайди.

Бу чоралар иқтисодий ўсиш эндиликда фақат ҳажм эмас, бошқарув сифати масала­сига айланмоқда. Агар бошқарув янгиланса, тизим шаффоф ва самарали бўлса, мавжуд ресурснинг ўзиёқ юқори ўсиш учун етарли бўлиши мумкин.

2026 йил учун 6,6 фоизли эҳтиёткор прог­ноз белгилаш ҳам реал вазиятни ҳисобга олган ёндашув. Бугунги ноаниқ геосиёсий муҳитда ҳаддан ташқари оптимистик режалар хавфли бўлиши мумкин. Иқтисодиётда энг нозик чизиқ ўсиш ва барқарорлик ўртасидаги мувозанатдир. Тезлик ортиши мумкин, аммо мувозанат йўқолса, тизим издан чиқади.

Қиймат учун кураш

Йиғилишда автомобилсозлик соҳаси ало­ҳида тилга олинди. Юртимизда йилига 650 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш қув­ватига эга 4 та йирик корхона мавжуд. Бу йил ишлаб чиқаришни 510 мингтага етказиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, 300 дан зиёд маҳаллий корхона билан кооперация асо­сида яна 763 та детални маҳаллий ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

Бу рақамлар шунчаки саноат ста­тистикаси эмас. Автомобилсозлик — кўп тармоқли занжир. У металлур­гия, кимё, электроника, логистика ва хизматлар соҳасини бирлаштиради. Демак, бу ерда гап фақат автомо­биль сони эмас, балки бутун саноат экотизими ҳақида бормоқда. Агар деталлар маҳаллийлашса, қўшилган қиймат мамлакат ичида қолади. Агар кооперация чуқурлашса, кичик ва ўрта бизнес саноат занжирига боғланади. Шу нуқтаи назардан, 763 та янги деталь бу — импортни қисқартириш эмас, иқтисо­дий мустақилликни мустаҳкамлаш қадами.

Аҳоли талабини рағбатлантириш учун автокредит ставкаларини пасайтириш ва ҳажмини ошириш вазифаси қўйилди. Бу ерда нозик мувозанат бор. Талабни сунъий рағбатлантириш қисқа муддатда ишлаб чи­қаришни ошириши мумкин. Лекин молиявий барқарорликни ҳисобга олмасдан қилинган қадам инфляция ёки қарз юки ортишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун кредит сиёсати реал даромадлар динамикаси ва бозор имкониятлари билан уйғун бўлиши шарт. Иқтисодиётда талаб ва таклиф мувоза­нати бузилса, ўсиш барқарор бўлмайди.

Йиғилишда инвестиция сиёсатини тубдан қайта кўриб чиқиш масаласи ўртага ташлан­ди. Жорий йил 50 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш режаси белгилаб қўйилди. Лекин бу ерда энг муҳим жиҳат миқдор эмас, сифат. Янги лойиҳалар, би­ринчи навбатда, юқори қўшилган қийматли, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариши, ре­сурслардан самарали фойдаланиши ва юқори даромадли иш ўринлари яратиши кераклиги таъкидланди.

Бу ёндашув инвестицияга қараш ўзгараёт­ганини кўрсатади. Илгари инвестиция ҳаж­ми асосий кўрсаткич бўлган, энди эса унинг иқтисодиётга қанча қиймат қўшаётгани ҳал қилувчи мезонга айланмоқда. Чунки паст қўшилган қийматли лойиҳалар кўп иш ўрни яратиши мумкин, аммо узоқ муддатда рақо­батбардошликни таъминламайди.

Вазирлар ва ҳокимлардан ҳар бир лойи­ҳанинг бозори, экспорти, қўшилган қиймати ва яратадиган иш ўринлари бўйича чуқур таҳлил талаб қилиниши ҳам шу нуқтаи на­зардан муҳим. Инвестиция қурилишни бош­лаш эмас, балки маҳсулотни бозорга олиб чиқишдир. Лойиҳа ишга тушди дегани, у иқтисодиёт учун қиймат яратди дегани эмас. Қиймат маҳсулот сотилганда, экспорт қилин­ганда ва даромад келтирганда юзага чиқади.

Шу мақсадда “Ягона миллий лойиҳа бош­қаруви” платформасини жорий этиш режаси билдирилди. Лойиҳани ишга тушгандан ке­йин уч йил давомида мониторинг қилиш меха­низми масъулиятни чуқурлаштиришдир. Чун­ки кўп ҳолларда муаммо лойиҳани бошлашда эмас, унинг барқарор ишлашини таъминлаш­да юзага чиқади. Назорат тизими бўлмаса, ин­вестиция рақамда қолиб кетиши мумкин.

Ўтган йили 55 та йирик лойиҳа ташкилий муаммолар сабаб кечиккани қайд этилди. Бу рақам тизимдаги бошқарув нуқсонларини кўрсатади. 165 миллиард долларлик 377 та стратегик лойиҳани алоҳида назоратга олиш режаси эса шундан хулоса чиқарилганини англатади. Чунки катта инвестиция — катта масъулият.

Умуман олганда, бу кўрсатмалар бир нарсани англатади: иқтисодий сиёсат энди “кўпроқ жалб қилиш” эмас, “тўғри йўналти­риш” босқичига ўтмоқда. Саноат ва инвес­тиция масаласида асосий кураш ҳажм учун эмас, қўшилган қиймат учун кечади. Қиймат мамлакат ичида яратилса ва ташқи бозорга чиқса, ўсиш барқарор бўлади. Агар у фақат рақамда қолса, самара вақтинчалик бўлиб қолади.

Келишувлар географияси ва ички иқтисодий интизом

Йиғилишда хорижий ташрифлар доира­сида 135 миллиард долларлик келишувларга эришилгани маълум қилинди. Жорий йилнинг ўзида Туркия билан 9 миллиард, Покистон би­лан 1 миллиард 428 миллион долларлик инвес­тиция битимлари имзолангани қайд этилди.

Ташқи шериклар географияси кенгайиши иқтисодий диверсификация белгиси. Бу бир ёки икки бозорга боғланиб қолмаслик, хавф­ларни тақсимлаш имконини беради. Лекин ташқи капитал оқими ички муҳитга мослаш­маса, у кутилган самарани бермайди. Инвес­тицияни жалб қилишдан кўра, уни ўзлашти­риш қийинроқ. Чунки бу ерда ер ажратишдан тортиб, инфратузилма, кадрлар тайёрлаш ва молиявий шаффофликкача бўлган занжир ишлаши шарт.

Инвестиция кўпайиши ҳисобига қурилиш ҳажмини 400 триллион сўмга етказиш ва соҳада камида 17 фоиз ўсишни таъминлаш вазифаси қўйилгани ҳам шу жараённинг ман­тиқий давомидир. Қурилиш — иқтисодиётда мультипликатив таъсирга эга тармоқ. У це­ментдан тортиб, металлургия, электротех­ника ва транспорт хизматларигача бўлган соҳаларни ҳаракатга келтиради. Шу маъно­да, бюджетдан ижтимоий ва ишлаб чиқа­риш инфратузилмаси учун ажратилаётган 40 триллион сўм фақат харажат эмас, балки ички бозорни рағбатлантирувчи омил.

Бироқ қурилиш ҳажмини оширишнинг ўзи етарли эмас. Сифат, шаффофлик ва сама­радорлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу нуқ­таи назардан, ҳудудлардаги “Ягона буюрт­мачи хизмати” инжиниринг компаниялари назоратини кучайтириш, айрим ҳудудларда хусусий секторни жалб қилиш ташаббуси рақобат ва жавобгарлик муҳитини кенгайти­ришга қаратилган. Давлат буюртмаси катта бозор, лекин у самарали бошқарилмаса, ре­сурс исрофига айланиши мумкин.

Энергия тежамкорлиги ва маҳаллий маҳсулот сиёсати

Энергия самарадорлиги бўйича берилган кўрсатмалар эса иқтисодий сифатни оши­ришга қаратилган стратегик йўналишдир. Кичик ва ўрта корхоналарнинг энергия ис­теъмоли катта улушни ташкил этиши ҳисоб­га олиниб, улар учун алоҳида тизим жорий этиш ва уч йиллик дастур ишлаб чиқиш бел­гилангани муҳим қадам. 2026 йилда 100 мил­лион куб метр газ ва 500 миллион киловатт- соат электрни тежаш режаси оддий иқтисод эмас. Боиси, энергия тежаш — ишлаб чиқа­ришни қисқартириш эмас, балки самарадор­ликни ошириш. Агар корхона камроқ энергия сарфлаб, худди шу ҳажмда ёки ундан кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқара олса, унинг таннархи пасаяди, рақобатбардошлиги ортади. Демак, энергия сиёсати саноат сиёсати билан узвий боғлиқ.

Умуман олганда, бу қарорлар бир жиҳатни кўрсатади: иқтисодий ўсиш эндиликда фақат ҳажм ортиши билан эмас, ресурслардан оқи­лона фойдаланиш билан баҳоланмоқда. Таш­қи келишувлар географияни кенгайтирса, ички интизом барқарорликни таъминлайди. Иқтисодиётнинг мустаҳкамлиги айнан шу икки омил — ташқи очиқлик ва ички самара­дорлик ўртасидаги мувозанатга боғлиқ.

Республикамиздаги 917 мингта ёритиш чироғининг йилига 330 миллион киловатт- соат электр сарфлаётгани, кундуз куни ҳам ёниқ қолиш ҳолатлари учраётгани қайд этил­ди. Бу рақамлар фақат статистика эмас, у иқ­тисодий энергиянинг самарасиз сарфланиши ва технологияларнинг қўлланишини кўрсата­ди. Энергия иқтисодиётида ҳар бир киловатт ҳисобланади, чунки у истеъмолчилардан то стратегик корхоналаргача ҳар бир соҳада ха­ражатларни белгилайди.

Масъул ташкилотларга ёритиш устунла­рига кичик қуёш панели, батарея ва кун ёри­шишига қараб ўзи ўчиб-ёнадиган датчик ўр­натиш топширилди. Бу қараш оддий “тежаш” чораси эмас, балки иқтисодиётда технологик трансформациянинг намунаси: ҳар бир ре­сурсдан оқилона фойдаланиш, самарадор­лик ва барқарорликка интилиш. Шунингдек, бундай янгича ёндашув шаҳар муҳитида ҳам ижтимоий ва экологик самарани оширади, чунки энергия тежаш фақат иқтисодий кўр­саткич эмас, экологик масъулиятнинг белги­си ҳамдир.

Маҳаллий маҳсулотлар улушини ошириш масаласи алоҳида муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, давлат харидларининг умумий ҳажми 300 триллион сўм бўлиб, унда ма­ҳаллий маҳсулотлар улуши 68 фоизга етган. Тадбиркорлар томонидан эса бюрократия ва эски қарашлар — “чет элники сифатлироқ” фикри ҳануз сақланиши айтиб ўтилди. Бу эса ички бозорда самарадор рақобатни чеклайди, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлан­тиришга тўсиқ бўлади.

Йиғилишда вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларга топшириқ берилди: ҳар бир лойиҳа, тендер, қурилиш ва хомашё таъми­ноти босқичларида маҳаллий маҳсулот улу­шини ошириш учун шахсан жавобгарлик олиш. Бу ёндашув шунчаки кўрсаткичларга эришиш эмас, балки давлат харидларини иқ­тисодий ва стратегик инструмент сифатида самарали қўллаш демакдир.

Шу нуқтаи назардан қараганда, энергия самарадорлиги ва маҳаллий маҳсулот сиё­сати — иқтисодий барқарорликнинг икки томони. Бири ресурсларни тежайди, иккин­чиси ички бозорни мустаҳкамлайди. Агар бу икки механизм уйғунлашса, иқтисодий ўсиш фақат ҳажмда эмас, сифатида ҳам на­моён бўлади.

Иқтисодий ўсишни ташқи бозорлар ҳисо­бига таъминлаш масаласи алоҳида йўналиш сифатида кўрилди. Давлатимиз раҳбари таъ­кидлаганидек, “ички бозордаги талабнинг ўзи билан юқори иқтисодий ўсишни таъ­минлаб бўлмайди”. Чунки ички талаб бир нуқтада чекланади, ундан ортиқ эса страте­гик ўсишни таъминламайди. Шу боис, янги маҳсулотлар ва янги бозорлар — иқтисодий ривожланишнинг ҳал қилувчи драйвери ҳи­собланади.

Ўтган йили экспорт 22 фоиз ўсиб, 24 мил­лиард долларга етган бўлса-да, кўп раҳбарлар эски иш услубидан воз кеча олмаётгани ми­соллар билан кўрсатилди. Бу иқтисодий таж­рибанинг икки томонини очиб беради: бир томондан, кўрсаткичлар ўсиши самарали; иккинчи томондан, янги технология ва бозор стратегиялари қўлланилмаса, юқори ўсиш барқарор бўлмайди. Шу нуқтаи назардан, эндиликда экспорт талаби фақат ҳажм эмас, янги маҳсулот ва янги бозорларга ҳам боғ­ланган. Бу иқтисодиётда сифат ва ҳажмнинг уйғунлиги, барқарор ўсишнинг шартидир.

Ички бозорни барқарорлаштириш ало­ҳида муҳим вазифа. Январь ойида йиллик инфляция 7,2 фоизни ташкил этгани, унинг 45 фоизи озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисо­бига, айниқса, 13 фоизи гўшт нархи орқа­ли шакллангани қайд этилди. Бу рақамлар инфляция ҳам иқтисодий сиёсатга боғлиқ жараён эканини кўрсатади. Шу боис, тар­моқ бозорлари ҳамда меҳнат унумдорлиги марказига ички ва ташқи хатарларни ол­диндан аниқлаш, туман ва шаҳар бозорла­рини ҳар ҳафта таҳлил қилиш, талаб прог­нозини шакллантириш, ҳар чоракда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари балансини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Шу нуқтаи назардан қараганда, таш­қи бозорларни кенгайтириш ва ички нарх барқарорлигини таъминлаш иқтисодий ўсишнинг бир-бирига боғлиқ икки устуни­дир. Агар экспортда янги стратегиялар йўл­га қўйилса ва ички бозорда тартиб сақланса, иқтисодий ривожланиш барқарор бўлади.

Нарх барқарорлиги ва даромад

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳаси алоҳида эътиборга олинди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ички нарх бар­қарорлиги ва аҳоли даромадларини таъ­минлашда қишлоқ хўжалиги стратегик аҳамиятга эга. Нархларнинг кескин кўта­рилиши иқтисодий кўрсаткичларга таъсир қилиб, ижтимоий барқарорлик ва аҳоли ишончини ҳам синайди.

Гўштда импортга қарамликни қисқар­тириш учун озуқа базасини мустаҳкамлаш масаласи алоҳида тилга олинди. Муборак туманида 5 минг гектар ер фойдаланишга ки­ритилиб, маккажўхори экиш бошлангани на­муна сифатида келтирилди. Жорий йилда эса қўшимча 60 минг гектарда шу ишлар ташкил этилиши лозимлиги кўрсатилди. Бу орқали қўшимча 350 минг чорва учун кафолатланган озуқа базаси яратилади.

Бу жараён фақат экин майдонини кенгай­тириш эмас, балки иқтисодий барқарорлик пойдеворини мустаҳкамлашга қаратилган ҳаракатдир. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳар бир гектар, ҳар бир тонна маҳсулот фақатги­на ҳосил эмас, у орқали аҳоли даромади ва импортни қисқартириш имконияти ҳам яра­тилади. Шу нуқтаи назардан, озуқа базасини кенгайтириш ички иқтисодиёт, нарх ва таъ­минот мувозанатини қуришни таъминлайди­ган инструментдир.

Шунингдек, картошка маҳсулоти мисо­ли ҳам аҳамиятлидир. Ўтган йили 772 минг тонна картошка импорт қилинган бўлса, жо­рий йилда 4,5 миллион тонна ҳосил олиш вазифаси қўйилди. Бу импортга қарамликни қисқартириш, ички бозорда нархларни бар­қарорлаштириш ва аҳолига арзон маҳсулот тақдим этишга қаратилган комплекс чора­дир.

Бир сўз билан айтганда, юртимиз иқти­содий сиёсати энди фақат ҳажм ва кўрсат­кичларни оширишга эмас, тизимни бар­қарорлаштириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва қўшилган қиймат яратишга қаратилган стратегик йўналишга ўтмоқда. Йиғилишда таъкидланганидек, иқтисодий ўсишнинг сифати ва давомийлиги бошқа­рувнинг самарадорлигига, ички ва ташқи бозорлардаги мувозанатга, энергия ва меҳнат унумдорлигига боғлиқ. Ташқи инвестиция­лар ва янги бозорлар иқтисодий диверсифи­кацияни таъминласа, ички нарх барқарорлик, маҳаллий маҳсулотлар улуши ва энергия са­марадорлиги барқарор ўсишнинг мустаҳкам пойдеворини яратади.

Қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизматлар соҳасидаги стратегик чоралар кўрсатадики, иқтисодиёт нафақат кўпроқ ишлаб чиқа­ришни, балки ҳар бир ресурсдан максимал қиймат олишни мақсад қилади. Маҳаллий­лаштириш, энергия тежаш, рақамлаштириш ва инновациялар жорий этилиши иқтисодий тизимнинг самарадорлигини оширади, ташқи бозорлар билан рақобатбардош позициялар­ни мустаҳкамлайди.

Шу боис, мамлакатнинг иқтисодий ўсиши эндиликда оддий статистика эмас, балки стратегик онг ва тизимли мувоза­нат натижасидир. Барқарор иқтисодиёт ялпи ички маҳсулот ҳажми, ресурслар­дан оқилона фойдаланиш, сифатли бош­қарув ва узоқ муддатли барқарорликнинг бирлашган ифодасидир. Умуман олганда, келажакдаги иқтисодий муваффақиятлар экспортни кенгайтириш ва ички бозорни тартибга солиш, самарали бошқарув, ин­новациялар ва қўшилган қиймат яратиш орқали шаклланади.

Сардор ТОЛЛИБОЕВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири