У иқтисодиётнинг ички қуввати қай даражада ишга солингани, имкониятлар қай даражада самарага айланганини кўрсатади. Агар ушбу жараён чуқур таҳлил ва аниқ устувор йўналишлар билан қўллаб-қувватланмаса, кўрсаткичлар ўсиши мумкин, аммо мазмун жиҳатидан сезиларли ўзгариш кузатилмайди.
Ана шундай шароитда ҳар бир ҳудуд табиий, иқтисодий ва инсон ресурсларига таянадиган мустақил қиймат яратадиган макон сифатида намоён бўлади. Ҳар бир тармоқ эса самарадорлик ва инновация асосида иқтисодий фаолликни таъминлайдиган муҳим бўғинга айланади. Юқори иқтисодий ўсиш айнан шу икки омил — ҳудудий имконият ва тармоқ салоҳияти уйғунлашганида барқарор тус олади. Акс ҳолда, ўсиш номутаносибликка олиб келиши, салоҳият эса тўлиқ ишга солинмай қолиши мумкин.
13 февраль куни давлатимиз раҳбари раислигида тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Бугунги дунёда иқтисодий ўсиш оддий жараён эмас. Глобал иқтисодиёт узлуксиз ўзгариш ҳолатида: савдо йўллари қайта шаклланмоқда, йирик давлатлар ўртасидаги геосиёсий рақобат бозорларга бевосита таъсир кўрсатмоқда. Кўплаб ривожланган мамлакатларда ўсиш суръатлари секинлашган, айримларида инфляция ва бюджет тақчиллиги муаммоси сақланиб қолмоқда. Бундай шароитда барқарор ўсишни таъминлаш иқтисодий фаоллик эмас, балки стратегик мувозанатни сақлаш хусусиятидир.
Қайд этилган 7,7 фоиз ўсиш ва 147 миллиард долларлик ялпи ички маҳсулот йиллик ҳисобот эмас. Бу иқтисодиёт қай йўналишда ҳаракатланаётганини англатувчи сигналдир. Агар иқтисодиёт фақат ташқи омил ҳисобига ўсса, у беқарор бўлади. Агар ўсиш ички имкониятлар, самарадорлик ва таркибий ўзгаришларга таянса, у мустаҳкам бўлади. Шу нуқтаи назардан, ўсишнинг ярмидан кўпи хизматлар соҳаси ҳисобига таъминлангани иқтисодиёт таркибида сифат жиҳатидан силжиш кечаётганини кўрсатади. Бу ресурсга таянган моделдан билим ва сервисга асосланган моделга ўтиш жараёнидир.
147 миллиард долларлик ялпи ички маҳсулот эса мамлакат иқтисодий қудратининг ҳажмий ифодаси. Лекин ҳажм ҳар доим барқарорлик дегани эмас. Агар саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаси ўртасида нисбат сақланса, шу билан бирга, ички талаб ва инвестициялар ўртасида уйғунлик бўлса, иқтисодиётнинг ташқи таъсирларга нисбатан чидамлилиги ошади. Демак, бу рақам ортида фақат ишлаб чиқариш ҳажми эмас, балки иқтисодий архитектура туради.
Йиғилишда билдирилган фикрлардан англашиладики, масала фақат макроиқтисодий кўрсаткичларда эмас. Энди эътибор марказида бошқарув сифати турибди. Ҳар бир вазир, ҳоким ва тармоқ раҳбари соҳасига янгича ёндашув олиб кириши, ресурслардан самарали фойдаланиши, анъанавий экспорт бозорларига боғланиб қолмай, янги йўналишлар очиши кераклиги алоҳида таъкидланди. Бу талаб тасодифий эмас. Чунки замонавий иқтисодиётда ресурс етарли бўлиши муваффақиятни кафолатламайди. Муҳими — ресурсдан қандай фойдаланиш. Бошқарув эски услубда қолса, ҳатто катта инвестиция ҳам кутилган самарани бермайди. Аксинча, тўғри ташкил этилган тизим кам имконият билан юқори натижа бера олади.
Рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича мутахассисларни жалб қилиш, инновациялар киритиш, стартап клублар орқали ёшларни иқтисодий жараёнларга қўшиш вазифаси қўйилиши иқтисодиётни келажакка мослаштириш ҳаракатидир. Чунки глобал рақобат энди арзон хомашё ёки арзон ишчи кучи орқали эмас, балки билим ва технология орқали кечмоқда. Агар иқтисодиёт инновацияни қабул қилмаса, у ташқи бозорларда позициясини йўқота бошлайди.
Стратегик корхоналар самарадорлиги алоҳида муҳокама қилингани бежиз эмас. Йирик корхоналар иқтисодиёт устунидир. Агар уларда харажатлар ортиқча, логистика самарасиз, харид тизими шаффоф бўлмаса, бу бутун иқтисодий занжирга таъсир қилади.
Миллий инвестиция жамғармасини бошқаришга жалб этилган “Franklin Templeton” компанияси таҳлилларида корпоратив маданият, логистика, рақамлаштириш ва энергия самарадорлиги бўйича катта захиралар мавжудлиги қайд этилгани шуни кўрсатадики, муаммо ресурс етишмаслигида эмас, тизим самарадорлигида. 19 та стратегик корхонага таннархни 10-15 фоиз қисқартириш вазифаси қўйилгани эса жиддий сигнал. Бу рақамлар оддий кўрсаткич эмас, рақобатбардошлик масаласидир.
Муҳим жиҳат шундаки, иқтисод қилиш ишлаб чиқаришни қисқартириш орқали эмас, балки таннархни камайтириш орқали таъминланиши шартлиги таъкидланди. Бу принципиал ёндашув. Чунки ишлаб чиқаришни қисқартириш қисқа муддатли осон ечим бўлиши мумкин, аммо у ўсишни секинлаштиради. Таннархни тушириш самарадорликни оширишни талаб қилади. Бу эса тизимни ислоҳ қилиш демак.
Стратегик корхоналарни “Ягона ғазначилик” ахборот тизимига улаш ва харидларни риск-таҳлил асосида тоифалаш ташаббуси ҳам молиявий интизомни кучайтиришга қаратилган. Чунки замонавий иқтисодиётда ҳар бир ортиқча харажат йўқотилган имкониятдир.
Ҳудудий саноат масаласида билдирилган танқидлар эса яна бир муҳим нуқтани очиб беради. Республика саноати уч йилда 21 фоиз ўсган бўлса-да, айрим туманларда ўсиш 10 фоизга ҳам етмаган. Бу номутаносиблик тизимдаги ички фарқларни кўрсатади. Кредит ва инвестициялар ўсиши саноат ўсишига тўлиқ таъсир кўрсатмаётгани маблағнинг ўзи етарли эмаслигини англатади. Муҳими, унинг йўналтирилиши ва назорати.
Республика саноатини камида 8,5 фоиз ошириш бўйича тармоқбай ва ҳудудбай режалар тасдиқланиши, биринчи чорак якунларига қараб раҳбарлар фаолиятига баҳо берилиши натижа учун жавобгарлик механизмини кучайтиришдир. Иқтисодиётда интизом бўлмаса, стратегия ишламайди.
Бу чоралар иқтисодий ўсиш эндиликда фақат ҳажм эмас, бошқарув сифати масаласига айланмоқда. Агар бошқарув янгиланса, тизим шаффоф ва самарали бўлса, мавжуд ресурснинг ўзиёқ юқори ўсиш учун етарли бўлиши мумкин.
2026 йил учун 6,6 фоизли эҳтиёткор прогноз белгилаш ҳам реал вазиятни ҳисобга олган ёндашув. Бугунги ноаниқ геосиёсий муҳитда ҳаддан ташқари оптимистик режалар хавфли бўлиши мумкин. Иқтисодиётда энг нозик чизиқ ўсиш ва барқарорлик ўртасидаги мувозанатдир. Тезлик ортиши мумкин, аммо мувозанат йўқолса, тизим издан чиқади.
Қиймат учун кураш
Йиғилишда автомобилсозлик соҳаси алоҳида тилга олинди. Юртимизда йилига 650 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга 4 та йирик корхона мавжуд. Бу йил ишлаб чиқаришни 510 мингтага етказиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, 300 дан зиёд маҳаллий корхона билан кооперация асосида яна 763 та детални маҳаллий ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.
Бу рақамлар шунчаки саноат статистикаси эмас. Автомобилсозлик — кўп тармоқли занжир. У металлургия, кимё, электроника, логистика ва хизматлар соҳасини бирлаштиради. Демак, бу ерда гап фақат автомобиль сони эмас, балки бутун саноат экотизими ҳақида бормоқда. Агар деталлар маҳаллийлашса, қўшилган қиймат мамлакат ичида қолади. Агар кооперация чуқурлашса, кичик ва ўрта бизнес саноат занжирига боғланади. Шу нуқтаи назардан, 763 та янги деталь бу — импортни қисқартириш эмас, иқтисодий мустақилликни мустаҳкамлаш қадами.
Аҳоли талабини рағбатлантириш учун автокредит ставкаларини пасайтириш ва ҳажмини ошириш вазифаси қўйилди. Бу ерда нозик мувозанат бор. Талабни сунъий рағбатлантириш қисқа муддатда ишлаб чиқаришни ошириши мумкин. Лекин молиявий барқарорликни ҳисобга олмасдан қилинган қадам инфляция ёки қарз юки ортишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун кредит сиёсати реал даромадлар динамикаси ва бозор имкониятлари билан уйғун бўлиши шарт. Иқтисодиётда талаб ва таклиф мувозанати бузилса, ўсиш барқарор бўлмайди.
Йиғилишда инвестиция сиёсатини тубдан қайта кўриб чиқиш масаласи ўртага ташланди. Жорий йил 50 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш режаси белгилаб қўйилди. Лекин бу ерда энг муҳим жиҳат миқдор эмас, сифат. Янги лойиҳалар, биринчи навбатда, юқори қўшилган қийматли, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариши, ресурслардан самарали фойдаланиши ва юқори даромадли иш ўринлари яратиши кераклиги таъкидланди.
Бу ёндашув инвестицияга қараш ўзгараётганини кўрсатади. Илгари инвестиция ҳажми асосий кўрсаткич бўлган, энди эса унинг иқтисодиётга қанча қиймат қўшаётгани ҳал қилувчи мезонга айланмоқда. Чунки паст қўшилган қийматли лойиҳалар кўп иш ўрни яратиши мумкин, аммо узоқ муддатда рақобатбардошликни таъминламайди.
Вазирлар ва ҳокимлардан ҳар бир лойиҳанинг бозори, экспорти, қўшилган қиймати ва яратадиган иш ўринлари бўйича чуқур таҳлил талаб қилиниши ҳам шу нуқтаи назардан муҳим. Инвестиция қурилишни бошлаш эмас, балки маҳсулотни бозорга олиб чиқишдир. Лойиҳа ишга тушди дегани, у иқтисодиёт учун қиймат яратди дегани эмас. Қиймат маҳсулот сотилганда, экспорт қилинганда ва даромад келтирганда юзага чиқади.
Шу мақсадда “Ягона миллий лойиҳа бошқаруви” платформасини жорий этиш режаси билдирилди. Лойиҳани ишга тушгандан кейин уч йил давомида мониторинг қилиш механизми масъулиятни чуқурлаштиришдир. Чунки кўп ҳолларда муаммо лойиҳани бошлашда эмас, унинг барқарор ишлашини таъминлашда юзага чиқади. Назорат тизими бўлмаса, инвестиция рақамда қолиб кетиши мумкин.
Ўтган йили 55 та йирик лойиҳа ташкилий муаммолар сабаб кечиккани қайд этилди. Бу рақам тизимдаги бошқарув нуқсонларини кўрсатади. 165 миллиард долларлик 377 та стратегик лойиҳани алоҳида назоратга олиш режаси эса шундан хулоса чиқарилганини англатади. Чунки катта инвестиция — катта масъулият.
Умуман олганда, бу кўрсатмалар бир нарсани англатади: иқтисодий сиёсат энди “кўпроқ жалб қилиш” эмас, “тўғри йўналтириш” босқичига ўтмоқда. Саноат ва инвестиция масаласида асосий кураш ҳажм учун эмас, қўшилган қиймат учун кечади. Қиймат мамлакат ичида яратилса ва ташқи бозорга чиқса, ўсиш барқарор бўлади. Агар у фақат рақамда қолса, самара вақтинчалик бўлиб қолади.
Келишувлар географияси ва ички иқтисодий интизом
Йиғилишда хорижий ташрифлар доирасида 135 миллиард долларлик келишувларга эришилгани маълум қилинди. Жорий йилнинг ўзида Туркия билан 9 миллиард, Покистон билан 1 миллиард 428 миллион долларлик инвестиция битимлари имзолангани қайд этилди.
Ташқи шериклар географияси кенгайиши иқтисодий диверсификация белгиси. Бу бир ёки икки бозорга боғланиб қолмаслик, хавфларни тақсимлаш имконини беради. Лекин ташқи капитал оқими ички муҳитга мослашмаса, у кутилган самарани бермайди. Инвестицияни жалб қилишдан кўра, уни ўзлаштириш қийинроқ. Чунки бу ерда ер ажратишдан тортиб, инфратузилма, кадрлар тайёрлаш ва молиявий шаффофликкача бўлган занжир ишлаши шарт.
Инвестиция кўпайиши ҳисобига қурилиш ҳажмини 400 триллион сўмга етказиш ва соҳада камида 17 фоиз ўсишни таъминлаш вазифаси қўйилгани ҳам шу жараённинг мантиқий давомидир. Қурилиш — иқтисодиётда мультипликатив таъсирга эга тармоқ. У цементдан тортиб, металлургия, электротехника ва транспорт хизматларигача бўлган соҳаларни ҳаракатга келтиради. Шу маънода, бюджетдан ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси учун ажратилаётган 40 триллион сўм фақат харажат эмас, балки ички бозорни рағбатлантирувчи омил.
Бироқ қурилиш ҳажмини оширишнинг ўзи етарли эмас. Сифат, шаффофлик ва самарадорлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, ҳудудлардаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари назоратини кучайтириш, айрим ҳудудларда хусусий секторни жалб қилиш ташаббуси рақобат ва жавобгарлик муҳитини кенгайтиришга қаратилган. Давлат буюртмаси катта бозор, лекин у самарали бошқарилмаса, ресурс исрофига айланиши мумкин.
Энергия тежамкорлиги ва маҳаллий маҳсулот сиёсати
Энергия самарадорлиги бўйича берилган кўрсатмалар эса иқтисодий сифатни оширишга қаратилган стратегик йўналишдир. Кичик ва ўрта корхоналарнинг энергия истеъмоли катта улушни ташкил этиши ҳисобга олиниб, улар учун алоҳида тизим жорий этиш ва уч йиллик дастур ишлаб чиқиш белгилангани муҳим қадам. 2026 йилда 100 миллион куб метр газ ва 500 миллион киловатт- соат электрни тежаш режаси оддий иқтисод эмас. Боиси, энергия тежаш — ишлаб чиқаришни қисқартириш эмас, балки самарадорликни ошириш. Агар корхона камроқ энергия сарфлаб, худди шу ҳажмда ёки ундан кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқара олса, унинг таннархи пасаяди, рақобатбардошлиги ортади. Демак, энергия сиёсати саноат сиёсати билан узвий боғлиқ.
Умуман олганда, бу қарорлар бир жиҳатни кўрсатади: иқтисодий ўсиш эндиликда фақат ҳажм ортиши билан эмас, ресурслардан оқилона фойдаланиш билан баҳоланмоқда. Ташқи келишувлар географияни кенгайтирса, ички интизом барқарорликни таъминлайди. Иқтисодиётнинг мустаҳкамлиги айнан шу икки омил — ташқи очиқлик ва ички самарадорлик ўртасидаги мувозанатга боғлиқ.
Республикамиздаги 917 мингта ёритиш чироғининг йилига 330 миллион киловатт- соат электр сарфлаётгани, кундуз куни ҳам ёниқ қолиш ҳолатлари учраётгани қайд этилди. Бу рақамлар фақат статистика эмас, у иқтисодий энергиянинг самарасиз сарфланиши ва технологияларнинг қўлланишини кўрсатади. Энергия иқтисодиётида ҳар бир киловатт ҳисобланади, чунки у истеъмолчилардан то стратегик корхоналаргача ҳар бир соҳада харажатларни белгилайди.
Масъул ташкилотларга ёритиш устунларига кичик қуёш панели, батарея ва кун ёришишига қараб ўзи ўчиб-ёнадиган датчик ўрнатиш топширилди. Бу қараш оддий “тежаш” чораси эмас, балки иқтисодиётда технологик трансформациянинг намунаси: ҳар бир ресурсдан оқилона фойдаланиш, самарадорлик ва барқарорликка интилиш. Шунингдек, бундай янгича ёндашув шаҳар муҳитида ҳам ижтимоий ва экологик самарани оширади, чунки энергия тежаш фақат иқтисодий кўрсаткич эмас, экологик масъулиятнинг белгиси ҳамдир.
Маҳаллий маҳсулотлар улушини ошириш масаласи алоҳида муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, давлат харидларининг умумий ҳажми 300 триллион сўм бўлиб, унда маҳаллий маҳсулотлар улуши 68 фоизга етган. Тадбиркорлар томонидан эса бюрократия ва эски қарашлар — “чет элники сифатлироқ” фикри ҳануз сақланиши айтиб ўтилди. Бу эса ички бозорда самарадор рақобатни чеклайди, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантиришга тўсиқ бўлади.
Йиғилишда вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларга топшириқ берилди: ҳар бир лойиҳа, тендер, қурилиш ва хомашё таъминоти босқичларида маҳаллий маҳсулот улушини ошириш учун шахсан жавобгарлик олиш. Бу ёндашув шунчаки кўрсаткичларга эришиш эмас, балки давлат харидларини иқтисодий ва стратегик инструмент сифатида самарали қўллаш демакдир.
Шу нуқтаи назардан қараганда, энергия самарадорлиги ва маҳаллий маҳсулот сиёсати — иқтисодий барқарорликнинг икки томони. Бири ресурсларни тежайди, иккинчиси ички бозорни мустаҳкамлайди. Агар бу икки механизм уйғунлашса, иқтисодий ўсиш фақат ҳажмда эмас, сифатида ҳам намоён бўлади.
Иқтисодий ўсишни ташқи бозорлар ҳисобига таъминлаш масаласи алоҳида йўналиш сифатида кўрилди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “ички бозордаги талабнинг ўзи билан юқори иқтисодий ўсишни таъминлаб бўлмайди”. Чунки ички талаб бир нуқтада чекланади, ундан ортиқ эса стратегик ўсишни таъминламайди. Шу боис, янги маҳсулотлар ва янги бозорлар — иқтисодий ривожланишнинг ҳал қилувчи драйвери ҳисобланади.
Ўтган йили экспорт 22 фоиз ўсиб, 24 миллиард долларга етган бўлса-да, кўп раҳбарлар эски иш услубидан воз кеча олмаётгани мисоллар билан кўрсатилди. Бу иқтисодий тажрибанинг икки томонини очиб беради: бир томондан, кўрсаткичлар ўсиши самарали; иккинчи томондан, янги технология ва бозор стратегиялари қўлланилмаса, юқори ўсиш барқарор бўлмайди. Шу нуқтаи назардан, эндиликда экспорт талаби фақат ҳажм эмас, янги маҳсулот ва янги бозорларга ҳам боғланган. Бу иқтисодиётда сифат ва ҳажмнинг уйғунлиги, барқарор ўсишнинг шартидир.
Ички бозорни барқарорлаштириш алоҳида муҳим вазифа. Январь ойида йиллик инфляция 7,2 фоизни ташкил этгани, унинг 45 фоизи озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобига, айниқса, 13 фоизи гўшт нархи орқали шакллангани қайд этилди. Бу рақамлар инфляция ҳам иқтисодий сиёсатга боғлиқ жараён эканини кўрсатади. Шу боис, тармоқ бозорлари ҳамда меҳнат унумдорлиги марказига ички ва ташқи хатарларни олдиндан аниқлаш, туман ва шаҳар бозорларини ҳар ҳафта таҳлил қилиш, талаб прогнозини шакллантириш, ҳар чоракда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари балансини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Шу нуқтаи назардан қараганда, ташқи бозорларни кенгайтириш ва ички нарх барқарорлигини таъминлаш иқтисодий ўсишнинг бир-бирига боғлиқ икки устунидир. Агар экспортда янги стратегиялар йўлга қўйилса ва ички бозорда тартиб сақланса, иқтисодий ривожланиш барқарор бўлади.
Нарх барқарорлиги ва даромад
Йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳаси алоҳида эътиборга олинди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ички нарх барқарорлиги ва аҳоли даромадларини таъминлашда қишлоқ хўжалиги стратегик аҳамиятга эга. Нархларнинг кескин кўтарилиши иқтисодий кўрсаткичларга таъсир қилиб, ижтимоий барқарорлик ва аҳоли ишончини ҳам синайди.
Гўштда импортга қарамликни қисқартириш учун озуқа базасини мустаҳкамлаш масаласи алоҳида тилга олинди. Муборак туманида 5 минг гектар ер фойдаланишга киритилиб, маккажўхори экиш бошлангани намуна сифатида келтирилди. Жорий йилда эса қўшимча 60 минг гектарда шу ишлар ташкил этилиши лозимлиги кўрсатилди. Бу орқали қўшимча 350 минг чорва учун кафолатланган озуқа базаси яратилади.
Бу жараён фақат экин майдонини кенгайтириш эмас, балки иқтисодий барқарорлик пойдеворини мустаҳкамлашга қаратилган ҳаракатдир. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳар бир гектар, ҳар бир тонна маҳсулот фақатгина ҳосил эмас, у орқали аҳоли даромади ва импортни қисқартириш имконияти ҳам яратилади. Шу нуқтаи назардан, озуқа базасини кенгайтириш ички иқтисодиёт, нарх ва таъминот мувозанатини қуришни таъминлайдиган инструментдир.
Шунингдек, картошка маҳсулоти мисоли ҳам аҳамиятлидир. Ўтган йили 772 минг тонна картошка импорт қилинган бўлса, жорий йилда 4,5 миллион тонна ҳосил олиш вазифаси қўйилди. Бу импортга қарамликни қисқартириш, ички бозорда нархларни барқарорлаштириш ва аҳолига арзон маҳсулот тақдим этишга қаратилган комплекс чорадир.
Бир сўз билан айтганда, юртимиз иқтисодий сиёсати энди фақат ҳажм ва кўрсаткичларни оширишга эмас, тизимни барқарорлаштириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва қўшилган қиймат яратишга қаратилган стратегик йўналишга ўтмоқда. Йиғилишда таъкидланганидек, иқтисодий ўсишнинг сифати ва давомийлиги бошқарувнинг самарадорлигига, ички ва ташқи бозорлардаги мувозанатга, энергия ва меҳнат унумдорлигига боғлиқ. Ташқи инвестициялар ва янги бозорлар иқтисодий диверсификацияни таъминласа, ички нарх барқарорлик, маҳаллий маҳсулотлар улуши ва энергия самарадорлиги барқарор ўсишнинг мустаҳкам пойдеворини яратади.
Қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизматлар соҳасидаги стратегик чоралар кўрсатадики, иқтисодиёт нафақат кўпроқ ишлаб чиқаришни, балки ҳар бир ресурсдан максимал қиймат олишни мақсад қилади. Маҳаллийлаштириш, энергия тежаш, рақамлаштириш ва инновациялар жорий этилиши иқтисодий тизимнинг самарадорлигини оширади, ташқи бозорлар билан рақобатбардош позицияларни мустаҳкамлайди.
Шу боис, мамлакатнинг иқтисодий ўсиши эндиликда оддий статистика эмас, балки стратегик онг ва тизимли мувозанат натижасидир. Барқарор иқтисодиёт ялпи ички маҳсулот ҳажми, ресурслардан оқилона фойдаланиш, сифатли бошқарув ва узоқ муддатли барқарорликнинг бирлашган ифодасидир. Умуман олганда, келажакдаги иқтисодий муваффақиятлар экспортни кенгайтириш ва ички бозорни тартибга солиш, самарали бошқарув, инновациялар ва қўшилган қиймат яратиш орқали шаклланади.
Сардор ТОЛЛИБОЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири