Тошкент вилоятида жорий йил бошидан буён 1200 дан зиёд ёшнинг ҳар бирига 20 сотихдан 50 сотихгача ер ажратилдиБиргина Бекобод туманида ишсиз ёшларга ажратилиши режалаштирилган ер 749,5 гектардан иборат эди. Ер оладиган ёшлар эса 1435 нафар бўлиб, уларнинг ҳар бирига ўртача 0,50 сотихдан ер тегди.

Сўнгги йилларда кафтдеккина ердан оқилона фойдаланиб, салмоқли даромад олаётган ёшлар кўп. Бу борада улар тажрибали деҳқонлардан ҳам ўзиб кетишмоқда. Қандай қилиб дейсизми?

Иштиёқ ва ҳавас бўлса...

Бекобод туманининг Гулистон маҳалласида яшовчи Абдумухтор Зокиров сўзларини эшитсангиз, бунга ўзингиз амин бўласиз. Унинг айтишича, ердан мўмай даромад олиш учун ерга ўз вақтида тўғри ишлов берилса, деҳқонлардан маслаҳат олиниб, ҳалол иш қилинса, ер инсонлардан инъомини аямайди.

— Жорий йилнинг эрта баҳорида 10 сотих ер майдонини 10 йил муддатга фойдаланишим учун беришди, — дейди Абдумухтор. — Бақлажон экдик. Айни кунгача уч марта ҳосил узиб, бозорга олиб чиқдик. Яна тўрт марта ҳосил териб олишни режа қилганмиз. Худо хоҳласа, бу йилги соф даромадимиз 40 миллион сўм атрофида бўлади.

Дарҳақиқат, ёзнинг айни пишиқчилик мавсумида фурсатни бой бермай, экин ерининг ҳар қаричидан унумли фойдаланилса, рўзғор бут, дастурхон тўкинлиги таъминланади. Бунинг учун кишида меҳнатга иштиёқ ва ҳавас бўлса, кифоя.

30 ёшни қарши олган Абдумухтор гурунг орасида бақлажон етиштириш борасидаги тажрибаси билан ҳам ўртоқлашди. Қаранг, қисқа фурсатда у ўқиб, изланиб, уста деҳқонга айланибди.

— Бақалажон экиш учун, биринчи навбатда, ер майдони яхшилаб тозаланади. Сўнгра 10 сотих ерга бир ярим, икки тонна гўнг солинади, 20-25 сантиметр чуқурликда юмшатилади ва эгат олинади. Биринчи ишлов бериш кўчатлар тўлиқ тутиб олгач, бошланади. Эгат ичи, пушта ва қатордаги кўчатлар ораси тупроғи юмшатилади. Биринчи парваришдан ўн беш кунлар ўтгач, иккинчи сув берилади. Кейин яна бир бор чопиқ қилиниб, бегона ўтлардан тозаланади, юмшатилади ва тупроқ кўчатнинг атрофига босилади. Бақлажон ўсимлиги яхши ривожланиб, мўл ҳосил бериши учун илдизи жойлашган қатлам ҳаво билан таъминланган бўлиши керак. Бунинг учун сув эгат оралатиб қўйилгани маъқул, — дейди ёш деҳқон.

Туганмас хазина

Абдумухтор Зокировнинг ер билан тиллашишида раҳматли отасининг меҳнатлари сингган. 7 фарзанднинг кенжаси бўлган Абдумухтор тракторчи бўлиб ишлаган отасининг ёнида кўп юргани учун дала ҳадисини яхшигина ўрганиб олди. Отасининг “Болам, томорқа туганмас хазина, ерни азиз билсанг, ризқинг ҳамиша бутун бўлади”, деган гапларини бот-бот эслаб туради. Аёли Барчиной ҳам унга кўмакчи. Москва давлат университетини имтиёзли тамомлаб, давлат иши ва томорқачиликни бирдай олиб бораётган бу йигитнинг келажакдаги ниятлари жуда улкан. Бир ўғил ва бир қизининг бахтли ҳаёти пойдеворини ҳозирданоқ мустаҳкам қўйиш учун шайланган Абдумухтор меҳнатдан қочмайди. Доноларимиз айтганидек, меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик.

— Сўнгги йилларда ёшларга ер ажратиб бериш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар кечмоқда, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Миразиз Мирсултонов. — Вилоятимизда ҳам 18-30 ёшгача бўлган йигит-қизларни иш билан таъминлаш соҳасида кўп иш қилиняпти. Ёшлар, асосан, агрокластерлар, балиқчилик, асаларичилик, паррандачилик соҳалари, томорқачилик ва иссиқхона хўжаликларига ишга жойлаштириляпти. “Ёшлар дафтари” эса мавжуд муаммоларни ўрганиш, ёшлар таклифларини қўллаб-қувватлаш борасида самарали тизимга айланди. Айниқса, тармоқларда кўплаб ёшларнинг бандлиги таъминланяпти. Уларнинг мавсумда етиштирган ҳосилдан топаётган даромади ҳам чакки эмас. Жорий йилнинг эрта баҳорида вилоятимиз ёшлари учун ажратиб берилган томорқа ерлари бугун баракали ҳосил беряпти. Меҳнат қилган одам элда кам бўлмас, деган мақолнинг исботини ёшлар ҳаёти мисолида кузатишимиз мумкин.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири