23 ноябрь куни Парижда Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид иккита — Араб дунёси институтида "Самарқандга йўл, ипак ва олтин мўъжизалари" номли ҳамда Лувр музейида "Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида", деб номланган йирик кўргазма очилади.
Луврдаги кўргазма илмий куратори Рокко Ранте мазкур кўргазмалардан кўзланган мақсад ҳақида сўзлаб берди.
"Ушбу кўргазма ўз олдига иккита асосий мақсадни қўйган. Биринчидан, Европада Марказий Осиё цивилизацияси ва маданиятини кўрсатиш. Париж, албатта, бу борада етакчи шаҳар. Чунки Лувр каби етакчи музейлар шу ерда жойлашган. Шунингдек, бу ерда араб дунёси маданияти ҳам яхши акс эттирилади.
Иккинчи мақсад. Шуни ҳисобга олиш керакки, Марказий Осиё тарихи Евроосиё тарихи билан жуда чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун ҳам Марказий Осиё ва Европа мамлакатлари ўртасида умумий тарихий воқеалар кўп.
Қолаверса, кўргазма Европа ва Франция жамияти учун Марказий Осиёни яхшироқ билиш учун илмий аҳамиятга эга. Зотан, Марказий Осиё маданияти муҳим тарихий шахсларга бойлиги билан алоҳида ўрин тутади", дея таъкидлади у.