Қайд этилишича, Бу ҳақда Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазирлиги Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказилган Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмасини ошириш бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши якунида маълум қилинган.
“Ўтган йили кичик қувватли атом станцияси қурилишига старт берилган эди. Бу йил эса давлат раҳбарлари лойиҳани қайта шакллантириб, катта қувватли икки блокли станция ва кичик қувватли икки блокли станция қуришга келишиб олди”, — дейилади вазирлик хабарида.
Апрель ойи охирида “Росатом” раҳбари Алексей Лихачев журналистларга давлат корпорацияси бир йил ичида ёки ундан олдинроқ Ўзбекистондаги кичик АЭС пойдеворини қуйишни режалаштирганини маълум қилган. Ўшанда Лихачев мамлакатда йирик АЭС қуриш имконияти ҳақидаги саволга жавоб берар экан, мамлакат раҳбарияти бундай қарор қабул қилган тақдирда, “Росатом”да “нафақат бу келажак иншоотларнинг кўриниши, балки молиявий схемаси ва максимал маҳаллийлаштириш билан боғлиқ ташкилий масалалар бўйича ҳам таклифлар тайёр бўлишини” таъкидлаган.
Таъкидланишича, Ўзбекистонда кичик АЭС қуриш лойиҳаси “Росатом”нинг хориждаги илк шундай экспорт лойиҳаси ҳисобланади. Томонлар бу борада ўтган йил баҳорда келишиб олишган, кузда эса лойиҳалаш ишлари ва ҳужжатларни ишлаб чиқишни назарда тутувчи протокол имзоланган.
Лойиҳада ҳар бирининг қуввати 55 МВт бўлган олтита реактор қурилиши кўзда тутилган. Қурилиш ишлари жорий йил ёзида бошланиши, АЭС эса 2029—2033 йилларда босқичма-босқич ишга туширилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, лойиҳани Ўзбекистон томони молиялаштириши мўлжалланган, Россия кредити масаласи муҳокама қилинмаган.